Беозор экстремизм ҳам бўладими? Зўравон экстремизм нима?

0
2348
Фото коллаж

Менинг 20 нафар синфдошим бор. Улар билан ҳар ойнинг охирги якшанбасида чойхонада ўтирамиз. Ўтган-кетган воқеалардан, кундалик янгиликлардан гаплашамиз. Кўпинча, фикримиз бир ердан чиқади. Суҳбатнинг сўнггида дастурхонга девзира гуручли, сергўшт ош тортилади. Мендан бошқа барча синфдошлар гўштни севади. Мен эса йўқ. Ошдаги гўштни ажратиб, фақат гуруч ва сабзисини ейман. Шу боис синфдошларим менинг олдимда ўтиришни яхши кўришади: ажратилган гўштлар уларга насиб қилади.

Мана шу ҳолатим беозор экстремизмга мисол бўлади. Экстремизмнинг луғавий маъноси умумий қабул қилинган қоида ва нормалардан ўзгача фикр ва ақидага эга бўлиш, бирор бир жамиятда кўпчилик томонидан қабул қилинган умумий қарашларга тўғри келмайдиган фикрларни илгари суришдир.

Агар бизнинг синфдошлар жамоасини кичик жамият деб тасаввур қилсак, гўштсиз ош бўлмаслиги ҳақидаги фикр умумий қабул қилинган қарашдир. Мен эса бу нормага амал қилмаган ҳолда ошкора гўшт ейишни рад этдим. Бу менинг луғавий маънода тушунганда экстремистик қарашимдир. Бундан эса кичик жамиятимиздаги аъзоларга ҳеч бир озор етгани йўқ. Агар мен бу ҳолатда “Болалар, бўлди, етар, ҳадеб гўшт еяверсангиз, қўйларга жабр бўлади. Энди ҳеч ким гўшт емайди. Гўшт еганларни ўзим жазолайман. Ким гўшт еса, тишини синдираман” десам, энди бу ҳолатим зўравон экстремизмга айланади.

Масалан, от эстетик жонивор сифатида қадрланадиган баъзи мамлакатларда от гўштини истеъмол қилиш экстрем дея баҳоланади. Бизда эса бу оддий ҳолат сифатида қарши олинади. Таълим пулли бўлган мамлакатларда фуқароларнинг таълимни буткул бепул қилиш ҳақидаги талаби экстрем ҳисобланади. Туркманистондаги норасмий тақиққа кўра, пойтахт Ашхободда фақатгина оқ рангли автомобилларда ҳаракатланиш нормага айланган. Бу ҳолатда қора рангли машина ҳайдаш эксремдир. Бу ҳолатлар ҳам беозор экстремизмга мисол бўлади.

Яна бир мисол келтираман. 10 нафар курсдошим бор. Баъзан ўтириб турамиз. Уларнинг ҳаммаси футболда “Барселона”га мухлислик қилади. Бу даврада Месси ҳақида гапирилади,  Гвардиола эсланади, Камп Ноу хотираларидан сўзланади. Мен эса гарчи унчалик қизиқмасам-да, баъзан “Реал”га мухлислик қилиб тураман. Бу даврада “Реал” ҳақида сўз очсам, мен “Барса” мухлислари учун экстремистга айланаман. Бу ҳам беозор экстремизмнинг бир тури. Агар мен бу ерда “Бўлди, бас, энди бундан кейин фақат “Реал” ҳақида гапирасанлар, “Барса” ҳақида ким сўз очса тилини кесаман” десам, энди зўравон экстремистга айланаман.

Тарихда турли даврларда турли жамоалар бир-бирини экстремизмда айблаган. “Экстремизм” сўзи ҳам турли маъноларда ишлатилган. Масалан, собиқ СССР даврида коммунист ёки атеист бўлиш кераклиги ҳақидаги фикрларга қарши чиққанлар экстремист ҳисобланган. Аслида эса давлатнинг коммунистик мафкурани қўллаб-қувватламаган одамни жазолаши, ҳамма бирдек фикрлашини талаб этиши экстремизмдир. Лекин, СССР, аксинча коммунизм ёки атеизм ғояларига қарши чиққанларни экстремизмда айблаган.

Ҳозирда демократиянинг устунлари бўлган баъзи қадриятлар тарихда экстремизм дея баҳоланган. Масалан, 1850 йилларда Америка Қўшма Штатларда қулликка қарши бўлганлар хавфли радикаллар ҳисобланган. Чунки ўша пайтлардаги АҚШда мавжуд бўлган қарашларга кўра, афроамерикаликларни қулликда сақлаш нормал ҳолат ҳисобланган.

1900 йилда Францияда ёки Буюк Британияда сайловларда овоз бериш ҳуқуқи учун курашган аёллар экстремист озчилик сифатида қораланган. Бу даврларда аёлларнинг сайловда қатнашмаслиги жамият томонидан қабул қилинган норма бўлган.

1980 йилларнинг ўрталарида мустақиллик ва миллий ғоялар учун учун курашган собиқ СССР мустамлакаларидаги айрим озчиликлар ҳам экстремистлар деб эълон қилиниб, таъқибга олинган ва жазоланган.

Юқоридаги уч ҳолатда ҳам зўравонликка кирмаган экстремизмни кўрамиз. Хўш, унда зўравон экстремизм нима?

Зўравон экстремизм – бу ижтимоий, иқтисодий ёки сиёсий мақсадларда маълум мафкурада асослантирилган зўравонликни тарғиб қилиш, унда қатнашиш, тайёрлаш ёки бошқа йўл билан қўллаб-қувватлашдир.

«Зўравон экстремизм» – ҳар қандай гуруҳ томонидан ўз мақсад ва ғояларини амалга оширишда куч ишлатиш ва зўравонликдан фойдаланишга рухсат берувчи эътиқоддир.

Масалан, ИШИД, Ирландия Республикачи Армияси, Ку Клукс Клан ёки Нео-Нацистлар томонидан энг кўп қўлланган даъволардан бири – гуруҳнинг мақсадларига фақат зўравонлик орқали эришиш мумкинлигидир.

Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида келтирилган экстремизм маъноси зўравон экстремизмга тўғри келади.

Экстремизм – Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодасидир.

Ушбу мақола USAID ташкилотининг лойиҳаси асосидаги CASSS дастури ёрдамида ёзилган.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг