Диний ихтилофлар жамият учун нима беради?

0
1154
Фото: Ортиқхўжа Норов

Одамлар ўртасидаги турли ихтилофлар ҳамда низоларга аксарият ҳолларда миллий, диний ёки тил билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви каби воқеалар сабаб бўлаётгани тарихдан ва бугунги кунимиздан ҳам маълум.

Афсуски, кўпинча бундай низолар асл моҳиятдан узоқлашилганда, яъни дин ёки динлар моҳиятини тушунмаслик, айрим миллатчи шахс ёки гуруҳларга эргашиш оқибатида кўпроқ юз беради.

Диний, миллий ёки бошқа даъволар билан қарама-қаршилик давр нуқтаи назаридан ўтмишга қанча узоқроқ борилса ва моҳият нуқтаи назаридан қанча чуқурроқ таҳлил қилинса, даъволарнинг моҳияти камайиб, пасайиб бораверади.

Масалан, бир миллат ёки тилга устунлик беришни даъво қилаётган инсоннинг бир неча асрлик аждодлари тарихини суриштирсангиз, аслида бу инсон ўзи даъво қилаётган миллат ёки тилга бегона бўлиб чиқиши ҳам мумкин.

Шунинг учун ҳам бу борада бағрикенгликни тарғиб қилиш учун тарихга, динлар, миллатлар, давлатларнинг келиб чиқишига эътибор бериш лозим бўлади.

Биринчи ҳолат

Университетда биринчи босқичда ўқиб юрган давримизда бир устозимизнинг атеист экани ҳақида хабар тарқалди ва табиийки, бу талабалар ўртасида анча шов-шув бўлди. Бир дарсда курсдошимиздан бири устоз билан бу ҳақда баҳслашишга журъат қилди. Устоз эътиқод шахсий масала экани, дарсга бу мавзунинг умуман алоқаси йўқлигини айтиб, бу ҳақда гапиришни қатъий рад этди. Аммо курсдошимиз бу гапдан қониқмади ва эслатиш унинг бурчи экани, охират ҳақида гапни давом эттириб, баҳсга янада жиддий тус бера бошлади. Шунда, устоз ундан шариатни қанчалик билиши, Қуръонни ўқиган ёки ўқимаганини сўради. У эса дин масаласида баҳслашишга ақли етишини айтди.

Устоз курсдошимиздан 115-сура ҳақида гапириб беришни сўради. Курсдошимиз бўш келмади ва бу сура мазмунини айнан айтиб беролмаса-да, лекин у савоб ва гуноҳ ҳақидалигини айтди.

Устоз қисқароқ қилиб, Қуръонда 114 та сура борлигини айтди. Шу билан баҳс тугади ва дарс давом этди.

Иккинчи ҳолат

Бир ҳамкасбимиз билан Россияда хизмат сафарида бўлганимизда, Ўзбекистонда ҳеч қачон бўлмаган ҳамкорларимиздан бири бироз қизиққонроқ чиқиб қолди. Бир куни сафар давомида ҳамкасбим Ўзбекистон халқининг аксарияти мусулмон экани, мусулмончилик, Ислом нималиги ҳақида тўхтамасдан гапира бошлади. Тўғриси, ғайридинга биринчи суҳбатдаёқ дин ҳақида бу қадар кўп гапириш бироз ноқулай туюлди. Ҳамкор мавзу ҳали узоқ чўзилади, деб ўйлади шекилли, гап ўртасида Қуръонни ўқиган ёки ўқимаганини, уни тушуниш ёки тушунмаслигини сўраб қолди. Ҳамкасбимнинг “йўқ” деган жавобидан кейин гап бошқа мавзуга ўзгарди.

Жамиятимизда сўнгги йилларда ўзидан бошқанинг фикрига тоқатсизлик кайфияти бироз кучайгандек, назаримда. Бу айниқса, диний масалаларда кўпроқ кўзга ташланмоқда. Бошқаларнинг унга ўхшаб фикрлаши лозимлиги ва унинг гапираётгани ёки қилаётган амали тўғри эканига ишончи комилдек. Аслида тоқатсизлик эмас, мулоқот ва муҳокама натижасида тўғри фикр шаклланиши керак эмасми ёки ҳар бир соҳа, ҳар бир мавзунинг мутахассиси бўлиши ва гапиришга ўшалар кўпроқ маънавий ҳақдор эмасми?

Мозийга назар

1903 йилда Самарқандда ташкил этилган жадид мактаби учун Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз ҳовлисини беради, бундан бир тийин манфаат кўрмайди, мақсади дин ва миллатга хизмат қилиш эди (“Самарқанд мактаби ҳақинда” мақоласи, Туркистон вилоятининг газети” газетаси, 1918 йил, 30 январь ва 2 февраль сонлари). Аммо шаҳарнинг қози, мударрис ва бойлари мактабни кўрмаган, билмаган ҳолда тош отиб, “бидъат … нарсалар бор” деб ҳар хил бўлмағур гап-сўзларни тарқатади. Буҳбудийнинг мактабни келиб кўриб, агар тўғри иш қилинаётган бўлса, уни янада ривожлантириш учун таклиф бериш, агар нотўғри бўлса, далиллар билан исботлаш ҳақидаги хати эса жавобсиз қолдирилади.

Ваҳоланки, Беҳбудий диний билимларни эгаллаган, ҳаж амалини бажарган, кенг дунёқарашга эга муфтий эди.

Бу каби тоқатсизлик, ихтилофлар жамият ва давлатга қандай оқибатлар олиб келгани яқин ва узоқ тарихдан яхши маълум. Шунинг учун бугунги ўзгаришлар, фикрлар эркинлиги даврида миллий, диний ёки тил билан боғлиқ масалаларда ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, мулоқот ва соғлом баҳс муҳим қоидага айланиши керак.

Ортиқхўжа Норов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг