Bloomberg: Дунё қачон одатий ҳаёт тарзига қайтади? Агар вакцинациялаш тезлиги ҳозирги суратда давом этса бунга 7,4 йил керак бўлади

0
947
Фото: Reuters

Пандемия қачон тугайди? Бу ўтган йили COVID-19 дунёни эгаллаб олганидан бери деярли ҳамма жойда берилаётган савол ҳисобланади. Бу саволга жавобни коронавирусга қарши эмлаш миқёси билан ўлчаш мумкин.

Bloomberg ахборот агентлиги ҳозиргача бутун дунё бўйлаб неча киши коронавирусга қарши эмлангани борасида энг катта маълумотлар базасини яратди. Унга кўра, шу пайтгача жаҳонда жами бўлиб 108 миллиондан зиёд одам вакцинани қабул қилиб бўлди. АҚШлик вирусолог Антони Фаучининг айтичиша, бирон мамлакат одатий ҳаёт тарзига қайта олиши учун аҳолининг 70-80 фоизида вирусга қарши иммун тизими мавжуд бўлиши керак.

Bloomberg статистикасига кўра, ҳозирда дунёдаги бир неча мамлакатлар ўз аҳолисини эмлаш ишларини бошқаларга қараганда жуда тезкорлик билан амалга ошириб, фуқароларининг 75 фоизини эмлашни режалаштирмоқда.

Масалан, Исроил икки ой ичида ўз аҳолисининг 75 фоизини эмлаш йўлидан бораётган бўлса, АҚШ бу даражага 2021 йилнинг сўнггига қадар етишни мақсад қилган.

Айни пайтда бойроқ бўлган ғарб мамлакатларида коронавирусга қарши эмлаш ишлари тезкорлик билан амалга оширилаётган бўлсада, ҳозирги вакцинациялаш тезлиги билан бутун дунё аҳолисини вакцина билан таъминлашга умумий ҳисобда 7,4 йил вақт кетади.

Вакцинани қабул қилган одамнинг организмида бир неча ҳафтадан кейин вирусга қарши иммун тизими ҳосил бўлади. Аммо, агар бир мамлакатда жуда оз сонли одамларгина эмланса, вирус тарқалишда давом этади. Қанчалик кўп одам эмланса, вируснинг тарқалиш эҳтимоли шунчалик камаяди ва жамиятда CОVID-19 га қарши оммавий иммунитет ҳосил бўлади.

Аммо, бугунги кунда жаҳондаги олимлар орасида оммавий иммунитетга қачон эришилиши борасида турлича фикрлар мавжуд. Олимларнинг баъзилари жамиятдаги жами одамларнинг 75 фоизи эмланса бундай иммунитет ҳосил бўлишини айтишмоқда. Бошқалар эса, аҳолида табиий равишда коронавирусга қарши иммунитет ҳосил бўлишини айтишади. Яъни, мамлакатдаги одамларнинг маълум миқдори вирусни юқтириб, ундан тузалади ва улар шу орқали табиий иммунитетга эришишади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг