Тараққиёт йўлида маърифатпарварлик (1-бўлим)

0
3463
Фото: ok.ru

XIX-ХХ асрлар чегарасида Россия империясининг мусулмон зиёлилари халқ орасида саводсизликни йўқ қилиш ва одамларга зиё улашиш йўлида фаол маърифатпарварлик ишини амалга ошриш мақсадида фикр ҳаракатини бошлаб юборди.

Россия мустамлакачилик сиёсатининг Туркистон, Волгабўйи, Қрим, Озарбайжондаги инқирози туфайли маҳаллий халқларнинг муаммоларига жавоб қидириш бошланди, қуйидагилар энг долзарб муаммога айланди:

  1. Россия империяси мусулмон аҳолисининг ривожланиш ғоясини қандай мафкуравий пойдеворда шакллантириши лозим?

Октябрь тўнтаришидан сўнг яна бир муҳим савол кун тартибига қўйилди:

  1. Мустамлакачилик сарқитларидан қутулиш, бунда қизил ғалтакмола остига тушиб қолмаслик, туб халқлар менталитетига зид коммунизм ва марксизм ғояларидан қочиш учун нима қилиш мумкин?

Туркистон зиёлилари ватанпарварлик фаолиятига асос қилиб жадидчиликни (арабча жадид – «янги») олди. У прогрессив миллий зиёлилар орасида туғилган муҳит ва ғоявий йўналишнинг умумий номига айланди.

Ушбу мафкуравий дунёқараш XIX аср охири – XX асрнинг биринчи чорагида Қрим, Волгабўйи, Кавказ ва Туркистон мусулмон халқлари орасида тобелик ва қулликка қарши асосий ғоявий ҳаракат ва ижтимоий фикрга айланди. Унинг тарафдорлари янгиланишга, ўқитиш ва миллий тараққиётга эришишнинг янги, замонавий шаклларини яратишга интилганлар.

Бу саволларга жавоб, муаммоларга ечим қидириш жадидчилик ғояларининг туғилишига бирламчи замин яратди.

Мазкур ижтимоий ҳодисанинг ноёблиги жамият ҳаётининг барча томонларини қамраб олишида эди, зеро жадидлар бир пайтнинг ўзида ҳам жамиятни ижтимоий томондан ислоҳ қилишни, ҳам унга маърифат улашишни исташар эди.

Бу саъй-ҳаракатларда улар ўз давридан ўзиб кетди, негаки оддий, лекин муҳим бир ҳақиқатни биринчи бўлиб тушунди:

Ҳар қандай ўлка, мамлакат, миллат ва минтақанинг энг жиддий ва қимматли ресурси нефть, газ ёки олтин эмас, балки инсонлар, маърифатли ва зиёли фуқаролардир. Хомашё ва табиий ресурсларнинг мавжудлиги ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини, халқлар тараққиёти кафолати бўла олмаслигини тарих кўрсатиб турибди.

Айнан шу туфайли XIX аср охири – XX аср бошида Туркистон жадидлари янги усул мактабларида таълимнинг янги йўлларини топиш, биринчи университетни очиш, истеъдодли ёшларни Европага ўқишга юборишни ўзларининг миллий вазифаси деб ҳисоблади.

Чунки зиёли, маърифатли инсонларгина шахсий эркинликка, инсоний ҳуқуқларига риоя этилишига, сўз ва фикрлаш эркинлигига эриша олади, ривожланган ҳуқуқий давлат ярата олади.

Жадидчилик асосчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий чет тилларни ўрганишга чақирар, Мунавварқори Абдурашидхон, Абдулла Авлоний ва бошқалар эса кўплаб ёш туркистонликлар пивохона ва чойхоналарда вақтини бўш ўтказаётгани ёхуд мардикорлар, яъни арзон ишчи кучи сифатида Россия империяси маъмуриятига содиқ задогонларга хизмат кўрсатаётганидан норозилик билдирар эди.

Ушбу чақириқлар фақат туркистонликлар учун эмас, балки бутун инсоният учун ўшанда ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам, эртадан кейин ҳам долзарб ва муҳим бўлиб қолаверади.

Жадидчилик умуммиллий ва ижтимоий-сиёсий вазифаларни ҳал этишга қаратилгани билан шарқона маърифатпарварлик ва диний ислоҳотчиликдан тубдан фарқ қилар эди.

Тарихий Туркистонда жадидчилик миллий озодлик ҳаракати вазифасини бажарарди, яъни Туркистонда Россия империясига тобе этилган халқлар тарихида янги саҳифа очган, маҳаллий халқлар миллий ўзлигининг уйғониши ва ўсишига қаратилган ғоявий-сиёсий тизим ўлароқ шаклланди.

Ҳаттоки СССР даврида ҳам Россия империясининг мустамлакачилик сиёсатини ва совет мафкурасининг қуролли тажовузининг салбий оқибатларини оқлаш учун ёлғон уйдирмалар усталик билан тарғиб этиларди. Уларнинг моҳияти шунда эдики, гўёки «маҳаллий аҳоли Россия империяси томонидан босиб олинишига қадар саводсиз эди».

Маҳаллий ёшлар мактаб ва мадрасаларда муносиб таълим кўраётгани, ҳатто қизлар ва аёллар маърифатли отинойилар қўлида хат-савод ўрганаётгани «унутиб» қўйилар ёки инкор этилар эди.

Империя статистикаси фақат ўлканинг рус-тузем мактабларида таълим олаётган болаларни инобатга олар, фақат рус тилини билганлар маълумотли ҳисобланарди. Бошқача айтганда, туб ерли аҳолининг саводхонлик даражаси ҳақидаги асл маълумотлар яширилар эди.

Ҳақиқатда эса ХIХ асрнинг иккинчи ярмида ҳам Туркистоннинг шаҳар ва қишлоқларида, ҳар бир маҳалладаги, ҳар бир овулдаги масжидларда анъанавий бошланғич мактаблар ишлаб турар эди.

Бир неча маҳалладан иборат йирик қишлоқ-овулларда ва шаҳарларда эса мадрасалар, яъни ўша даврнинг олий билим юртлари ишлар эди.

Бундан ташқари, Туркистонда янги кўринишдаги мактаблар фаолият юритар эди, масалан, 1884 йили Тошкентда, Хивада ва Бухорода илк рус-тузем мактаблари очилди. 1892 йили ўлкада уларнинг сони 21 тага етди. Туркистоннинг сал кам ўн миллионлик аҳолиси эҳтиёжларига 1917 йили бор-йўғи 170 рус-тузем мактаблари хизмат қилар эди.

Қиёс учун, 1890 йили Бухоронинг ўзида 217 масжид ва уларнинг таркибида бошланғич мактаблар, шунингдек, 185 мадраса бор эди. Мустамлакачи маъмурият Самарқандда ўттиз йилдан ортиқ туриб, фақат 1897 йилгагина келиб битта рус-тузем мактабини қурди. Ўша пайтда Самарқандда 21 та анъанавий мадраса ва 83 та мактаб ишларди.

Фақат Қўқон шаҳрининг ўзида 1917 йил 26 ноябрида 39 масжид ҳисобланган бўлиб, уларнинг таркибида мактаблар бор эди. Бундан ташқари, 40 мадраса фаолиятини давом эттираётган эди. XX аср бошида Хоразмда 130 мадраса, 1636 масжид ва 1500 мактаб бўлиб, уларда 45000 толиби илм таҳсил кўрар эди.

Хоразмдаги ижтимоий ва сиёсий ҳаракатлар тарихини, у ерда жадидчиликнинг юзага келиши ҳамда Хоразм жадидларининг совет ҳокимиятига қўшилишдан бош тортиши билан боғлиқ воқеаларни батафсил ва холис ёритиб берган таниқли ўзбек тарихчиси, Н.Т. Полвонов хабар қилади:

Хива хонида илк рус-тузем мактаби 1884 йилда Хива хонининг кўмагида очилган, дастлабки жадид мактабига эса 1904 йил 10 ноябрда асос солинган. 1906-1907 йилларда Урганчда қизлар учун мактаблар очилди. Жадидчилик ҳаракатининг шаклланиши ва янги усул мактаблари тизими ривожланишида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз), қозикалон Салим Охун ва унинг ўғли Бобо Охун, хонлик вазири Исломхўжа, шоир, мусиқашунос ва давлат арбоби Паҳлавонниёз мирзабоши, девонбеги Комил Хоразмий, Хоразмнинг биринчи ношири, литография йўли билан китоб чоп эта бошлаган Отажон Абдалов, Хонқа шаҳри ҳокими Муҳаммад ва бошқа кўплаб тараққийпарварлар муҳим ўрин тутган.

Хива хони бошчилигидаги тараққийпарварлар ўз ҳисобларидан бир қатор янги усул мактабларини очди, улар учун Бобо Охун Салимов ва Бекжон Раҳмонов дарслик ва қўлланмалар яратди. Хоразмда жадидчилик ҳаракати бир қадар ўзига хос жиҳатларга эга бўлиб, унинг бу шаклга эга бўлишида ҳам ички, ҳам ташқи омиллар роль ўйнаган. Жадидчиликнинг Хоразм мактаби яратилишида Мунис ва Огаҳий томонидан асос солинган, Баёний бошчилик қилган таржимачилик ва тарихчилик мактаблари муайян ўрин тутган бўлиб, элитанинг Хоразм ўтмишига қизиқиши ҳам бунга ёрдам берди.

Шунингдек, илғор фикрловчи, олий маълумотли ва зиёли ёшлар ҳам Хива хонлигида жадидчилик ҳаракатининг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшган бўлиб, улар кейинчалик Паҳлавонниёз Ҳожи Юсупов (1861-1936) бошчилигида ёш хиваликлар ташкилотининг яратилишида иштирок этди. Бу ҳаракатда қозикалон Бобо Охун Салимов (1874-1929) муҳим ўрин тутарди. Ёш хиваликлар партияси секин-аста Хива хонлигининг асосий сиёсий кучига айланди, партия аъзолари мустақиллик ва тараққиёт тарафдорлари эди.

Хива хонлигида жадид матбуоти йўқлигига қарамай, маҳаллий зиё аҳли Усмонли салтанати, Эрон ва Россияда, шунингдек, Тошкент, Самарқанд ва Бухорода чоп этилаётган жадид газета ва журналлари билан танишиш имкониятига эга эди.

Н.Т. Полвоновнинг бу тезислари архив ҳужжатлари ҳамда жадидчилик муаммоси билан шуғулланувчи муаллифларнинг маълумотлари билан тасдиқланади.

(давоми бор)

Муаллиф: Тарихчи-публицист Шухрат Саломов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг