Бағрикенглик фақат диний масалалар билан боғлиқми?

0
1120
Очик ресурслардан олинган сурат

Ҳар қандай давлатнинг ривожланиш жараёнларига кўмаклашиш ёки ривожланган даражасини сақлаб қолишни таъминлашда жамиятдаги бағрикенглик масаласи муҳим роль ўйнайди.

Бағрикенглик давлатни мустаҳкамлашга, жамиятни бирлаштиришга хизмат қилиши, тоқатсизлик эса қандай оқибатлар олиб келиши ҳақида аввалги мақолаларда сўз юритилган эди.

Ушбу мақола орқали бағрикенглик тушунчаси турли давлатларда қандай қабул қилиниши ҳақида фикр юритамиз.

Хулосалар холис ва асосли бўлиши учун Польша, Латвия, Қирғизистон, Тожикистондан экспертлар фикрларини олинди ва Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар орқали аноним сўровнома ўтказилди.

Экспертларга мурожаатимиз ва сўровнома марказида одамлар бағрикенгликни қандай тушуниши, уни фақат диний масалалар билан боғлаши ёки боғламаслиги ҳамда бағрикенглик нималарда кўзга ташланиши ёки унга қандай омиллар халақит бериши каби саволлар қўйилди.

Польшада:

– Сиз яшаётган ҳудудда одамлар бағрикенгликни қандай тушунади?

– Польшада бағрикенглик бошқа этник ва диний гуруҳларни, шунингдек, жинсий озчиликни қабул қилишни англатади. Бироқ, қабул қилишнинг ўз чегаралари бор. Польшада озчилик фикрини қандайдир шаклда мажбурлаш бағрикенглик чегарасини кесиб ўтишнинг бир тури ҳисобланади. Озчилик бўлиши керак, аммо у кўпчилик манфаатларига даҳл қилиши мумкин эмас.

– Маҳаллий аҳоли бағрикенгликни фақат диний масалалар билан боғлайдими?

– Йўқ. Ҳозирги вақтда Польшадаги бағрикенглик кўп жиҳатдан жинсий озчиликни ҳаракатлари билан боғлиқ. Бу сиёсий ва ижтимоий низолар мавзуси. Иккинчи нуқта – мусулмон қатлам. Аҳолининг аксарияти бугунги кунда араб давлатларидан муҳожирларнинг киритилишига қарши. Бу “биз уларга тоқат қиламиз, лекин уларнинг орамизда бўлишини хоҳламаймиз” маъносини англатади.

– Бағрикенглик нималарда кўзга ташланади ёки бағрикенгликка қандай омиллар халақит беради?

– Бағрикенглик, энг аввало, ҳиссиётлар, инсоннинг ижтимоий мавқеи ва характери масаласидир. Унга халақит берадиган омиллар сифатида ҳиссий муаммолар, ўз мавқеидан норозилик, ҳасад, ўз эҳтиёжларини қондира олмасликни келтириш мумкин. Бу умидсизликка, кейин эса бошқа гуруҳларга нисбатан тоқатсизликка олиб келади.

Тожикистонда:

– Сиз яшаётган ҳудудда одамлар бағрикенгликни қандай тушунади?

– Бу атама асосан ғарб мамлакатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлгани учун рус пропагандаси таъсирида баҳолашга одатланган ва шунинг учун фақат салбий маънода.

Агар сўзнинг маъноси ҳақида гапирадиган бўлсак, жамиятдаги ўзгаликка тоқатлилик сифатида тушуниш тўғри бўлади. Бир томондан, одамлар қатор қатлам, масалан, миллий ва диний озчиликларни, ногиронларга ҳурмат билан муносабтда бўлишади.

Бошқа томондан, аёллар ҳуқуқлари, гендер ва ирқий масалалар каби либерал қарашларга нисбатан тоқатсизликни кузатиш ҳам мумкин.

– Маҳаллий аҳоли бағрикенгликни фақат диний масалалар билан боғлайдими?

– Йўқ, лекин дунёда мусулмонларга нисбатан камситилишлар масалалари тез-тез кўтарилади. Бироқ, бу дунёда бағрикенглик масаласига жиддий эътибор беришдан кўра, бошқаларга ўз диний қадриятларига содиқлигини исботлаш усулидир.

– Бағрикенглик нималарда кўзга ташланади ёки бағрикенгликка қандай омиллар халақит беради?

– Катта шаҳарларда яшовчи, 40 ёшгача бўлган одамлар орасида ҳамда бағрикенглик уларнинг ғоялари ва қадриятларига тааллуқли бўлмаган ҳолатларда кўпроқ кўзга ташланади.

Атрофдаги маълумотларнинг етишмаслиги, янги нарсаларни ўрганишни истамаслик, медиа гигиенасига риоя қилмаслик ва Интернетдаги нафрат оҳангидаги чақириқлар бағрикенгликнинг ривожланишига тўсқинлик қилади.

Латвияда:

Бу сўз (муаллиф изоҳи “tolerantia”) латишча эмас, шунинг учун ҳам кўпчилик бу тушунчани асосан салбий маънода қабул қилса керак. Умумийроқ қилиб айтганда, яхши тарбия кўрган киши катта-ю кичикка, бошқа миллат ва динларга ҳурмат билан муносабатда бўлади. Афсуски, нимагадир бундай инсонларни ҳамма ҳам бағрикенг деб атамайди.

Ижтимоий, этник ва диний муносабатлар бағрикенглик сўзидан қадимийроқ бўлса керак. Латвияда атиестлар кўпчиликни ташкил қилгани учун диний масалаларга унчалик ҳам эътибор берилмайди.

Афсуски, охирги вақтларда бу тушунчани жинсий озчиликка муносабат билан боғлаш одат бўлмоқда.

Сўровнома

Шу ўринда, Интернет фойдаланувчиларининг ўзбек тили сегментида бағрикенгликни қандай тушунишини ўрганиш мақсадида учта платформада (Меҳнат мигрантлари/Биз ёнингиздамиз, Qalb nuri, Tarjuman.uz) кичик сўровнома ўтказилди.

Меҳнат мигрантлари/Биз ёнингиздамиз канали кузатувчиларининг 70 фоизи, Qalb nuri каналининг 80 фоизи, Tarjumоn.uz канилининг 94 фоизи бағрикенглик диний, этник, урф-одат ва қадриятлар билан боғлиқ, деган жавобни берган.

Таъкидлаш жоиз, ҳар қандай жамиятда бағрикенглик масаласи давлатнинг ривожланиш жараёнларига кўмаклашиш ёки ривожланган даражасини сақлаб қолишни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Бағрикенглик эса юқорида қайд этилганидек, тарбия, янги нарсаларни ўрганишга интилиш, медиа гигиенаси каби омилларга боғлиқ.

Ортиқхўжа Норов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг