Ўзбекистон Евангель лютеран черкови

0
1371
Фото: И.Алимов

Диний бағрикенглик, турфа фикрлилик, эътиқод эркинлиги лойиҳаси доирасида, Ўзбекистон Евангель лютеран черкови фаолияти ҳақида Людмила Шмидт ва Виктор Шмидт билан интервью ўтказдик. Людмила Шмидт бугунги кунда Тошкент немис Евангель лютеран жамияти руҳонийси бўлса, унинг турмуш ўртоғи Виктор Шмидт ушбу жамиятнинг раиси ҳисобланади.

Илҳомиддин Алимов: Аввало суҳбат уюштиришга розилик билдирганингиз учун сизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчи эдим. Ушбу бинони аввалари ташқи тарафдан кўп маротаба кўрган бўлсам-да, лекин ичига кириб, унинг фаолият билан танишмаган. Мумкин бўлса, сиздан ушбу бино тарихи ҳақида маълумот олмоқчи эдим.

Людмила Шмидт: Мен Тошкент немис Евангель лютеран жамияти руҳонийси (проповедник) Шмитд Людмила бўламан. Ибодат амалларини бажариш хизматидан. Тошкентликлар уни “Кирха” номи билан яхши танишади.

Фото: И.Алимов

Мана 125 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Ўзбекистон замини немис Евангель лютеранлари Кирхасини ўз бағрида сақлаб келмоқда. Унинг илдизлари 1870-йилларга бориб тақалади. Бу ерларда ўша даврларда лютеран аҳолиси яшаб келишган, яъни немислар, голландлар, латишлар, финлар аскар ва зобитлар сафида, ўз оилалари билан Туркистон ҳарбий округида фаолият олиб боришган. Улар Екатерина (Рус подшоҳи) даврида бу ерларга олиб келинган.

Лютеран аҳоли сони ўша пайтларда 300 кишидан кўпроқ бўлганида, Москва епархияси “Тошкент қавми” (“Ташкентский приход”) ни Туркистонда очишга қарор қилган.

1885 йилда улар “Ташкентский приход”ни рўйхатдан ўтказишган ва Санкт-Петербургдан биринчи руҳоний (пастор) Юстос Юргенсонни жўнатишган. Черковимизнинг анави соат илинган деворида унинг сурати ўрнатилган (суратлардан бирига ишора қилиб кўрсатади).

Фото: И.Алимов

Ҳали Кирхани биноси бўлмаганида Юстос Юргенсон бутун Туркистон бўйлаб кезиб, евангель ваъзини қилиб чиққан. Ўзингиз биласиз, Туркистон бу ҳозирги Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа республикаларни ўз ичига олган.

Ўша пайтда бутун Туркистон бўйлаб ягона бўлган ушбу черков биносини қуриш учун дастлаб 1890 йилда черков Кенгаши тузилади ва шу Кенгаш черков қуриш юзасидан қарор қабул қилади.

Қурилиш учун маблағ оз бўлган. Кирханинг ҳудуди Салар ариғигача бўлган майдонни эгаллаган. Бу ерда яшаган оғалар ва опа-сингиллар сабзавот ва мевалар етиштиришган, улар олинган ҳосилни сотиб, пулига ибодатхона қуриш учун тўплашган.

1890 йилда қурилиш бошланади. Меъмор сифатида ўша пайтларда таниқли бўлган Алексей Бенуа қатнашади. У ўз даврида Туркистонни ажойиб ишлари билан лол қолдирган меъморлардан ҳисобланган. Ҳозирда Мустақиллик майдонида сақланиб қолинган Романовлар уйи биноси, Бухородаги Амир Олимхоннинг ёзги қароргоҳи ва шу каби Туркистон ҳудудида унинг кўплаб меъморий ижод намуналари бўлган. Ўз навбатида, Бенуанинг меъморий ижод намуналари орасида бизнинг Кирхамиз ҳам ўрин олган.

И.Алимов: Бугунги ибодатхонангизда неча киши хизмат кўрсатади?

Л.Шмидт: Диний хизматларни бажарувчи ходим сифатида Тошкентда фақатгина ўзим фаолият олиб бораман. Чунки ҳозир Ўзбекистонда 2 та черков қолган. Бир неча йиллар илгари уларнинг сони 7 та эди. Булар Самарқанд, Ангрен, Тошкент, Чирчиқ, Фарғона, Красногорск шаҳарларида жойлашган эди. Ҳозир эса Фарғона ва Тошкент шаҳрида қолган. Фарғонада ваъзларни диний томонлама синглимиз ўқийди. Мен Санкт-Петербургдаги семинарияда ўқиганим учун, бу ердаги ваъз ўқиш хизматини ўзим олиб бораман.

Хизматимиз икки тилда олиб борилади: немис ва рус тилларида, ҳар якшанба куни эрталабки соат 10-00 да бўлиб ўтади. Шу куни Мартин Лютернинг ижод намуналаридан қўшиқлар куйланади. Унинг ижод намуналари сони 92-93 тани ташкил этади. Биз уларни маъмнуният билан куйлаймиз ва ибодат қиламиз.

И.Алимов: Ибодатларни қандай шаклда бажарасизлар?

Людмила Шмидт: Бизни ибодат шаклимиз католикларга яқинроқ. Тик турган холатда ёки ўриндиқда ўтириб ҳам ибодат қилинади. Масалан, дуолар ўқилаётганида биз ўрнимизда тик турган холатда бўламиз. Агар биз ваъз насиҳатларни тинглаётган бўлсак, ўтирган холатда эшитамиз.

Бизга ташриф буюрувчиларнинг деярли барчаси ёши кекса инсонлардан иборат бўлиб, 80 ёшдан катта бўлгани учун уларнинг сони жуда ҳам оз қолган. Шу боис ҳам диний амалларни кўпроқ ўтирган холатда бажаришади.

Фото: Л.Шмидт

Ёшлар эса ҳафтада бир марта дам олиш куни эртароқ уйғонишга қийналгани учунми ёки бунга кўникмагани учунми ёки ўзингиз биласиз, Совет давридан сингиб қолган “черковга қатнаш шарт эмас” деган фикр мавжуд бўлгани учунми, хуллас ёшлар фаол равишда черковга қатнашмайди.

Ҳозирда бу ерга ташриф буюрувчи кексалар ўз пайтида жуда ҳам оғир кунларни бошидан ўтказишган инсонлар бўлиб, ўзларини бу ерда худди қадрдон уйига келганидай ҳис этадилар. Кексалар ўзаро суҳбат қурадилар. Ҳаммаси бир-бирини танийди. Биз биримизни яхши кўрамиз.

И.Алимов: Черковга қатновчиларнинг тахминий сони нечи кишини ташкил этади?

Л.Шмидт: Бизда жуда оз кишилар қолган. Тахминан 30 кишига, байрам кунлари 50 кишига яқин ташриф буюрувчилар бўлиши мумкин. Юқорида таъкидлаб ўтганимдай, ташриф буюрувчиларнинг аксари ёши кекса инсонлар бўлгани учун, ҳар якшанба бу ерга келишган ҳаммасида ҳам имконияти бўлавермайди.

И.Алимов: Сизларда фақат якшанба кунлари жамоавий ибодат ўтказиладими?

Л.Шмидт: Ҳа, биз эрталабдан барчага қулай бўлиши учун, бемалол черковга келиб, ибодат қилиб бўлганидан сўнг, инсонлар ўз юмушлари билан шуғулланишига имконият яратишни инобатга олганмиз. Агар ҳар куни ибодатлар ўтказадиган бўлсак, ҳеч ким келмайди. Чунки, кўпчилик бу ердан олисда яшайди ва бу ерга етиб келишига ҳар доим ҳам шароити етарли бўлмайди.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Бошқа ҳудудлардаги черковларнинг ёпилишига нима сабаб бўлган?

Л.Шмидт: Черковларнинг ёпилиб кетишига ягона сабаби ташриф буюрувчиларнинг йўқлигидан. Кўпчилик Германия ва Россияга кўчиб кетган. Яна кимларди вафот этиб кетган. Чунки у ерларда ҳам ташриф бурувчиларнинг аксариятини кексалар ташкил этарди.

Биз бу ерда Рождество, Пасха байрамларини нишонлаймиз. Куз фаслида эса “Ҳосил куни” байрамини нишонлаймиз. Мана ҳозир альтрадаги параментларни бинафша рангга ўзгартирдик. Бу адвент вақти келганлигидан дарака беради. Адвент – бу Рождество рўзаси бўлиб, Исо масиҳни келиши кутилади. Бу ранглар ҳар сафар ўзгариб туради. Яшил, бинафша ранг, оқ ранглар билан алмаштириб турилади.

И.Алимов: Бу бинонинг  таъминоти масаласи қандай ҳал этилади?

Л.Шмидт: Биз мутлақо хайрия эвазига кун кечирамиз. Кимдир келиб жисмонан ёрдам кўрсатади. Масалан, тозалаш, деворларни артиб чиқиш, нималарнидир бўяш, хуллас кимда қандай имконияти бўлса ўша нарсаси билан ёрдам кўрсатади.

И.Алимов: Сизларга Германия элчихонасидан ёрдам кўрсатиладими?

Л.Шмидт: Йўқ. Бизга Германия элчихонасидан ёрдам берилмайди. Чунки, у ерда “Давлат – бу давлат, черков – бу черков”, деган тамойил мавжуд бўлиб, иккала томон бир бирининг ишига аралашмайди. У ерда ишловчилар ибодатга келишади. Мана яқинда тайинланган консул ташриф буюрди. Унгача эса аввалги консул ҳам ташриф буюрган эди. Хуллас, расмийлар молиявий томондан ёрдам кўрсатмайди.

И.Алимов: Телевидение ва киноларда намойиш этилган фильмларни кузатганимда руҳонийлик вазифасини фақат эркаклар бажаради деб ўйлар эдим. Сизни кўриб савол пайдо бўлди. Айтингчи, сизларда аёл киши ҳам руҳоний раҳнамо бўлишга рухсат этилганми?

Л.Шмидт: Бизнинг лютеран черковимизда аёлларнинг ваъз айтишига рухсат этилган.

И.Алимов: Черковингизда қадимги пианино ва нисбатан замонавийроқ пианинони кўраяпман. Булардан қайси пайт фойдаланасизлар?

Фото: И.Алимов

Л.Шмидт: Булардан биз ибодат пайтида ва байрамларда фойдаланиб турамиз. Анави эски қадимгиси яхши ишламагани учун, мана бу замонавийсидан фойдаланамиз (пианиноларга ишора қилиб кўрсатади).

И.Алимов: Сизлар бошқалар билан қандай алоқадасизлар?

Л.Шмидт: Яъни бошқа конфенссияларни назарда тутаётган бўлсангиз, мана яқинда, январь ойини ўрталарида католиклар билан биргаликда, католикларнинг Костёлида ибодат қиламиз. У ерда нафақат лютеран ва католиклар, балки арманлар черкови, евангелчилар, тўлиқ евангелчилар ва умуман православлардан бошқа насроний черковлари иштирок этишади.

И.Алимов: Лютеранларда бирор бир машғулотларга ёки соҳаларда ишлаш учун таъқиқлар мавжудми?

Л.Шмидт: Бизда ҳеч қандай таъқиқлар йўқ. Кўриб турганингиздек мен бу ерда бошим очиқ холатда ўтирибман. Фақатгина жамоавий ибодат, ваъз пайтида мен “Толар” кияман. Бу махсус ибодат вазифасини бажараётган пайтда кийиладиган либос. Бошқа жойларда, бирор бир мажлисларда кийилмайди. Қолган ҳамма нарсада эркинлик берилган.

И.Алимов: Ибодатларни фақат черковда ўтказасизларми ёки уйда ҳам ибодат қилинадими?

Л.Шмидт: Нега энди? Инсонлар куннинг ҳар пайтида ибодат қилишади. Таом тановул қилишдан олдин Худога шукрона келтириб, дуолар ўқилади.

И.Алимов: Инжилдан олинган сўзлар ўқиладими?

Л.Шмидт: Йўқ. Бу оддий Худога ҳамд, ташаккур айтиладиган дуолар: “биз ейишимиз учун неъматларингни берганинг учун шукур айтамиз” деган мазмундаги сўзларни ҳар ким ўзидан, қалбидан чиқариб айтади.

И.Алимов: Мусулмон анъаналари билан ўхшаш экан. Ҳа, дарҳақиқат, мусулмонлар жамоалари билан муносабатларингиз қандай?

Немис Евангель лютеран жамияти раиси Виктор Шмидт суҳбатга қўшилиб, ушбу саволга жавоб беради:

Мусулмон жамоалари билан алоқаларимиз жуда яхши. Бизнинг черковга ислом академияси талабалари, тадқиқотчилари мунтазам ташриф буюриб туришади. Улар бизнинг динимизни тадқиқот ишлари мақсадида ўрганишади, бизларни жамоамиз тарихи билан танишадилар. Бу эса қайсидир маънода, уларга бир мамлакатда бошқа дин вакиллари ҳам борлигини, улар билан ўзаро муросада, тинчлик-тотувликда яшаётганлигимизни англашига хизмат қилади.

Ўзбекистонда конфессиялар кенгаши мажлисларида мусулмонлар муфтийси ҳам иштирок этади. Биз ўзаро бир-биримизга яхши тилакларни изҳор этиб, ҳол-аҳвол сўраймиз. Мана шундай муроса, тинчлик-тотувлик билан яшаш борасида ўзаро ҳамфикрлигимизни билдириб турамиз. Умуман олганда, бу борада ўзаро толерант муносабатдамиз.

Ўзбекистонда толерантлик ҳақида жуда кўп нарсаларни айтиш мумкин. Агар толерантлик тарихи ҳақида сўз очилиб, Ўзбекистонда қачондан бери толерантлик мавжуд? – деган савол ўртага ташланса, менда битта яхши жавоб доим тайёр бўлади. Сиз бизнинг Кирхамизга назар солинг. Бу Кирхага 125 йилдан ортиқ бўлса, демак толерантлик ундан ҳам аввал бўлган дейман. Яъни 125 йил давомида аниқ толерантлик бўлган. Мен ундан ҳам олдин бўлган деган даъвода эмасман. Аниқ исбот талаб этилса манашу далилни келтираман.

Қанчалик баландпарвоз туюлмасин, кўп миллатли мамлакатда тинчлик-омонликда яшаётганимиз учун Ҳукуматимиз, Президентимизга миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Бу борада уларга кўмак бераётганларга ҳам ташаккурларимини изҳор этаман. Бизда бугун ҳақиқатдан ҳам виждон эркинлиги учун шарт-шароитлар мавжуд. Биз барчамиз бирга, иноқликда яшаб келаяпмиз. Виждон эркинлигимизга нисбатан бирор бир ножўяликлар бўлмаётганлигини ҳам эътироф этиш керак.

И.Алимов: Дафн маросимлар ҳақида сўрамоқчи эдим. Сизларда дафн маросимлари қандай ташкил этилади?

Л.Шмидт: Бу борада вафот этган инсонларнинг яқин қраиндошлари истагига кўра амал қилинади. Кўплаб онахонлар бу дунёни тарк этишди. Аслида шарт ва мажбурият йўқ, лекин таклиф этишганда биз хор билан мотам қўшиғини айтамиз. Бу мотам қўшиғида вафот этганга тилаклар ёзилган. Маъракаларда ҳам ушбу қўшиқни куйлаймиз.

В.Шмидт: Бу жараён видолашув лаҳзаси ҳисобланади. Мотам қўшиғи эса, ўша вафот этган инсон билан бирга яшаганлар иштирокида бўлиб ўтади. Албатта, бу маросимни ўтказиш учун ҳаммада ҳам имконият бўлавермайди.

И.Алимов: Черковдан ташқари ҳам бирор жойда ишлайсизларми?

В.Шмидт: Мен 30 йил давомида учувчи бўлганман. Мана икки йилдирки нафақадаман. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га қарашли машғулот ўтказиш марказида раҳбарлик қилганман. Самарқанддаги жамоамизнинг очишда бошчилик қилганман.

И.Алимов: Черковдаги руҳонийлик хизматига келиб қолишингиз тарихи ҳақида гапириб беролмайсизми?

В.Шмидт: Бизнинг ота-оналаримиз диндор инсонлар бўлишган. Совет даврида ҳам черковга қатнаганмиз. Бирга ишлаган дўстларим гарчи буни билишса-да, улар тўғри қабул қилиб келишган. Худо бизни уймизни тарк этмаганди.

Л.Шмидт: Фақат Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевчи Каримов шарофати билан, унинг Фармойишига асосан ушбу бинони Ўзбекистонда яшаб келаётган немисларга берилди. Бу эса, тўлиқ диний эҳтиёжларимизни қондириш учун хизмат қилди. Ўшандан буён бу ерда фаолият олиб бормоқдамиз.

И.Алимов: Советлар даврида бу ерда нималар бўлган?

Л.Шмидт: Бу ер консерватория учун берилган эди.

В.Шмидт: Билсизми, биз асли Самарқандданмиз. Тошкентда эса қарийб 18 йилдан бери яшаб келаяпмиз. Ўз вақтида эскадрилияни Тошкентга кўчиришганидан сўнг, биз ҳам шу ерга кўчиб келишимизга тўғри келган. Аммо 1991 йилда Ўзбекистон Мустақилликка эришиб, виждон эркинлиги берилганидан сўнг, биз шу ердаги пастор Корней Корнеевич Вибе билан дўстлашиб қолдик. Кейинчалик у епископ ҳам бўлди. Самарқандда яшаб юрган кезларимидан буён у билан биргаликда фаолият олиб бордик ва ўзаро дўстлигимиз давом этиб келди. Ўша пайтда мен Самарқанддаги немис Евангель лютеран жамоасини рўйхатдан ўтказган эдим. Кейинчалик эса, биз Тошкентга кўчиб келдик. Шу ерда епископимизга ёрдам беришни бошладик.

Саволингизга келсак, бизнинг жамоамизда раисликка тайинланмайди. Худони сўзини етказадиган, тажрибаси ва маълумотидан келиб чиқиб, жамоа аъзолари орасидан раис сайланади. Маълум вақт давомида биз шу ерда хизмат қилиб юрганимизда, тўсатдан епископимиз вафот этди. Инсонлар йиғилишиб, мени жамоа раиси этиб, Людмилани эса проповедник сифатида сайлашди. Чунки, Людмила Санкт-Петрбургдаги семинарияда таҳсил олган эди.

Лютеранлик динида барча масалани асосан инсонларнинг ўзаро кенгаши ҳал этади. Ким бўлиб хизмат қилади? Ким сайланади? Шу каби масалаларни инсонларнинг ўзи ҳал қилади.

Л.Шмидт: Черковимизнинг тарихида яна бир эътиборга молик лавҳалар бор. Шундай воқеалардан бири 1966 йилда содир бўлган зилзила билан боғлиқ. Ўшанда бутун Тошкент талофат кўрган бир пайтда, черковни бузиб ташлашмоқчи бўлишган. Унинг ҳолати жуда ачинарли аҳволда қолган эди. Фақатгина машҳур бастакор Мухтор Ашрафий шарофати билан у сақлаб қолинган эди. Ўша пайтда у Шароф Рашидовдан ушбу бинони қолдиришни сўраган. Уни тартибга келтириб, мусиқа билим юртига беришни таклиф қилган. Ҳозир ёнимизда жойлашган мусиқа коллежининг зали сифатида 1991 йилга қадар фойдаланиб келинган. Бу ерда улар қўшиқ куйлашган, мусиқачилар соз чалишган. Бу ернинг жуда зўр акустикаси бор.

Ҳозир ҳам черковимизда турли тадбирлар ўтказилиб турилади. Яқинда Анна Герман ижодига бағишланган кеча бўлиб ўтди. “Голос” танловида иштирок этган қиз ҳам черковимизга ташриф бурди. У қиз асли Термиздан бўлганига қарамай, овози худди Анна Германнинг нусхаси экан. У шу ерда қўшиқ ижро этди.

Биз ҳар йили 28 августда шу ерда хотира маросимини нишонлаб келамиз.

И.Алимов: Сиз иккингиз эр-хотин экансизлар. Фарзандларингиз ҳам борми ва улар ҳам черковга қатнашадими?

Л.Шмидт: Ҳа, мана 40 йилдирки, биз бирга турмуш қуриб яшаб келаяпмиз. Бизни 3 нафар фарзандимиз бор. Тўнғич фарзандимиз – ўғлимиз Денис ҳам отаси каби учувчи бўлди. У ҳам уйида бўлган пайтларида черковга қатнайди. Қизимизнинг биринчиси Россияда ва ўша ердаги черковга қатнайди. Иккинчи қизимиз эса Самарқандда яшайди. Набираларимиз таътил пайтида бизникига келишганида доим шу черковда бўлишади. Илгари бизда болалар гуруҳи бўлар эди. Ҳозир у болалар улғайиб кетишган. Кўплари турли олийгоҳларга кириб кетишган. Байрам пайтлари биз шу ерда йиғилиб, дастурхон ёзамиз, бир-биримиз билан дийдорлашиб турамиз.

И.Алимов: Бугунги Ўзбекистон халқига қандай тилакларингиз бор?

Л.Шмидт: Биз барча юрдошларимизнинг хонадонларида тинчлик ва саломатлик ҳукмрон бўлишини тилаб қоламиз. Чунки, бутун дунё бошидан ўтказган коронавирус балоси кўпчиликни бир-биридан айириб қўйди. Виктор билан мен ҳам шу вирус билан касалланиб чиқдик. Шунинг учун тинчлик ва меҳр-оқибат тилаш билан бирга, барчага мустаҳкам соғлиқ тилаб қоламан.

Суҳбатимиз якунланганч, черковни тарк этар эканман, Людмила Шмидт менга “Россияда, Украинада, Қозоғистонда ва Ўрта Осиёда Евангель Лютеран Черкови тарихидан” (“Из истории Евангелическо-Лютеранской Церкви в России, на Укранине, в Казахстане и Средней Азии”) номли китоб совға қилди. У ерда Ўзбекистондаги немис Евангель лютеран черкови тарихига оид жуда ҳам қизиқарли маълумотлар бор экан. Жумладан, ушбу китобда Вильгелем Каленинг “Тошкентдаги Евангель лютеран жамияти тарихига” номли сарлавҳа остида ёзилган хотираларида шундай эътиборли жойлари бор:

“… Кейинчалик у совет атеистик мафкураси томонидан православлар, католиклар ва мусулмонлар билан бир қаторда таъқибга учради. Оқим яна йўналишини ўзгартирди ва ўз йўлида янгича шаклларини кашф этди. Ўтмишдан, келажакдаги насроний лютеран эътиқодидагиларга фақатгина юқорида айтиб ўтилган воқеалар билан боғлиқ саволлар йўлланган. Буларга черков қурилиши пайтидаги фактлар таалуқли бўлиб, ўшанда бошқа уюшмалар аъзолари, жумладан, ислом динига эътиқод қилувчилар ҳам черков қурилиши учун хайр-эҳсонлар биланўз қувончларини изҳор қилишган эди”.

Шунингдек епископлар хотиралари жамланган ушбу китобда Ўзбекистон Евангель лютеран черковининг марҳум епископи Корней Вибенинг “Бузилишдан, тикланишга қадар” сарлавҳа остидаги хотиралари ҳам қайд этилган бўлиб, унда шундай жумлалар бор:

“Собиқ Совет Иттифоқида кўплаб черковлар, масжидлар, синагогалар, костеллар бузиб ташланган эди. Бузиб ташланмаган ибодатхоналар эса музейларга, концерт залларига, кинотеатрларга, завод ёки чўмилиш хавзаларига айлантирилган эди. Худди шундай тақдир бизнинг кирхамиз қисматига ҳам тушган эди. 1937 йилдан 1990 йилларга қадар черков ўз мақсади йўлида фойдаланилмаган эди. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида омборхона жойлаштирилган бўлса, кейин уни икки қавватли қилиб қайта қуришди. Унда геология бошқармаси, кейинроқ итбоқарлар жамияти, шунингдек, милиционерлар учун умумий яшаш жойи (общежитие) жойлаштирлган эди. 1966 йилдаги зилзиладан кейин умуман бузиб ташлашмоқчи эди. Кейинроқ эса бир неча марта ёнғин содир бўлганди” деб хотираларини ёзар экан, черковдаги таъмирлаш ишлари якуни ҳақида шундай дейди:

“Черковни таъмирлаш ишларини биз 1994 йил 28 августда якунига етказдик. Бу ленинча ва сталинча қатағонларнинг бегуноҳ  қурбонлари бўлган ака-сингилларимиз хотиралари учун энг яхшисидир. Шу куни, 1941 йил Сталин Волгабўйи немислари автоном республикасини бекор қилиш ҳамда немис аҳолисини зўрлаб депортация қилиш тўғрисидаги Фармони чиқарилган эди”.

Китобда Ўзбекистон Евангель лютеран черковининг биринчи Синоди ташкил этилиши муносабати билан ўша пайтдаги Маворауннаҳр мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мухторжон Абдуллоҳ ал-Бухорийнинг табрик cўзлари, бир неча епископлар томонидан маъмнуният билан эътироф этилади ва алоҳида саҳифада табрикномани ўзи келтирилади.

Суҳбатни Илҳомиддин Алимов олиб борди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг