Ёзув қўшҳокимиятчилиги қачонгача? Давлат тили ва унинг ҳуқуқий, назарий ва амалий муаммолари

0
2039
Фото: teletype.in дан олинди

Малака ошираётган ўқитувчилардан ўзлари фойдаланиб келган дарсликдаги матн асосида лотин ёзуви бўйича диктант олинганда, 275 сўздан иборат диктант матнини 121 тингловчидан бирортаси «5» баҳога ёзолмади.

Она тилимизга давлат тили мақоми берилиши мустақилликнинг илк ғалабаси сифатида қўлга киритилгани, она тилининг эрки, ҳуқуқи учун кураш тарихда мустақиллик учун курашнинг рамзи сифатида муҳрлангани, қонуннинг хосиятлари, уни ҳаётга татбиқ этиш жараёнлари, муаммолари тўғрисида ўнлаб мақолаларимизда миллий ифтихор туйғулари билан ёзиб келдик.

2004 йили «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганига 15 йил тўлиши муносабати билан таҳлилий, сарҳисоб мақолаларда давлат тилига эътибор пасайиб кетаётгани, «Давлат тили ҳақида»ги қонунни амалга оширишда сусткашлик юз бераётганига жамоатчилик эътиборини тортишга ҳаракат қилдик.

Қонун амалиётини кучайтиришда ёрдами тегар деган илинжда унинг 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган илк матни ҳамда унга тегишли барча ҳужжатларни бир муқовада жамлаб, ўқув қўлланма яратиб икки марта нашр эттирдик. Қонунларимиз тилини илмий-танқидий нуқтайи назардан таҳлил ва тадқиқ этиб, «Қонун тили мезонлари» номли рисола чоп эттирдик.

Лекин кўтарган муаммоларимиз, қўйган саволларимиз узоқ муддат муаллақ қолди. Давлат тили амалиёти ҳаётда қонунда белгиланган мақомдан ўзгачароқ кечди. Назаримизда, қонунчилик асослари мустаҳкамлигига, унинг ҳаётий амалиёти муаммоларига янада жиддийроқ эътибор лозим кўринарди.

Ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони айни муддао бўлди.

Мазкур фармон давлат тили қисматига нажот, янги ҳаёт бағишлади. «Давлат тили ҳақида»ги қонун амалиётини тубдан янгилаш ва тўғри изга солишга асос яратди. Айниқса, ундаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиши» ҳақидаги банд жуда катта амалий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Бу «Давлат тили ҳақида»ги қонун ижросига доир энг зарур ва кўпдан бери кутилаётган амалий механизмдир.

Энди қонун ижроси қандай тус олиши кўп жиҳатдан ана шу механизм сифатли ташкил топиши ва ишлашига боғлиқ. Иш тақдирини мазкур департаментга қандай кадрлар танланиши ҳал этади. Агар муносиб кадрлар танлансагина ишда кутилган силжиш бўлади, акс ҳолда, ҳар қандай олий механизм ҳам натижа бериши қийин. Биз бир она тили жонкуяри сифатида Департамент муваффақиятли ташкил топиши ва самарали фаолият кўрсатишидан умидвормиз.

Қонун ва қатъият

«Қонун» деган тушунчанинг ўзига хос хусусиятларидан бири қатъиятлиликдир. Қатъияти бор экан — у қонун кучли. Қатъий назоратини йўқотган қонун заифлашади. Бу ҳол қонунга итоатсизликни келтириб чиқаради. Фуқароларнинг қонунга риоя қилиш иммунитетини сусайтиради. Бундай қонунни амалга ошириш ҳам имконсиз бўлиб қолади. Қатъиятсизлик рахна солса, қонун устуворлиги тантана қилолмайди. Шу жиҳатдан кейинги йилларда ўтказилган айрим ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар шундоқ ҳам қатор моддалари ишламаётган «Давлат тили ҳақида»ги қонун нуфузига ижобий таъсир этмади.

2004 йил 30 апрель куни «Давлат тили ҳақида»ги қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Унга биноан, янги ўзбек лотин алифбоси ва имло қоидаларига тўлиқ, узил-кесил ўтиш муҳлати 2005 йилдан 2010 йилга кўчирилди.

Ушбу ўзгартиш 1995 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунига моҳиятан зид эди.

Чунки у асосий икки мақсадни кўзлаган эди: «давлат тилини изчил жорий этиш жараёнини такомиллаштириш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтилишини таъминлаш».

Орадан тўққиз йил ўтиб, кескин равишда беш йил орқага сакраш ана шу «изчил жорий этиш» ва янги ёзувга «мукаммал ўтиш» жараёнларини сезиларли даражада секинлаштирди. Аслида, бунга ҳаётий зарурат бормиди? Қонун амалиёти изчил давом этарди. Мактаб таълими босқичма-босқич лотин ёзувига ўтиб бўлганди, республиканинг барча жамоаларидаги фуқаролар янги имлога давлат томонидан бепул ўқитиб-ўргатилганди. Мантиқан энди амалиётга тўлиқ ўтиш ва лотин ёзувида саводхонликни оширишга киришиш мумкин эди.

Қўшимча ва ўзгартишлар кенг халқ оммаси орасида «лотин имлосига ўтармиканмиз ё кирилда қолармиканмиз», деган иккиланиш, тараддуд кайфиятини ҳам уйғотди. Ҳолбуки, бундай мақсад йўқ эди. Мабодо шунақа бўлса, бирров референдум ўтказиб, халқнинг фикрини аниқлаб олган маъқул бўларди.

Ёзув ва саводхонлик — узоқ йиллар давомида шаклланадиган ҳодиса. Янги бир ёзувни ўрганиш ва унда савод чиқариш учун жамият жуда сермашаққат жараённи бошидан кечириши, бу соҳадаги билимдан ташқари, кўз хотираси, қўл кўникмасини шакллантириши шарт. Бу эса йиллар мобайнида минг бетлаб матнларни ўқиш, ёзиш, узлуксиз ва муттасил шуғулланишни тақозо этади. Тил ва ёзув амалиёт билан тирик ва ривожланишда.

2004 йилги қўшимча ва ўзгартишлардан кейин ёзувни ўрганган, малака ҳосил қилаётган фуқаролар бу машғулотни камида беш йилга тўхтатдилар. Ўрганмаганлар эса бу ишга киришмай қўя қолдилар. «Давлат тили ҳақида»ги қонунга яна бир қўшимча ва ўзгартишлар киритилса-ю, лотин ёзувига ўтиш яна беш-ўн йил орқага сурилса, унгача биз авлодимиз билан нафақага чиқиб кетамиз, ўрнимизга лотинда савод чиқарган авлод келиб ўрнашади, дея хулоса чиқариб юрган кишилар тоифаси ҳам йўқ эмас. Қонунда қатъиятдан чекиниш уларнинг шундай тахмин-гумонларига асос бериб қўйди. Бу — масаланинг маънавий томони.

Масаланинг сиёсий моҳияти ҳам бор. «Давлат тили ҳақида»ги қонунни ҳаётга татбиқ этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган эди, Ўзбекистон Республикаси президенти сиёсатининг таркибий қисмига айланган, қонунни изчил ва босқичма-босқич амалга ошириш бўйича давлат дастури тузилган ва жорий қилинган эди. Қўшимча ва ўзгартишлар киритавериш йўли билан қонун амалиётини муддатдан муддатга кўчиравериш давлат дастури бажарилмаслигига олиб келди.

Ниҳоят, масала иқтисодий моҳиятга ҳам эга. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 16 июнда қабул қилинган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга оширишни таъминлаш юзасидан давлат дастурини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори 3-моддасида шундай дейилади:

«Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йилги давлат бюджетини шакллантириш чоғида бюджетдаги ташкилотлар учун лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин».

Демак, 10 йил мобайнида лотин ёзувини ўқитишга сарфланган маблағ зое кетган, давлат бюджетига зарар етказилган бўлиб чиқади. Эҳтимол, лотин ёзувини ўрганиб, амал қилмаган фуқаролар яна беш йилгача уни унутар ва уларни қайта ўқитишга, ҳали қанчадан-қанча саводсизликни тугатиш курслари очиб, уларни ҳам маблағ билан таъминлашга тўғри келар. Булар учун давлат хазинасидан ҳазилакам харажат сарфланмайди. Янги ёзувга ўз изчиллигида ўтиб кетилганида, лотин ёзувини ўрганишга табиий эҳтиёж, зарурат, балки мажбурият сезиларди ва кўзланган мақсадга тежамли равишда эришиларди.

Иш юритиш қандай мақомда?

Ўзбек тили давлат тили мақомида бўлганидан кейин, иш юритиш қандай мақомда бўларди, давлат тили мақомида бўлади-да, дерсиз ҳойнаҳой. Аммо шу пайтгача бундай бўлмади. Бунинг сабаби ҳам қонун ижроси тўғри йўлга қўйилмаганига бориб тақалади.

Ҳозиргача ҳам иш юритиш ҳужжатларининг кўпчилиги ўзбек тилига кўчгани йўқ. Яқингача ҳамма ҳужжатлар юқоридан рус тилида келади, дея шикоят қилишарди идоравий ҳамкасблар. Ҳозир ҳужжатларни ўзбек тилида расмийлаштириб олиб борсак, «рус тилига ўгириб олиб келинглар», деб қайтаришяпти, демоқдалар. Хўш, ўрта бўғиндаги муҳтарам раҳбарларимизнинг бундай талаб қўйишларига бирор қонуний асос бормиди?! Афсуски, бор эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунининг янги таҳририни амалга киритиш тартиби тўғрисида»ги қарорининг дастлабки моддалари қуйидагича:

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:

1. Янги таҳрирдаги «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (9- ва 10-моддаларидан ташқари) эълон қилинган кундан амалга киритилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9- ва 10-моддалари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилган пайтдан, яъни 2005 йилнинг 1 сентябридан эътиборан кучга киради».

Англашилаётирки, ҳамма гап қонуннинг 9-, 10-моддаларига бориб тақалмоқда. Хўш, у моддаларда нима дейилган? Мана, ўша моддалар матни:

«9-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруратга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади.

Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро анжуманларда давлат тили, шунингдек, қатнашчиларнинг ўзлари танлаган тиллар анжуманнинг иш тили ҳисобланади.

10-модда: Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларнинг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин».

Бугунги кунда ушбу моддаларни қайта мутолаа қилиб, мағзини чақиб кўриб, уларнинг амалга киритилишини нақ ўн йил орқага суришга нима зарурат бор экан, асли шундоқ қонун эълон қилинган кундан кучга киритиб юбораверса бўладиган моддалар экан-ку, деб ўйлаб қоласиз. Ҳақиқатан ҳам, шундай. Эҳтимол, ўшанда қонун кучлироқ, қатъиятлироқ, устуворроқ бўларди.

Қонунни кучга киритиш тартиби тўғрисидаги қарорда белгиланган мазкур моддалар амалини ўн йил орқага суриш муҳлати, аслида, давлат тилида иш юритолмайдиган айрим раҳбарларга бу соҳада малака ҳосил қилишлари учун берилган қўшимча имконият бўлса, ажаб эмас. Лекин бу — ўн йилгача давлат тилида иш юритишни ўрганмаслик, билмаслик, қонунга риоя қилмаслик мумкин дегани эмас эди.

Афтидан, ўшандай шахслар йиллар мобайнида ҳужжатчилик тизимини рус тилида сақлашда, қуйи идоралардан ҳужжатларни рус тилида талаб қилишда шуни дастак қилиб олдилар ва ўзларининг ўзбек тилини билмасликларини шу билан хаспўшлаб келдилар. Асл моҳиятда, бу қонун ҳужжати матнини суиистеъмол қилишдан бошқа нарса эмас. Ўн йилгача давлат тилини билмаслик, шунча вақт рус тилидаги иш юритиш тизимини сақлаш мумкин, деб ҳеч қаерда ёзилмаган эди.

Хўш, бу борада эндиги аҳвол қанақа?

Қонунан, вазият яхши томонга ўзгариши керак эди, лекин…

Дарвоқе, қонунга 2004 йили киритилган қўшимча-ўзгартишларнинг иккинчи қисми ана шу ижобий томонга ўзгаришга қаратилган эди. Зотан, давлат тилида иш юритиш тизимига амал қилишни лотин ёзувига тўлиқ ўтиш муддатига доимий равишда боғлаб қўйиб бўлмайди-ку. Қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартишларнинг иккинчи қисмида мана нима дейилган:

«VIII. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунининг янги таҳририни амалга киритиш тўғрисида»ги Қарорининг 2-бандидаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилган пайтдан, яъни» деган сўзлар чиқариб ташлансин».

Лекин бу қўшимча ва ўзгартишлар кенг доирадаги фуқароларга етиб бормайди-да. Олий Мажлис ахборотномасини қидириб топиб, тегишли моддани аниқлаб, тегишли сўзларни ундан чиқариб ташлаб ўқиб кўрадиган одамлар топилармикан? Балки топилар, бироқ камдан-кам.

Топилганда ҳам ўқиб, масаланинг моҳиятини тушуниб олиши даргумон.

Хўш, қонунлардаги бу каби янгиликларни оммага ким сингдиради? Ҳуқуқшунослар, қонун шарҳлари, дерсиз? Шу ўзгаришларнинг моҳиятини ўтган ўн беш йил давомида бирор жойда бирор ҳуқуқшунос очиб берганини ҳаргиз кўрмадик.

2004 йилда нашр этилган Қонун шарҳида эса бу ўзгаришни шарҳлаш нари турсин, ҳатто Қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартишлар тилга ҳам олинмаган. Шарҳлар 1999 йилдаги 1-нашрда қандай бўлса, 2-нашрда ҳам шундай турибди. Эътибор беринг: «Шарҳлар» 2004 йил 10 октябрда босишга рухсат этилган, «Қўшимча ва ўзгартишлар» эса 2004 йил 30 апрелда эълон қилинган. Орада беш ой вақт бўлган. Назаримизда, «Шарҳлар» муаллифи юридик фанлар доктори, профессор Ғафур Абдумажидов янги эълон қилинган «Қўшимча ва ўзгартишлар»ни умуман кўрмаган бўлса керак. Кўрганида, нашр жараёнида, албатта, инобатга олган бўларди.

Тегишли таҳрирдан сўнг мазкур қарор моддаси қуйидагича ўзгаради: «Белгилаб қўйилсинки, «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9- ва 10-моддалари 2005 йилнинг 1 сентябридан эътиборан кучга киради».

Демак, англашиладики, эндиликда давлат тилида иш юритиш тизимига тўлиқ ўтилди. Энди ўзбек тилидаги ҳужжатларни қабул қилмасликка ёки ҳужжатларни рус тилида тайёрлаб жўнатишни талаб қилишга Қонун ҳеч кимга ҳуқуқ бермайди.

Ниҳоят, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг барча моддалари тўла ва узил-кесил кучга кирди. Гап қонуннинг амалга ошишидаги тугалликни ҳам таъминлашда қолди. Лекин, афсуски, мана орадан яна 15 йил ўтиб кетди ҳамки, қонун моддалари тўла амалга ошмаяпти. Ҳамон ўзбек ва рус тилларида ҳужжат юритиш ва ёзув қўшҳокимиятчилиги изчил давом этмоқда.

Ёзув қўшҳокимиятчилиги қачонгача?

Маълумки, «қўшҳокимиятчилик» термини асли тарих соҳасида қўлланган ва у жараён тақозосига кўра ёзувга ҳам кўчиб қолди. Тарихдан биламизки, қўшҳокимиятчилик ҳукм сурган давлатлар доимо инқирозга юз тутган. У жамиятни тубдан емирадиган иллатдир. Ёзув қўшҳокимиятчилиги ҳам жамият тараққиёти учун энг муҳим воситалардан бири — саводхонликни издан чиқарди.

Илгари матбуот ва нашриёт соҳаларида, иш юритиш тизимида имловий хатолар деярли учрамасди. Бугунги кунда хатосиз ҳужжатни, газета-журнални, китобни топиш амримаҳол. Ҳатто ўқитувчилар, бошқа фан мутахассисларигина эмас, она тили ва адабиёт муаллимлари ҳам хатосиз ёзолмайдиган бўлиб қолди.

Бунинг сабаби ёзув қўшҳокимиятчилиги жуда узоқ муддат давом этгани ҳамда ўзбек лотин алифбоси ва имло қоидаларида ҳануз чалкашликлар, такомилига етмаган қусурлар борлигидадир. Малака оширишга келган ўқитувчилар ёзув тахтасига ёзаётганларида баъзан беихтиёр лотиндан кириллга ёки кириллдан лотинга ўтиб кетганини билмай қолади.

Бир йили малака ошириш таҳсилидаги ўқитувчилардан улар доимий фойдаланиб келган дарсликдаги матн асосида лотин ёзуви бўйича диктант олишга тўғри келди. 275 сўздан иборат диктант матнини 121 тингловчидан бирортаси «5» баҳога ёзолмади.

Республика таълим марказидан олинган «Диктантни баҳолаш мезонлари» асосида текширилганида, ўқитувчилардан 23 нафари – «4», 24 нафари – «3», 27 нафари – «2», 47 нафари – «1» баҳога лойиқ диктант ёзгани маълум бўлди. Баҳолаш мезонига кўра, хатолар миқдори 15 тадан ошса, «1» баҳо қўйилади. Ҳолбуки, 30 дан ортиқ хатога йўл қўйган тингловчилар ҳам бўлди. Ўқитувчининг аҳволи шу бўлса, ўқувчининг аҳволи, оддий фуқаронинг саводхонлиги қандай бўларкан?

Президент фармонида Давлат тилини ривожлантириш департаментининг вазифалари белгилаб берилган. Шулардан бири «лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш»дир. Бу борада ёзув қўшҳокимиятчилигига барҳам бериш асосий вазифадир. Давлат ва жамият ягона ёзув амалиётига тўлиқ ва узил-кесил ўтмас экан, умумхалқ саводхонлигини тўлиқ тиклаш имконсиздир. Муаммонинг ечими махсус, қатъий қарорни тақозо этади.

Шунингдек, фармонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига «Давлат тили ҳақида»ги қонунни бугунги кун талаблари нуқтайи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Ана шу вазифа доирасида назарда тутилиши керакки, тарихий жараён тақозоси билан «Давлат тили ҳақида»ги қонун ва «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонун алоҳида-алоҳида қабул қилинган.

Эндиликда ушбу қонунларни бирлаштириш вақти келди. Чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам давлат тили ҳақидаги қонундир. Мазкур қонунлар ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолатда қайта ишлаб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Нусратулло ЖУМАХЎЖА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
университети профессори, филология фанлари доктори

Манба

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг