Ислом динига кўра, Аллоҳ инсонни Ўзи яратган барча жонзотлардан афзал қилган. Аллоҳ одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйиб, ҳатто фаришталарини ҳам Одамга таъзим қилишга буюрар экан, Қуръони карим орқали бундай дейди:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” .
Ҳадисларнинг шарҳида шундай дейилади, яъни “Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса, нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафсу шаҳват фақат нафсни қондириш, шаҳвоний ҳирсни қониқтиришга ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳу маъсият ишларидан қайтмасликка бошлайди.
Бинобарин, агар инсоннинг ақли нафсу шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади. Аммо, бордию нафсу шаҳвати ақлидан ғолиб келиб, уларнинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у ҳайвонлардан ҳам паст мартабада қолган бўлади.
Юқоридаги оят ва ҳадислар нафақат мусулмонларга, балки барча инсонларга қаратилган бўлиб, чунки у ердаги мурожаат одам зотига қилинган.
Материал ушбу манбадан олиб тайёрланди.
Илҳомиддин Алимов