Арман Апостол черкови фаолияти ҳақида

0
1545
Фото: И.Алимов

Ўзбекистонда диний бағрикенглик, турфа фикрлилик, эътиқод эркинлиги мавзусида Арман Апостол черкови руҳонийси Аванес Григорян билан черкови фаолияти ҳақида интервью ўтказдик. Ҳозирги кунда Аванес Григорян Самарқанд ва Тошкент шаҳридаги черковларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

И.Алимов: Сизни тўлиқ исмингиз билан қандай чақирилади?

А.Григорян: Диний рутба бўйича менга “руҳоний ота Ованнес Григорян” дея мурожаат қилишади. Вазифадорлигимга кўра “Арман Апостоллик черкови раҳнамоси ва Ўзбекистондаги барча арманлар руҳонийси (“Настоятель Армянской Апостольской церкви и духовный пастырь всех армян Узбекистана”). Шахсий ҳужжатимдаги исмим Арамаис бўлса-да, лекин қўл берганимиздан сўнг бизга диний исм берилади.

И.Алимов: Динингиз тарихи ҳақида умумий маънода гапириб бера оласизми?

А.Григорян: Сиз “Апостол” нима деб сўрагандингиз. Нима учун “Апостол” дейилади, деб. Исо Масиҳнинг атрофида ҳаворийлари бўлган. Исо Масиҳдан кейин барча ҳаворийлар турли юртларга ҳижрат қилишиб, ваъз-насиҳатлар айтиб юришган ва насронийликни тарқатишган. Шундай ҳаворийлардан икки нафари Матфей ва Варфоломей ҳозирги Арманистон ерларига келишган, ваъз айтишган ва насронийликни тарқатишган. Шунинг учун ҳам черковимиз номига “Апостол” сўзи қўшиб айтилади, яъни  черковимизнинг ташкил этилиши учун мана шу икки ҳаворий сабабчи бўлган.

Гоҳида сиз “Григорян арман черкови” деб эшитиб қолишингиз мумкин, лекин бу хато. Бизнинг черковимиз “Григорян черкови” эмас. Бизнинг черков Апостол черковидир. Чунки дастлабки (мелодий) I асрдаёқ Арманистонда насронийлик мавжуд бўлган. Апостоллар у ерда ваъзлар ўтказишган ва насронийликни тарқатишган. Фақат 301 йилдагина Григорий Просветитель шарафоти билан арманлар насронийликни давлат дини сифатида қабул қилишган.

Фото: И.Алимов

Энди қандай қилиб давлат дини мақомига эришганлигининг тарихи бор. У тарихга кўра, 287 йилда Рим легионлари ҳамроҳлигида Арманистонга келган Трдат отасининг тахтини қайтариб олади ва Григорий насронийликка эътиқод қилгани учун Арташат (Артахат) қудуғига ташлашни буюради. Ўша ерда ўзи ўлиб кетади деб ўйлайди. Григорий қудуқда ташланганидан 14 йил ўтиб подшоҳ Трдат бетоб бўлиб қолади. Ҳеч қайси табиб ва ҳеч ким даволай олмайди. Шундан сўнг, подшоҳ Трдатнинг синглиси уч марта бир хил туш кўради. Ҳар тушида унга акангиз подшоҳ Трдат фақатгина Григорий даволаши мумкин деган самодан нидо келаверади. Синглиси бу туши ҳақида акасига айтиб беради. У одамни биз ҳеч нарса бермай қудуққа ташлаганимизга 14 йил бўлди, хойнаҳой унинг суяклари ҳам қолмагандир, дея кулади Трдат. Синглиси иккинчи марта шундай туш кўрганлигини акасига келиб айтади. Трдат яна ишонмайди ва бу шунчаки туш, инсон 14 йил ҳеч нарса емасдан, ичмасдан яшолмайдику. Қолаверса, у ерда илон ва чаёнлар бўлса, аллақачон еб битиришгандир, деб жавоб беради. Синглиси учинчи марта шу тушни кўрганидан сўнг, акасига айтмасдан ўзи аёнлар билан Григорий ташланган қудуққа боради. Қудуқни устидан тирқиш очиб, Григорийни исмини айтиб чақиради. Қудуқдан эса Григорийни овози келади. Буни қарангки, Григорий шунча йиллар ўтиб тирик бўлади. Қудуқда ўлмай омон қолган Григорий подшоҳ Трдат дардини тузатиш учун унинг дастлаб насронийликни қабул қилиши шартлиги айтади. Трдат насронийликни қабул қилади ва Григорий унинг хаққига дуо қилгач подшоҳ Трдат шифо топади. Шундан сўнг подшоҳ Трдат давлат дини насронийлик бўлиши тўғрисида фармон эълон қилади. 301 йилдан эътиборан бизнинг черковимизни биринчи каталикос Григорий Просветитель бўлади.

Бироқ, унга қадар юқорида таъкидлаб ўтилганидек, икки нафар апостоллар шарофати билан Арманистонда насронийлик дини кириб келиб бўлган эди. Бизнинг черковимиз Апостал черкови ҳисобланиб, насроний черковлари орасидаги энг қадимгиси ва биринчиси ҳисобланади. Арман халқи эса насронийликни давлат дини сифатида қабул қилган энг биринчи халқ саналади. Ҳозирга қадар арман халқи шу динган эътиқод қилиб келади.

Шундан cўнг, Григорийга тунда шарпа кўринади. Унда Исо Масиҳ осмондан тушиб, болға билан ерга уради. Григорий ўша ерда ибодатхонани кўради. Бу ҳикояни Григорий подшоҳга гапириб беради ва иккаласи ўша кўринган жойда ибодатхона қуришни бошлашади. Бу ибодатхона 303 йилда қуриб битказилади. Ўша пайтдан буён Арман Апостол черковининг маркази сифатида мана шу ибодатхона саналади. Бу жойни номи Эйчмадзе деб аталади. Шу шаҳарни номи ҳам Эйчмадзе (Эчмиадзин) деб аталади. Худди Ватикан католик черковининг маркази бўлгани каби, Арман Апостол черковининг маркази сифатида айни шу ибодатхона ҳисобланади.

Бу ибодатхона ҳозирга қадар мавжуд бўлиб, Ереван шаҳридан 20 км узоқроқда жойлашган. Бу жой барча учун очиқ бўлиб, ибодатхонадан ташқари туристлар ташриф буюрадиган манзил ҳам ҳисобланади. У ерда бизни каталикослар, монахлар бўлиб, бош каталикос томонидан дунёдаги барча Арман Апостол черковлари бошқарилади. Бугунги кунда қадимги тарихий ёдгорликларни сақлаб қолган ҳолда, у ерда қайта тиклаш, таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Черковни ичига кирилса, ўша ерда Исо Масиҳ болға билан урган жой мармар тош билан безатиб қўйилганлигини кўриш мумкин. Бу ерда Арман Апостол черковининг олий диний таълим берадиган академияси жойлашган. Ўқиш жараёни 6 йилни ташкил этади. Талабалар 24 соат давомида ўша ерда муқим қолиб ўқишади. Бир ой давомида бир ёки икки маротаба дам олиш куни берилади. Асосий машғулоти фақат ўқиш, таълим олиш бўлиб, дастлабки 4 йил бакалавриат ва қолган 2 йил магистратурада таҳсил олинади.

И.Алимов: Замонавий дунёда Арман Апостол черковларининг сони нечтани ташкил этади?

А.Григорян: Биласизми, Арман Апостол черковлари миқдорини ҳисоби юритилмайди. Уларнинг сони шу қадар кўплигидан, аниқ бир рақамни айтиш қийин. Дунёни қайси қисмида арман халқи бўлса, ўша ерда албатта черков бўлиши керак, деган анъана бор. Тарихдан бир мисол келтирадиган бўлсак, адашмасам, Венгрияда 700 йил давомида мустаҳкам арман жамияти ва Арман Апостол черкови бўлган, кейинчалик ўша черков йўқ бўлгач, 50-60 йил ўтиб, арманлар жамияти ҳам у ерда йўқолиб кетган. Ҳатто биз ҳозир сўзлашаётган арман тили ва алифбосини сақланиб қолишида ҳам Арман Апостол черкови асосий ролни ўйнаб келади. Алифбомиз ҳам черков томонидан яратилган. Бизни алифбомиз 405 йилда тузилган бўлиб, ўзига ҳос мўжизалари бор. Тилимиз бўлган, аммо алифбомиз бўлмаган бир пайтда черков монахларидан бири Месроп Маштоц алифбо тузиб чиққан. Чунки, ўша даврларда арманлар қисман Форсга ва қисман Византияга қарам бўлган ва агар тилимиз бўлиб, алифбомиз бўлмаса, миллат йўқолиб кетади деган фикрга келинган. Сўнгра, у кўп ибодат қилади ва Худо монах Месроп Маштоцга алифбо тузиш учун йўлини очиб беради. Ҳозирги олимлар бизни алифбомиз Менделеев даврий жадвалига ўхшашлиги борлигини ҳам истисно қилишмайди.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Арман алифбоси дунёда ягона ҳисобланадими?

А.Григорян: Ҳа, бизни алифбомиз қадимдан мавжуд бўлиб, ҳозиргача амал қилиб келинади. Юқорида таъкидлаб ўтганимдай, алифбомиздаги мўъжизалар Менделеев даврий жадвалидаги кимёвий элементлар билан боғлиқ. Алифбодаги айрим рақамларни бирлаштирилса, олтин деган сўз келиб чиқади.

И.Алимов: Арман Апостол черкови фан-техника тараққиётига қандай муносабатда?

А.Григорян: Олий диний академияни тамомлаганлар аспирантурани давом эттириш учун дунё бўйлаб тарқалиб, илм ўрганадилар. Черков хизматидаги епископларимизнинг барчаси олий маълумотли бўлиши талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, илм олиш черковнинг пойдевори ҳисобланади. Агар инсон диндор бўлса, демак у ҳар томонлама оқил киши бўлиши керак. У нафақат Инжилни билиши, балки барча дунёвий фанларни ҳам ўзлаштирган бўлиши лозим. Масалан, биз семинарияда ўқиб юрган пайтларимизда психология, мантиқ, хорижий тиллар ва 5 та турдаги тарих, 4 турдаги адабиёт ўргатилган эди.

И.Алимов: Аниқ фанларчи? Улар ҳам ўргатилармиди?

А.Григорян: Албатта ўргатилади.

И.Алимов: Черков қандай машғулот турлари билан шуғулланишни тақиқлайди?

А.Григорян: Инжилга кўра, Худо Одам ва Ҳавони яратганидан сўнг, уларга озодлик-эркинлик, ақл ва маслаҳат, яъни бирор нарсага мажбурламасликни берди. Бизнинг ҳам черковимизда барча тартиб-қоидалар Инжилдан олинган бўлиб, биз ундан оғишмай амал қилиб келамиз. Биз ҳеч кимга бирор нарсани ўзимизча мажбурламаймиз. Инжилдан нима рухсат этилган бўлса, биз ҳам рухсат берамиз. Инжилдан нима таъқиқланган бўлса, биз ҳам ўшани таъқиқлаймиз. Инжил нимани таъқиқлайди? Масалан, инсонни ўлдирмасликни, ёлғончилик қилмасликни, ўғирлик қилмасликни ва ҳ.к. каби умумиинсоний қадриятларга зид келадиган барча ёмон амалларни черков ҳам таъқиқлайди. Ўз навбатида, бутун дунё рухсат берадиган касб-корларга рухсат берилади. Бирор иш билан шуғулланмасликда мана шу қоидага амал қилинади. Кимгадир қаердадир ишламасликка таъқиқ қўйилмайди.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Арман Апостол черковида хизмат қиладиганларга оила қуриш учун рухсат бериладими?

А.Григорян: Бизда иккаласига ҳам рухсат этилади. Ўз йўлини танлаш ихтиёри берилади. Аммо черковда хизмат қилиш учун қўл беришдан олдин, инсонга савол берилади. Қўл бериш маросимига эса, қачонки 6 йиллик диний академиядаги ўқишни тамомлагач, махсус имтиҳондан ўтганидан сўнг етиб келинади. Бизни Эйчмаздеда олий руҳоний епископлар таркибидан иборат кенгашимиз бор. Ўша кенгаш инсонни нафақат ақлий, балки руҳий имкониятларини ҳам имтиҳондан ўтказади. Масалан, киши ақлли бўлиши мумкин, лекин феъл-атвори оғирроқ бўлса, бундай инсонлар черковда хизмат қилолмайди. Шунинг учун ҳам кенгаш томонидан имтиҳон пайтида инсонинг мана шу жиҳатларига асосий эътиборни қаратишади. Шу имтиҳондан мувоффақиятли ўтганидан сўнг, қўл бериш маросимга рухсат берилади. Худди шу маросим пайтида унга савол берилади. “Оила қуришни истайсанми ёки оила қурмасдан зоҳидлик йўлини танлайсанми”, деган мазмундаги савол берилади. Агар киши оила қуришни истаса, у ҳолда унинг мақоми оддий руҳонийликдан юқорига кўтарилмайди. Масалан, мен ўзим оилалиман. Мен оддий руҳонийман ва бир умр шу мақомда қоламан. Яна епископ, архиепископ, монах бўлишни истаганлар бўлиб, уларга оила қуриш учун руҳсат берилмайди. Мендан ҳам имтиҳон пайтида сўрашганида, оила қуришни исташимни айтганман. Кейин менга оила қуриб келишимни, сўнгра қўл бериш маросимида қатнашишимни айтишган. Агар киши оила қуришни истамаса, фақат Худога, черковга, халқига хизмат қилишни истаса, унга қўл бериш маросимга ўша пайтни ўзида руҳсат берилади ва у зоҳидлик хаётига киришади. Оилали киши тирикчилик ташвиши каби турмуш билан боғлиқ машғулотлари кўпроқ вақт ва эътибор талаб этганлиги боис, черковга, Худога хизмат кўрсатиши мушкул бўлади.

И.Алимов: Аёллар черковларингизда руҳоний, епископ сифатида хизмат қилиши мумкинми?

А.Григорян: Йўқ. Бизда аёлларни диний раҳнамо бўлиб черковда хизмат қилиши қатъий тақиқланган. Аёллар, агар Худога хизмат қилишни истасалар, улар учун алоҳида монастирлар бор. Бироқ, уларга қўл бериш, расмий диний лавозим ёки юқори мартабали диний вазифалар юклатилмайди. Уларга ибодатхона, черковда бемалол ибодат қилиш ҳуқуқи берилади. Черков хизматчилари учун кийим-кечаклар тикиши, ибодатхоналардаги мусиқий асбобларда соз чалиш орқали Худога хизмат қиладилар.Улар черковларда 24 соат давомида қолишиб, у ерда ибодат ва аънанавий маросимларни бажарадилар. Бўш пайтларида эса чекровга, ибодатхонага турли юмушларда ёрдам беришади.

И.Алимов: Ибодатхонада хизмат қилувчи роҳиба аёлларга турмушга  чиқиш учун рухсат бериладими?

А.Григорян: Аёлларни эрки ўзида. Агар истаса турмуш қуриши мумкин. Фақат доимий равишда роҳиба сифатида монастирда қололмайди. Масалан, кимгадир муҳаббат қўйса ёки яна бошқа бир сабаб билан турмушга чиқмоқчи бўлса, у ҳолда унга рухсат берилади. Бироқ, бундай холатлар жуда ҳам кам кузатилади. Гоҳида 1000 тадан битта ҳолатларда бўлиши мумкин. Чунки, монастирга ўзини бахшида этган аёл бор меҳр-муҳаббатини Худога бағишлайди.

И.Алимов: Бошқа насронийлик черковлари билан орасида фарқлар нимадан иборат?

А.Григорян: Бу саволингизга жавоб бериш жуда узоқ вақт ва кўп маълумот талаб этади. Чунки, жавоблар орасида асосан диний аънаналар, догмалар билан боғлиқ майда деталларга тўхталиш талаб этилади. Умуман эса, барчаси бир мақсадни кўзлайди. Энг асосий жиҳатлари бўйича бир хил деса ҳам бўлади. Менга шу савол берилганда доим манабу мисолни айтаман. Масалан, бир киши манзилига етиб олиши учун бир йўлни танласа, иккинчи киши ўша манзилга етиб олиш учун бошқа бир йўлни танлайди. Қисқача қилиб айтганда, худди тарзда черковларимиз орасидаги фарқни англатиш мумкин.

И.Алимов: Бугун Ўзбекистонда нечта Арман Апостол черкови мажуд?

А.Григорян: Иккита черковимиз бор. Биттаси Самарқанддаги тарихий эски черков бўлиб, 1903 йилда қурилган, иккинчиси эса Тошкентдаги мана шу черков. Самарқандаги  “Муқаддас Худонинг онаси черкови” (“Церковь Святой Богородицы”) номи билан аталади. Тошкентдагиси эса апостол Филлип шарафига “Авлиё Апостол Филлип черкови” деб аталади.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Тошкентдаги черковга ташриф буюрувчиларнинг ҳисоби юритиладими?

А.Григорян: Аниқ бир сон айтиб бўлмайди. Инсонларни черковга келишига ҳатто об-ҳаво ҳам таъсир қилади. Агар байрам пайти бўлса, битта рақам, байрам бўлмаган пайтлари бошқа бир рақам, агар яхши об-ҳаво ва байрам пайтига тўғри келса яна бошқа рақам, аксинча об-ҳаво яхши бўлмаса бошқа бир рақам келиб чиққани учун, аниқ бир сонни айтиб бўлмайди. Қўшимчасига, шундай инсонлар борки литургия пайтини кутиб ўтирмай ташриф буюришади. Кимдир ибодат қилгиси келса, исталган пайт келиб амалини бажариб кетадиганлар бўлади. Шу туфайли ҳам бирор бир рақамни айтиш осон эмас. Хулоса қилиб айтганда, агар киши армани бўлса, у черковга келади.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Сизларда жамоавий ибодатлар хафтанинг қайси куни бўлиб ўтади?

А.Григорян: Якшанба куни литургия бўлиб ўтади. Қолган кунлари эса тонги ва кечки ибодатлар бўлиб туради. Биласизми, бу ерда яна бир нюанс бор. Мен иккита черков учун хизмат қиламан. Самарқанддаги черков билан Тошкентдаги черковда ҳар якшанба алмашиб литургия ўтказишимга тўғри келади.

И.Алимов: Айтмоқчисизки, хафтанинг битта якшанбасида Самарқандда бўлсангиз, кейингисида Тошкентдаги черковда бўлишингиз керак бўлади, шундайми?

А.Григорян: Ҳа. Шунингдек, мен бутун Ўзбекистон учун ягона руҳоний бўлганим учун черков бўлмаган жойларга ҳам бориб хизмат қилишимга тўғри келади. Масалан, инсон вафот этганида, поклаш маросимига ёки яна кимдир ёш боласини чўқинтириш учун таклиф қилади. Гарчи чўқинтириш маросими черковда амалга оширилиши лозим бўлса-да, лекин айримлар черков бўлмаган олис ҳудудларда яшашади. Айталик, Бухорода ёш чақалоқ туғилган бўлса, гўдак билан 600 км Тошкентга бориб келиши машаққат келтириб чиқаради. Ёки кимдир касалманд бўлиб, черковга келишга имконияти бўлмаса, чўқинтириш хизматини амалга ошириш учун ўша жойига чиқишга тўғри келади. Гоҳида эса тез-тез қўшни Қозоғистон Республикасига ҳам таклиф этиб туришади. Имконияти борлар эса черковга қатнайверади.

И.Алимов: Сафарларда кўп бўлар экансиз, бу оилага вақт ажратиш учун халақит қилмайдими?

А.Григорян: Биз оиламиз билан хизмат қиламиз. Менга “руҳоний она” доим ҳамроҳлик қилади. Бизда диний хизматчиларнинг рафиқаси черков тили билан “руҳоний она” (матушка) деб аталади. Аёлим, касби бўйича “хор мастер”, вокалист. Литургия пайтида мусиқий хор жамоасига раҳбарлик қилади. Шу масалада ёрдам кўрсатиб келади. Биз оиламиз билан Самарқанд ва Тошкент орасида мунтазам сафарда бўлишимизга тўғри келади. Албатта, жисмонан бу оғир бўлиши мумкин, лекин руҳий жиҳатдан бизга жуда ёқимли ҳисобланади. Бизнинг олти ярим ёшли ўғил фарзандимиз ҳам бор ва у ҳам черков либосларини кийиб, диний маросимлар пайтида сув узатиб, бошқа кичик ишларда ёрдам бериб туради. Хуллас, биз оиламиз билан Худога, черковга, халққа хизмат қилиб келамиз.

И.Алимов: Гарчи сўз шахсий хаёт ва оила ҳақида очилган экан. Айтингчи, ўзингизни черков хизматига келиб қолишингиз тарихи қандай бўлган?

А.Григорян: Биласизми, менга бу саволни кўп беришади. Ҳали мактабни 3-синфида ўқиб юрган кезларимдаёқ шу қарорга келганман. Мен 4-синфда черковга қатнаб, хизмат қилиб юрардим. Литургия пайтлари шағам ушлаб турардим. Руҳонийга ўша ерда майда юмушларда ёрдам бериб юрардим. Мени бу хизматга Худони ўзи таклиф этган деб айтаман. Аслида ёш болаларни ҳаммаси “мен фалончи бўламан” дея қатъий қарор чиқара олмайди. Мактабнинг 3-синфида ўқиб юрган пайтларимда черков ҳаёти мен учун жуда ёқимли туюлган эди. Гарчи шундай инсон бўламан деб аниқ мўлжалимни олмаган бўлсам-да, аммо қалбимда тил билан тушунтириб беролмайдиган даражадаги ёқимли туйғуни ҳис этардим. Ота-онам эса оддий инсонлар бўлишган. Отам ҳайдовчи, онам уй бекаси. Оиламизда бирор киши руҳоний сифатида черков хизматчиси бўлмаган. Оиламизда мен черковга хизмат қилаётган ягона инсонман. Отам, 10-синфга ўтганимдан сўнг ўз йўлимни танлаш учун маслаҳат берган эди. Қайси соҳа вакили бўлишимни бемалол ўйлаб кўриб, кейин қарор қилишимни сўраганди. Мен қанча ўйласам ҳам, фақат черковга хизмат қилиш йўлини танлаганим ҳақида аллақачон қатъий қарорга келагимни отамга айтган эдим. Отам бу қароримга қарши бормади ва қўллаб-қувватлаб, фақатгина ягона ўғил фарзанд бўлганим учун, уйланиб, зурриётимизни давом эттиришимни илтимос қилди. Черковда хизмат қилмоқчи бўлсам, уйланмайдиган йўналишини танламасликни сўради. Мен бу шартга кўндим ва семинарияни тамомлагач, уйланиб, оила қурдим. Мендан ташқари икки нафар опа-сингилларим бўлса-да, бизда ҳам наслни давом эттирувчи сифатида ўғил фарзанд ҳисобланади.

И.Алимов: Навбатдаги саволим черковнинг моддий таъминоти билан боғлиқ. Айтингчи, черковни сақлаб туриш ва маиший ҳаражатларини қоплаш учун маблағ масаласи қандай ҳал этилади?

А.Григорян: Мен черковни молиялаштириш масаласини ҳал қилмайман. Буни Худони ўзи ҳал этади. Худога шукурки, черковнинг эшиклари очиқ экан, унинг таъминотини ҳам Худони ўзи ғойибидан етказиб туради. Аниқроқ фикр юритадиган бўлсак, черков таъминоти ҳар-хил ҳайрия маблағлари ҳисобига қондирилади. Кимдир чўқинтириш учун ташриф буюриб, назр қилган маблағни ҳайрия қилиб ташлаб кетади, яна кимдир коммунал ҳаражатларимизни тўлашда ёрдам беради. Черков бу менинг мулким эмас. Черков бу Худони мулки. Шундай экан черковга қатновчиларнинг онгида Худони уйига ҳайирия қилиш тушунчаси шаклланган.

Гоҳида черковга болаларини чўқинтиришга олиб келишиб, бу хизматимиз қанча туриши ҳақида сўрашади. Уларга қарата “… сиз бозорга келганингиз йўқ. Мен сотувчи ҳам эмасман. Бу Худони уйи. Агар набодо пулингиз йўқ бўлса, бу дегани бола чўқинтирилмай қолиши кераклигини англатмаслиги керак. Чўқинтирмоқчи бўлсангиз марҳамат. Бунинг эвазига бирор нарса сўралмайди. Пул масаласида эса, имкониятингиз қанчага тўғри келса, шунча ҳайрия қилиб кетаверинг,” деб айтаман. “Агар пулингиз бўлса-ю, лекин ҳайрия қилишни истамасангизам, майли қилманг,” дейман. Бизда шундай эркин тизим ўрнатилган.

И.Алимов: Ташриф буюрувчиларнинг таркиби кимлардан иборат? Яъни, қандай ёш ва жинсдагилар ташкил этади?

А.Григорян: Барча ёш ва жинсдагилардан иборат. 1 ёшдан 100 ёшгача десак ҳам бўлади. Фақат шу оҳирги йилларда пандемия туфайли ёши кексалар касал юқтириб қолишдан чўчиб, фаол бўлишмади. Улар уйидан чиқмай, ҳеч қаерга бормай қолишганди.

Умуман, инсонийлик ҳақида сўз очилганда, хусусан бизнинг черковимиз одамлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатга, мурувватли бўлишга чорлайди. Бизнинг қонимизда бошқаларга ёмон қилмаслик хислати бор. Биз севилишни севамиз. Бошқаларни ҳурмат қилишни, олдига дастурхон ёзиб меҳмон қилишни яхши кўрамиз. Жуда кўплаб армани халқи дунёнинг турли минтақаларидаги мамлакатларда яшаб келишади. Ўша яшаётган мамлакатини тараққий этишида, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этиб келишади. Жумладан, Ўзбекистонда яшаётган арманларнинг ярми бу ерни биринчи Ватани деб ҳисобласа, яна ярми Арманистонни биринчи Ватан, Ўзбекистонни эса иккинчи Ватан сифатида эътироф этади. Масалан, шу ерда туғилиб ўсганлар Ўзбекистонни биринчи Ватан деб ҳисобласа, Арманистонни тарихий Ватан деб ҳисоблайди. Агар шу яқин 10-15 йил ичида Арманистондан келганлар эса, биринчи Ватан Арманистон, иккинчиси эса Ўзбекистон деб аташади. Гап бу ерда аслида қайси биринчи ёки иккинчида эмас, асосийси ўз Ватани сифатида қалбдан севишида ва ҳурмат қилишида. Максимал даражада барча имкониятларини ишга солиб, бу юртда тинчлик-омонлик ҳукумрон бўлишига ҳаракат қилишади. Орада бирон яримтаси, бирон бир ножўя ҳатти-харакат қилиб қўйса, кўпчилик унга танбеҳ бериб, “биз бу ерни ўз уйимиздай кўрар эканмиз, шу ернинг қонунларини ҳурмат қилишимиз ва шу юртни севишимиз шарт” дейишади. Ўзим билган кўплаб арманлар бор. Улар ўзбек тилида жуда яхши гаплашади. Бу эса шу мамлакатни севиши ва ҳурмат қилишидан дарак беради.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон қадимдан ўз бағрига турли миллат, элат ва динларни сиғдириб келаётган диёр ҳисобланар экан, тинчлик ва осойишталикни таъминлаб, эртанги тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшиш шу ерда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчи бўлиб қолиши керак.

Илҳомиддин Алимов суҳбатлашди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг