Ўзбекистонда дин ва давлат муносабатлари. Дин давлатдан ажратилганми?

0
1216

Давлатчилик муносабатлари шакллана бошлаган даврлардан буён ҳуқуқ ва дин давлат бошқарувида асосий регулятор вазифасини ўтаб келган. Яъни диний тартиб тамойиллар ва ҳуқуқий нормалар инсон учун нима қилиш мумкин ва мумкин эмаслиги тўғрисида аниқ чегара белгилаган. Бугунги мақолада тарихчи Жаҳонгир Остонов дин ва давлат муносабатлари, диннинг давлатдан ажратилганлик присиплари ва дунё ва Ўзбекистон тажрибаси ҳақида фикр юритади.

Европада демократик ғоялар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши билан асосий регулятор вазифасини диний тартиб-қоидалар ўрнига ҳуқуқий тартиб-қоидалар эгаллай бошлади. Шу вазият орқали Ғарбда давлат ва дин ўртасидаги муносабатларда парда тортилиш жараёни бошланган дейиш мумкин.

1787 йилда Америка Қўшма Штатларида Конституция ва 1791 йилда биринчи тузатиш қабул қилиниши билан давлат ва диний муносабатларнинг янги (илгари мавжуд бўлмаган) модели пайдо бўлди. Диний ташкилотлар вужудга келди. Шундай қилиб, биринчи тузатишда айтилишича: Конгресс динни ўрнатиш ёки уни эркин амалга оширишни тақиқловчи, сўз ёки матбуот эркинлигини ёки одамларнинг тинч йиғилиш ва ҳукуматга мурожаат қилиш ҳуқуқини чеклайдиган ҳеч қандай қонун қабул қилмайди. Ушбу матн диний эркинликка оид бир қанча муҳим қоидаларни ўз ичига олади, хусусан:

1) шахсий эътиқод эркинлигининг конституциявий кафолати;

2) турли диний оқимлар мавжуд жамиятда диннинг ҳаётийлиги.

Америка моделининг ўзига хос хусусияти, юқорида айтиб ўтганимиздек, кўп сонли конфессияларнинг мавжудлиги. Америка Қўшма Штатларидаги энг йирик насроний конфессиялари анъанавий равишда: Рим-католик черкови, Жанубий баптистлар конвенцияси, Бирлашган методистлар черкови, Исо Масиҳнинг охирги замон авлиёлари черкови (мормонлар), Масиҳдаги Худо черкови ва бошқалар.

Америкада православлик православ черкови томонидан ифодаланади. Бундан ташқари, Қўшма Штатларда давлат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланадиган динлар йўқ. Қўшма Штатлардаги диний ташкилотлар хайрия ташкилотларига жуда ўхшаш ташкилий ва ҳуқуқий мақомга эга. Шунинг учун ҳокимият маълум даражада барча динларни қўллаб-қувватлайди. АҚШда диний гуруҳлар солиқ тўламайди. Ҳарбийлар бир нечта диний ташкилотлар учун руҳонийларни қўллаб-қувватлайди. Президентлар ва бошқа сиёсий раҳбарлар кўпинча Америка халқига барака сўраб Худога мурожаат қилишади. Диний жиҳатдан жанг қилиш тақиқланганлар бошқа хизмат турини танлашлари мумкин ва ҳарбий бўлмайди. Руҳонийларга бюджетдан маош тўланмайди.

Хўш бу жараён Францияда қандай ташкил этилган? Мазкур саволга ҳам жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Франция Европадаги диний эътиқод қилувчилар кўлами умумий аҳоли сонига нисбатан кам фоиз кўрсаткичига эга мамлакат саналади. Хусусан, мазкур давлатда атеистлар сони 55,2 фоизни, христианлар 28,6 фоизни, мусулмонлар 7,9 фоизни, яҳудийлар 5,8 фоизни ва бошқа дин вакиллари эса 2,5 фоизни ташкил этади.

Франциядаги дунёвий давлат асослари бир асрдан ортиқ тарихга эга, хусусан, 1905 йил 9 декабрда қабул қилинган қарор 2 моддасида: “Республика ҳеч қандай динни тан олмайди, уларга пул тўламайди ва субсидия ажратмайди. Шунга кўра, ушбу Қонун кучга киргандан сўнг 1 январдан бошлаб дин билан боғлиқ барча харажатлар давлат, идоралар ва коммуналар бюджетидан чиқарилиши керак. Бироқ, бюджет харажатлари руҳонийнинг хизматларини ва мактаблар, коллежлар, касалхоналар, болалар уйлари ва қамоқхоналар каби давлат муассасаларида бепул диний эътиқодни таъминлашни ўз ичига олиши мумкин. 3-моддада назарда тутилган қоидаларни ҳисобга олган ҳолда давлат дин институтлари тугатилади”.

Дунёвийлик масаласида қабул қилинган яна бир қадам сифатида 2004 йилда қабул қилинган (№ 2004—228) диний рамз ва кийимларни мактабларда кийиш ва олиб юришни таъқиқлаш тўғрисидаги қонунни айтиб ўтиш мумкин. 2011 йилга келиб, кўчаларда диний амалларни бажаришни таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, мазкур қарор келтириш мумкин бўлган норозилик кайфиятини олдини олиш мақсадида давлат 2 минг км2 майдонга тенг жойларни ижарага бериш тартибини жорий этди.

Бугунги кунда Францияда ушбу соҳада олиб борилаётган сиёсат ҳақида давлат ва дин икки паралелл йўналишда фаолият олиб борувчи тузилмалар деб хулоса қилиш мумкин. Лекин қабул қилинаётган нормалар доим ҳам маҳаллий аҳоли томонидан ижобий қабул қилинмаслиги ҳам бор гап (мисол учун Самуэль Пати билан боғлиқ воқеалар).

Энди Ўзбекистонда дин ва давлат ўртасидаги муносабатлар ҳақида тўхталиб ўтсак, ХХ асрдаги Ўзбекистон тарихида 80 йиллардаги диний вазият ниҳоятда кескин тус олганлиги барчамизга маълум. 1991 йилга келиб, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, ўзга соҳалар қатори диний соҳада ҳам маълум вазиятни тартибга солувчи инструментлар яратилишига эҳтиёж юзага келди.

Бунга асосий сабаб сифатида, ХХ аср 90 йилларида авж олган диний тарқоқлик ва турли қарашдаги диний оқимларнинг таъсири авж олиши деб айтиш мумкин.

Шу мақсадларни ўзида ифода этган ҳуқуқий асослар сифатида ЎзР Конститутциясининг 61-моддасида: “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди” деб белгиланган. Шу билан бирга, Конститутциянинг 18, 31, 48 ва 57 моддаларида ҳам давлат ва дин муносабатларида Ўзбекистон сиёсатининг мазмунини очиб берадиган нормалар акс этган.

Диннинг давлат ишларидан ажратилганлиги тамойили давлат томонидан диний ташкилотларнинг ички фаолиятига аралашмасликни англатади. Бироқ бу диний ташкилотларнинг фаолиятига қонуннинг дахли йўқ дегани эмас. Диний ташкилотларнинг аъзолари айни пайтда ўз давлатининг фуқаролари ҳам ҳисобланади ва улар Конституциямизнинг 48-моддасига кўра: “… Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”. Мазкур моддада белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида  1992 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этилган. Ташкилот ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъий назар тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Соҳани тартибга солувчи асосий Қонун вазифасини “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳисобланиб, у бугунги кунга қадар 3 бора қабул қилинган. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида, унда маълум моддалар давлат-дин ўртасидаги муносабатларни тўла ифода этмаганлигидадир. Хусусан, 1998 йил 1 майда қабул қилинган Қонун 23 моддадан иборат бўлган бўлса, 2021 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги қонун лойиҳасидаги моддалар сони 35 тани ташкил этади.

Сўнгги қабул қилинган Қонун бевосита Глобал жалб этиш институти президенти Ж.Чен (АҚШ), БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ва бошқа бир қанча экспертлар тавсиялари асосида қайта ишлаб чиқилган. Бунинг натижаси сифатида Ўзбекистон АҚШнинг “Махсус кузатув остидаги давлатлар рўйхатидан чиқарилиши бўлди”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда ўрнатилган. Бундан ташқари, давлат диний ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб, турли динлар ва конфессиялар ўртасида воситачи ролини ўйнайди ва уларнинг бағрикенглик тамойилларига риоя этишларини назорат қилиб боради. Бу борада давлатнинг роли нақадар муҳимлиги бугунимиз айтиб турибди.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг