Новоапостол черкови ҳақида

0
1288
Фото: И.Алимов

Мазкур материал диний бағрикенглик, турфа фикрлилик, эътиқод эркинлиги мавзуси доирасида тайёрланиб, Тошкентдаги протестантлик черковларидан бирининг фаолияти ҳақида маълумот беради.

Новоапостол черковнинг вужудга келиши 1830-йилларда Англиядаги Рим-католик черковлари ичида “католик – апостол ҳаракати” номи остида танилган ҳаракат билан боғлиқ. Мазкур ҳаракат аъзолари яқин вақт ичида гўёки Исо Масиҳнинг иккинчи бор қайтиб келишига ишониб, черковда христианликнинг илк даври – апостоллик ҳолатини тиклаш лозим, деган ғояни илгари сурган. Улар томонидан Джон Бейл Кардейл исмли руҳоний еткачилигида 12 та “апостол” сайланган. Мазкур ҳаракатга Германия, Швейцария ва Австриядаги айрим католик, англикан ва протестант йўналишларига мансуб руҳонийлар қўшилган.

Дастлабки янги сайланган “апостоллар” вафот этгандан сўнг “католик – апостол ҳаракати” қисман тарқаб кетган, айримлари қолган. Хусусан, 1863 йилда Англиядаги издошларидан ажралиб чиққан Германиядаги ҳаракат аъзолари 1967 йилда ташкилот фаолиятини “Новоапостол черкови” номи билан юрита бошлаган.

Ушбу черков томонидан Рождество, Пасха, Троица, Шукрона қилиш (День Благодарения), марҳумларни хотирлаш куни каби диний байрамлар нишонланади.

Новоапостол черковининг маркази Цюрих (Швейцария) да жойлашган. Дунё бўйлаб Новоапостол черкови ақидаларига 10 млн. одам эътиқод қилади. Энг йирик жамоалар Германия, Швейцария, Франция, Италия, Жанубий Африка Республикаси, Замбия, Зимбабве, Канада, Бразилия, Аргентина, АҚШ, Ҳиндистон ва Индонезияда мавжуд.

Новоапсотол черкови бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам расман фаолият олиб бораётган бўлиб, Тошкентда жойлашган черков руҳонийси Александр Ким билан суҳбат уюштирдик. Жумладан, Александр Кимга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. Қуйида Александр Ким билан бўлиб ўтган суҳбат билан танишишингиз мумкин.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Аввало, суҳбатлашишга розилик билдирганингиз учун сизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Новоапостол черковининг дунё миқёсидаги тарихи ҳақида қисқача маълумотни олдик. Энди Ўзбекистондаги фаолияти ва умуман черков билан боғлиқ бизни қизиқтирган саволлар билан сизга мурожаат қилмоқчи эдим. Дастлаб, Ўзбекистондаги фаолиятингиз ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

А.Ким: Ўзбекистонда черковнинг ташкил этилиши тарихи ўтган асрнинг 90-йилларидан дастлабки миссионерлар ташрифи билан бошланади. 1993 йилда расман давлат рўйхатидан ўтганидан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Новоапостол черкови ўшандан буён Ўзбекистонда фаолият кўрсатиб келади. Илгари 4 та черков бўлган – Тошкент, Самарқанд, Навоий ва Бухорода. 2013 йилда Бухородаги черковимиз ёпилди. Лекин 2020 йилда  Фарғонадаги черковимиз рўйхатдан ўтди ва черковларимиз сони яна 4 талигича қолди.

Бизда черков аъзолари рўйхати юритилади. Унга кўра, ҳозирда уларнинг умумий сони 900 кишини ташкил этади. Аммо черковга истаган одам ташриф буюриши мумкин. Бундай ташриф буюрувчи инсонларни биз назорат қилмаймиз. Чунки, инсон черковга аъзо бўлишни ихтиёрий ва онгли равишда танлаши керак. Аммо меҳмон сифатида ҳар қандай инсон черковимизга келиши мумкин. Бунинг учун эшикларимиз доим очиқ.

И.Алимов: Черков томонидан нималар таъқиқланади?

А.Ким: Бизнинг черков бу борада жуда эркин. Бирор маҳсулотни тановул қилиш бўйича, бирор бир фаолият тури билан шуғулланиш борасида қатъий чекловлар мавжуд эмас. Бизнинг черковимизда хизмат қилувчи руҳонийларнинг деярли 95 фоизи оддий инсонлар каби меҳнат қилади. Черковимиз маош олиб ишлайдиган ходимларга эга эмас. Чунки бизда ҳар қандай киши ижтимоий ҳаётда, оиласида ўзининг муҳим вазифасини бажариш керак, деган тушунча бор. Шунинг учун ҳам бизни черков аъзолари орасида деярли барча соҳа вакиллари бор. Черковимизнинг аъзолари орасида энг кўп учрайдган соҳа вакиллари булар – ҳарбийлар ва шифокорлардан иборат. Очиғи бу нима билан боғлиқлигини тушунтириб бўлмайди (кулади). Бу албатта норасмий статистика. Бироқ, ҳақиқат шуки, нимагадир бизнинг черковимизда хизмат қилувчи руҳонийларимиз орасида жуда кўплаб ҳарбийлар ва шифокорлар бор. Черковга хизмат қилиш билан бир пайтни ўзида, улар ўз соҳаларида фаолият олиб бораверадилар.

И.Алимов: Сизларда оилавий муносабатларга қандай қаралади?

А.Ким: Оилага, энг аввало, биз жамиятнинг бир бўлаги сифатида қараймиз. Черков сифатида биз оилаларнинг барпо этилиши ва гуллаб-яшанаши учун курашамиз. Оилалар фарвон бўлиб, яхши ҳосил келтиришини истаймиз. Черковимиз оила масаласига ижобий муносабатда бўлар экан, худди бошқалардаги каби, никоҳ ришталари билан ёшларни ўзаро бирлаштиришга хизмат қилади. Бугунги қонунчилик талабига кўра, албатта фақатгина дастлаб ЗАГС дан рўйхатдан ўтиб келишгач, никоҳ ўқитилади.

Икки ёшнинг ўзаро никоҳ билан ришталари боғлангач, улар орасида иттифоқ тузилганидан кейин, эътиқодимизга кўра, бу никоҳ ерда эмас, юқорида, Худони ҳузурида қайд этилади. Ўз-ўзидан, биз энди никоҳ ришталарини қандай узилиши мумкинлигини айтолмаймиз. Чунки, Худодан қайтиб келиш йўли йўқ. Худо ҳаммани яхши кўради. Шунинг учун ҳам ўзаро оила қурмоқчи бўлган ёшларга биз тўй пайтида никоҳдан ўтишларини сўрамаймиз. Чунки, улар онгли равишда қадам қўйишлари керак. Чунки, улар Худони розилигини олиш учун, Унинг ҳузурига боришаётган бўлишади. Худони розилиги билан бизда кўп нарса боғланган. Бизнинг бутун ҳаётимиз бу – Худонинг берган неъмати деб биламиз. Шунинг учун ҳам эр ва хотинга берилган барча неъматлар – бу Юқоридан берилган совғалардир. Демак, булар аввалдан кўзда тутилган. Мана шу сабабли ҳам биз оила масаласига катта эҳтиром билан муносабатда бўламиз ва албатта уни қадрлаймиз.

И.Алимов: Дафн маросимлари сизларда қандай ўтказилади?

А.Ким: Черков аъзоларини дафн этиш маросими ҳамма жойдагидек бўлиб ўтади. Агар бизнинг аъзоларимиз орасида кимдир вафот этса, руҳоний дафн маросимига боради. Бу вафот этган билан видолашув урф-одати бўлиб, албатта бу маросимни энг аввало марҳумнинг яқинларини рухсати билан бажарамиз. Агарда марҳумнинг яқин қариндошлари бунга қарши чиқишса, биз мажбурлаб шу маросимни урф-одатимизга кўра ўтказишга чақирмаймиз. Ўзи шундоқ ҳам бошларига мусибат келиб турган пайтда, ортиқча муаммолар келиб чиқишини истамаймиз. Дафн маросими насронийча урф-одатга асосланган.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Нозикроқ савол бермоқчиман. Сиз ўзларингизни қандай моддий жиҳатдан таъминлаб борасизлар?

А.Ким: Юқорида таъкидлаб ўтганимдай, бизнинг черков асосий иш жойидан ажратилган ходимларга эга эмас. Шундай бўлса-да, бизни черков ўзининг ташкилий тузилмасига эга. Бу ташкилий тузилманинг бошида “Бирламчи Ҳаворий” (Первоапостол) туради. Бизларнинг ҳалқаро миқёсдаги черковларимиз алоҳида черковлардан таркиб топган ва булар ягона Новоапостол черкови атрофида бирлашади. Хайрия сифатида келиб тушган барча маблағлар бошқарув марказига оқиб боради. Первоапостол қайси черковга қанча маблағ ажратиш юзасидан қарор қабул қилади. Масалан, черков қурилиши, таъмирлаш ишлари ва яна қандайдир бошқа эҳтиёжлар учун маблағ ажратади. Унга ёрдамчилари келиб, “менинг ҳудудимга қўшимча равишда қурилишга, таъмирлашга ва яна нималаргадир маблағ керак”, деб сўрайди. Мана шундай тартибда расмий тарзда, банк орқали маблағ ажратиш ишлари амалга оширилади. Бизда банкда валюта ҳисоб рақамимиз бўлиб, унга келиб тушган валюта конвертация қилингач, черковнинг эҳтиёжлари учун ишлатилади. Қолган бошқа эҳтиёжларимиз эса, черковимизда хизмат қилувчи, ташриф биродарларимиз ва опа-сингилларимизнинг ўз ҳохиш-истаклари билан онгли равишда кўрсатган ёрдамлари ҳисобига қопланиб келинади. Агар бизга бирор нарса керак бўлса, кимнидир ёллаш керак бўлса, унга пулни ўзимиз ёнимиздан тўлаб берамиз. Бу борада асосий ёрдамни биродарларимиз ва опа-синглиллармиз тез-тез бериб туради.

И.Алимов: Умумий ибодат маросимлари хафтанинг қайси куни бўлиб ўтади?

А.Ким: Черковимизга кираверишда аҳамият берган бўлсангиз, бизда ҳар якшанба куни тонги соат 10-00 дан, об-ҳаво қандай бўлишидан қатъий назар, умумий ибодат қилиш маросимимиз бўлиб ўтади. Байрам кунлари бундан мустасно.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари, конфессиялар билан муносабатларингиз ҳақида гапириб беролмайсизми?

А.Ким: Келинг дастлаб, бошқа диний конфессиялар билан ўзаро муносабатлар ҳақида гаплашсак. Биринчи навбатда, мен Ўзбекистондаги Библия жамияти директори лавозимида ишлашимни айтиб ўтишим керак. Бу жамият таркибига барча насроний динига мансуб жамоалар киради. Бундан ташқари, яқинда Тошкентдаги католик черковида бўлиб ўтадиган иконаник ибодат маросимига биз ҳам таклиф этилдик. Бу католик черковида дунёда тинчлик бўлиши учун қилинадиган ибодат бўлиб, ҳар йили январь ойида ўтказилади ва ушбу маросимга бизлар ҳам таклиф этилдик. Бу маросим шуни кўрсатадики, насронийлик динига эътиқод қилувчи ҳар қандай жамоа вакилларига биз биродар ёки опа-сингил дея мурожаат қилишимиз мумкин.

Шу билан бирга, шахсан мен бевосита яҳудийлар жамоасидан Аркадий Исахаров билан, Будда ибодатхонасидаги Александр Хегай билан, Баҳоийлар жамоасидаги Фаррух Расулов ва Татьяна Клемёновалар билан ҳам яқин дўстона муносабатдаман. Хуллас, бошқа конфессиялар билан жуда яхши алоқа ўрнатганмиз. Жумладан, бизнинг телеграммда группамиз ҳам бор. У ерда биз бир-биримизга байрам кунлари табриклар йўллаб турамиз. Шунинг учун бизларни орамизда бирор бир тўсиқлар мавжуд эмас. Биз бундай тўсиқларни изламаймиз ёки яратмаймиз. Бизлар тез-тез учрашиб турамиз ва бу йиғилишларимизнинг асосий ташаббускори Дин ишлари бўйича қўмита бўлади. Барча диний конфессияларнинг раҳбарлари конфессиялар Кенгаши таркибига кирган. Мен ҳам ушбу Кенгаш аъзоси ҳисобланаман.

И.Алимов: Уларга қандай тилакларни билдирган бўлардингиз?

А.Ким: Тилакларим бутун Ўзбекистон аҳлига қаратилади. Ўзбекистон – бу, биз ташкил этган, яшаб келаётган мамлакатдир. Бугун ҳар биримиз шу ерда ниманидир кашф этаяпмиз, ниманидир яратаяпмиз. Шунинг учун энг аввало Ўзбекистон фуқароларга тилакларимни изҳор этган бўлардим. Биз битта уйда яшаётганимизни барча фуқароларимиз англаб, тушуниб етишларини истаган бўлардим.

Агар биз тинч-тотув яшамайдиган бўлсак, бир-биримизга тоқат қилолмасак, меҳр-оқибатли, сабр-бардошли бўлмасак биз бу юртни сақлаб қололмаймиз ва уни янада тараққий эттиролмаймиз.

Агар биз уйимизга яхши бир нарса олиб келиб, уйимизда фаровонликни таъминлаш ўрнига, аксинча уйимиздан ниманидир олиб чиқиб кетаверадиган бўлсак, у ҳолда бир кунмас бир кун уйимиз қулашга маҳкум бўлади.

Аслида ўзбек халқи жуда ҳам меҳмондўст, оқкўнгил эканлиги маълум. Ҳозир мамлакатда жуда кўплаб миллат вакиллари борлиги, ўзбек халқининг уларга шарт-шароит яратиб берганлиги меҳмондўстлик сифатидан далолат беради.

Орамизда ҳар биримиз мамлакат равнақига ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилар экан, менимча бир-биримизга нисбатан толерант муносабатда бўлишимиз юқори чўққидаги марраларни биргаликда забт этишимизга ёрдам беради. Ахир бундай толерантлик ҳар биримизни табиатимизда мавжуд.

Ўзбекистонда нишонланадиган янги йил байрамини нафақат насроний болалар, балки мусулмон болалар ҳам завқ-шавқ, шоду-хуррамлик билан нишонлайди. Худди шунингдек, Наврўзни нафақат мусулмон аҳолиси фарзандлари, балки бу байрамни менинг ҳам фарзандларим шоду-хуррамлик билан нишонлайди. Масалан, мусулмонлар байрамида қўшниларимиз ҳар сафар палов олиб чиқишади. Бу ўзига хос қадрият бўлиб, буни ҳар ким эъзозлаши керак.Уни келажак авлодларга қолдириш керак.

И.Алимов: Устингиздаги кийимингиздан сизни қаергадир кетаётган бўлсангиз керак, деб ўйладим. Шунинг учун саволларимни тез-тез бераяпман. Балки, ушбу суҳбатимиз муҳим учрашувингиз пайтига яқин вақтда белгилангандир?

Фото: И.Алимов

А.Ким: Асло, йўқ. Сиз суратга оламан деганингиз учун шундай кийиниб олдим. Қолаверса, бу кийинишни алоҳида таъкидлайдиган жиҳати ҳам бор. Бизнинг черковда руҳонийлар ўзаро тенг ҳисобланади. Рутбамиздан қатъий назар, биз Худони олдида тенгмиз. Шунинг учун ҳаммамиз бир хил шаклдаги либосни киямиз. Ҳарорат 27 даража иссиқ ҳавогача бўлса, енги узун либос киямиз. Ундан юқори ҳароратда енги калта либос киямиз. Хуллас, ҳамма қора костюм, оқ кўйлак, қора бўйинбоғ, қора шим, қора пайпоқ қора рангли оёқ кийим кияди. Ҳеч ким оқ пайпоқ киймайди. Бу бизни “формамиз”.

И.Алимов: Жуда ҳам замонавий, содда форма экан.

А.Ким: Худди шундай. Жуда ҳам содда бўлган ушбу формамиз бутун дунё бўйлаб ўрнатилган қоида ва барча черков руҳонийлари шундай кийинишади. Дарҳақиқат, 2013 йилда бизнинг дунё бўйлаб черковимиз 150 йиллигини нишонлади.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Мана бу қандай китоблар?

А.Ким: Буни китобни номини “Песенник” деймиз.

И.Алимов: Бу ерга ташриф буюрганлар жўр бўлиб қўшиқ куйлашлари учун керакми? Ибодатга ташриф буюрганлар барчаси жўр бўлиб қўшиқ куйлайдими?

А.Ким: Бизда истаганлар, ҳамма қўшиқ куйлаши мумкин.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Черковга ташриф буюрувчиларнинг ёш тоифаси кўпроқ қайси ёшдагиларни ташкил этади?

А.Ким: Бизда барча тоифа ёшдаги инсонлар ташриф буюришади. Ўрта ёшдагилар ҳам, ёши кексалар ҳам ташриф буюриб туришади. Албатта, ёшлар сони биз истаган даражада бўлмаса-да, биз биринчи навбатда инсон нима учун черковга қатнашини англаб олишга чақирамиз. Биз ёшлар учун кўнгилочар тадбирлар ташкил этмаймиз. Бу ерга инсонлар Худодан ёрдам олиш учун келишади. Балки шунинг учун черков ёшлардан иборат гуруҳга унчалик кўп эга эмасдир. Агар бирор тўгарак очсак, балки тезда ёшлар кўпайиб кетар. Бироқ, бу бизни мақсадимиз эмас. Бунинг учун мен бу ерга таинланмаганман.

И.Алимов: Бу вазифага сизлар қандай тайинланасизлар? Ташкилий масалалар қандай ҳал этилади?

А.Ким: Ташкилий масалалар Апостол қарори бўйича ҳал этилади. Албатта, ҳаммаси ўша черков жойлашган ҳудуддан бошланади, яъни, маҳаллий жамоа ва биродар ва опа-сингиллар ўртасида. Агар жамоа орасида алоҳида ўзига хос, ғамхўр, диққатли, зийрак сифатга эга инсон борлигини билсак, уни кейин ҳатти-ҳаракатларини кузатиб борамиз. У билан кейин суҳбатлашамиз, ундан келажакда ўз ишини Худога хизмат қилиш билан давом эттириш истаги бор ёки йўқлигини сўраймиз. Агарда у киши ўз розилигини билдирса, биз кейин ўзимизни Апостол билан гаплашамиз. Биз у инсонни ўша маълум бир яшил руҳий холатга қадар етишгани ҳақида ва червокда хизмат қилиш учун тайёр эканлигини маълум қиламиз. Шундан сўнг Апостол ўша мамлакатдаги барча руҳонийларни йиғади. Ўша йиғилиш кун тартибига масаласини олиб чиқади. Агарда йиғилишда номзод қўллаб-қувватланса ва маъқул топилса, у ҳолда Апостолга қўл бериш маросими ўтилади.

И.Алимов: Шахсий савол билан мурожаат қилсам бўладими?

А.Ким: Албатта.

И.Алимов: Ўзингиз бу черковга қандай келиб қолгансиз?

А.Ким: Мен асли Самарқанд шаҳриданман. Мактабда ўқиб юрган кезларимда биз ҳаммамиз просветериан черковига қатнар эдик. Бу жуда ҳам қизиқ эди. Чунки у ерда якшанба мактаби фаолият кўрсатарди. Биз мароқ билан якшанба мактабига, Худога хизмат қилиш учун черковга борардик. Биргаликда якшанба мактабида бўлиш бизларга қувонч бағишлар эди. Бу эса менда доимо Худога хизмат қилиш кўникмасини шакллантириб келган экан. Фақат буни ўзимиз англаб етмаган эдик. Беш-олти йил черковга қатнаб юрганимдан кейин, узоқ вақт ўтди. Вояга етиб, мустақил пул ишлаб топишни бошладим. Кейичалик турмуш ўртоғимни учратдим. Кунларнинг бирида турмуш ўртоғим мендан сўраб қолди: “Сиз умрингизда черковга борганмисиз”,деб. Мен аввал қатнаганимни айтдим. “Мен сизни ўзимнинг черковим билан таништирмоқчиман”, деди аёлим. Шундан кейин у мени Самарқанд шаҳридаги Новоапостол черковига бошлаб келди. 2009 йилдан менинг руҳоний йўлим бошланди. Ўша йилдан бери черковдаман. Албатта, мен черковга хизмат қилишим кераклигини дарров англаб етмагандим. Кейинчалик, агар хизмат қилиш керак бўлса, бу хизматни черковга қилишим кераклигини англадим.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Айрим ибодатхона ва черковларда монахлик хизмати борлигини билдик. Сизларда ҳам шундай монахлар хизмат қиладими?

А.Ким: Йўқ. Бизда монахлик йўқ. Бизлар ҳар биримиз, яъни руҳоний кишилар бошқаларга намуна ва ибрат бўлиши керак деб ҳисоблаймиз. Руҳоний тўла-тўкис оилага эга бўлиши керак. Одатда черков руҳонийси ўз оиласи билан черковда яшайди. Руҳоний черковда яшар экан, унда Худога яқин бўлиш имконияти бўлади ва албатта, сидқи дилдан хизмат қилиши мумкин бўлади. Агар сиз бир сутка давомида ишда бўлсангиз ва сизнинг турмуш ўртоғингиз барча ишларда биринчи ёрдамчинигиз бўлса. Ўз пайтида черковга келганлардан бири мендан сўраганди: “черковингиз раҳбари билан учрашсам бўладими”, деб. Мен “Ҳа, бу менман” дедим. У киши “Ие, нима учун ховли супуриб юрибсиз”, деганда, мен бу ерда яшашимни айтгандим. Сиз бу ерда ким бўлиб ишлайсиз деб сўраганда, мен черковда ховли супурувчи, қоровул, руҳоний ва бошқа вазифаларни ҳам бажариб келаман, дея жавоб бергандим. Шунинг учун руҳоний оиласи айнан черков барпо этилишида асос бўлиб хизмат қилади. Бироқ, ҳамма оила ҳам черковда яшамайди. Фақат маъсул бўлган шахс яшайди. Черковимизнинг эшиклари кун давомида барча учун очиқ бўлиши керак. Шунинг учун оиласи бўлган руҳонийлар тайинланишига эътибор берилади. Чунки истаган киши, истаган пайтида черковга келса эшикни очадиган одам бўлиши керак. Тарки дунё қилиб, узлатга кетиш урфи бизда кўрсатилмаган.

И.Алимов: Черковингиз прозелитизмга қандай муносабатда?

А.Ким: Биз прозелитизм билан дўст эмасмиз. Чунки, бизда ўзаро тўпланадиган жойимиз бор. Агар аҳамият берган бўлсангиз, кираверишдаги дарвозани тепасига каттагина қилиб черков номи ёзилган ёрлиқ осиб қўйилган. Бундан мурод истаган киши бемалол кўриб, таниб олиши учундир. Масалан, кимдир таксичига черковга олиб бор, деса дарров илғаб олишга осон бўлади. Агар менга ким биландир учраши керак бўлса, албатта уни черковга таклиф қиламан.

Бизда кўчага чиқиб, одамларни даъват қилиш мақсади кўзланмайди. Биз икки нарсага чақирамиз халос:

  1. Худони яхши кўришга;
  2. Ўз яқинларини яхши кўришга.

Бундан ортиғига одамларни ўргатмаймиз. Худо ҳаммани яхши кўради.

И.Алимов: Қимматли вақтингизни ажратганингиз ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг