Самарқанддаги Муқаддас Иоанн Креститель черкови   (Церковь Святого Иоанна Крестителя)

0
7565
Фото: М.Тошпулатова

Самарқанд шаҳрининг деярли марказида, Маҳмуд Қошғарий кўчасида готика ва борокко услуби уйғунлигида қурилган ажойиб архитектура ёдгорлиги бор. Муқаддас Иоанн Рим-католик черкови Самарқанддаги Ўзбекистон ҳаворийлари маъмурияти таркибига кирувчи католик черковидир.

Фото: М.Тошпулатова

Черков тарихи

19-аср охирида Ўзбекистонда рус армияси таркибида европалик ҳарбийлар, шунингдек, тинч аҳоли – савдогарлар, тадбиркорлар ва амалдорлар кўпая бошлади. Тахминан 1905 йилга келиб, уларнинг сони шунчалик кўп эдики, улар Самарқандда католик черковини қуриш ғоясини кўтариб чиқишди. Ташаббус гуруҳи Туркистон епархиясига черков қуриш учун рухсат сўраб мурожаат қилди, лекин таклиф рад этилган эди.

1915 йилда Биринчи Жаҳон уруши пайтида Польша, Австрия, Венгрия, Германия каби Европа давлатларидан кўплаб асирга олинган ҳарбий католикларнинг шаҳарга келиши муносабати билан жамоат ниҳоят черков қурилишига розилик олишга муваффақ бўлди. Шаҳар ҳокимияти черков қурилиши учун буюк мутафаккир, тилшунос  Маҳмуд Кошғарий номидаги замонавий кўча ҳудудидан ер ажратди. Соборнинг лойиҳаси таниқли меъмор Нелле томонидан ишлаб чиқилган. Самарқанддаги Католик концессиясига тегишли бўлган ушбу Иоанн Баптист черкови 1915-1916 йилларда қурилган.

Фото: М.Тошпулатова

1917 йилдан бери, Совет Иттифоқи даврида, коммунистик бошқарув даврида, маъбад ишламади, унинг бинолари ёпилди ва давлат назоратига ўтказилди. Диннинг барча рамзлари диққатга сазовор жойлардан олиб ташланди ва черков биноси спорт залига айлантирилди.

1988 йилга келиб собор ичидаги зални орган билан жиҳозлашга қарор қилинди ва ҳатто барча керакли ҳужжатлар тайёрланди, аммо Совет Иттифоқи парокандалик даврида у ғояни амалга оширишга маврид топилмади.

Фото: М.Тошпулатова

Шу билан Ўзбекистон мустақилликка эришгач, диндорлар бағрига шамол тегди. Черковлар, ибодатхоналар айни мақсадда фойдаланиш учун аҳолига очила бошлади. Руҳоний ота Иван Ролоффнинг таклифи билан 1995 йил охирида Самарқанд муниципалитетида католик черковининг ташкил этилиши қайд этилган ва икки йилдан сўнг, 1997 йилда йиғилишдан сўнг черков унинг юрисдикциясига ўтказилган. Ватиканнинг Марказий Осиёдаги элчиси Архиепископ Мариан Олес  мамлакат Президенти Ислом Каримов билан учрашгач, муқаддас Иоанн Креститель черкови 1999 йилнинг баҳорида освещение маросимлари ўтказилиб, фойдаланишга топширилган.

Фото: М.Тошпулатова

Турли даврларда Ўзбекистонда Тадеуш ота Глюзец, Фрациск ота Стопкович, Луcиан ота Шиманский, франсиск роҳиблари тартибига мансуб Питер Кава каби руҳонийлар ибодатхона руҳонийси бўлиб ишлаган.

1999 йил март ойидан бошлаб черковга ташриф буюрувчилар рус, инглиз ва немис тилида ўтиладиган мессадан баҳраманд бўлишади.

Фото: М.Тошпулатова

Меъморий услуби

Самарқанддаги Иоанн Креститель черкови аралаш роман услубида классицизм, готика ва барокко унсурлари билан қурилган. Ибодатхона  биноси тарғил рангли  тошдан ясалган, мустаҳкам деворлари ва улкан истеҳкомлари бўлган қалъага ўхшайди. Бино классик бир қаватли шаклга эга бўлиб, аркли деразалар ва 2 қаватли томи бор. Черковга баланд қўнғироқ минораси бириктирилган бўлиб, у ихчам миноралар ва чўққи том билан безатилган.

Фото: М.Тошпулатова

Икки томонида Исо Масиҳ ва Биби Марямнинг ёдгорликлари жойлашган черковнинг ўзи католик анъаналарига мос келадиган жуда камтарона собордир. Маъбаднинг деворлари очиқ рангларда қилинган, бино атрофида ташриф буюрувчилар учун анъанавий скамейка ўриндиқлар жойлашган.

Фото: М.Тошпулатова

Джаченти Паоло ота:

Самарқанддаги Муқаддас Иоанн Креститель черкови   (Церковь Святого Иоанна Крестителя)  бугунги кундаги руҳонийси

Ўзбекистонда 6 та ибодатхонамиз бор– Тошкент, Ангрен, Фарғона, Самарқанде, Бухоро и в Урганда. Навоий шаҳрида ҳам кичикроқ приход бор.  Самарканде ва Тошкентдаги черковларимиз жуда чиройли бинолардир. Улар архитектура ёдгорлиги дея ҳисобланади.

1916 йил қурилган черков СССР даврида спортзалга айлантирилган эди. Ўзбекистон мустақил бўлгач, черков Ўзбекистондаги католик диндорларга қайтарилди.

Ўтган 2021 йили эса, черковимиз капитал таъмирланди. Кўриб турганингиз ҳолат бошдан -охир таъмирланган кўринишидир. Деворлар, иссиқ поллар, потолок, деразалар – ҳаммаси янгиланди. Орган Польшадан келтирилди, черков органи армониум дейилади. Бу ерда маҳаллий усталар ишлашди.

Фото: М.Тошпулатова

Самарқанддаги Католик диндорлар ҳар якшанба 20-30 чоғли бўлиб ибодатга келишади. Биз руҳонийларнинг вазифамиз сони нечта бўлмасин, одамлар учун хизмат қилишдир.  Ҳорижлик туристлар пандемия туфайли камайган бўлса-да, яна саёҳатлар аста изига тушмоқда.

Фото: М.Тошпулатова

Биз черковда иккита руҳоний ишлаймиз. Бизни хизматга Рим Папаси тайинлайди. Мен Аргентиналикман. Мен семинарияда 7 йил ўқиганман. Кейин 3 йил фалсафа ўрганилади. Уни Аспирантура даражасида ўқиганман. Мен монахман, «Институт  воплощённого слова» Орденига қарашлиман.

Фото: М.Тошпулатова

Мен бир ярим йилдан бери бундаман. Самарқандга келмасимдан олдин 5 йил Чимкентда, 6 йил Луга шаҳрида ишладим. Биз руҳонийлар қаерда черковларимиз бўлса, ўша ерларга хизматга жўнатиламиз.

Миссионерлик Ўзбекистонда таъқиқланган. Прозелитизм ҳам мумкин эмас. Биз ундай ишлар билан шуғулланмаймиз.

Биз черков ҳудудида динимизга оид маросимларимиз, диний байрамларимиз, тадбирларимизни ўтказамиз. Худога шукур, Ўзбекистондек тинч-осойишта юртда яшаймиз.

Фото: М.Тошпулатова

Ҳар бир маданият, халқнинг ўзига хосликлари бўлади.  Биз қаерга бормайлик, яхши томонларини кўришга уринамиз. Одам ўзини шунга чоғлаши керак бўлади. Айниқса, биз.

Ўзбекистонда оилани муқаддас санашлари менга ёқади. Ёшлар мамлакати, болалар юрти. Уларни кўриб одамнинг ҳаётга завқи ошади, шукрона келтиради.  Масалан Европада болалар кўп эмас. Баъзи европаликлар фарзанд кўришни кўп ҳам хоҳлашмайди.

Ўтган куни биз турли дин вакиллари руҳонийлари –имомлар, православ батюшкалар, епископлар учрашувида бўлдик.

Хулоса шу-ки , биз барчамиз оддий инсонлармиз. Ҳеч бир хурофотсиз, айиришларсиз яшаш қандай яхши. Самарқанд кўчаларида юрар эканман, биров мени бошқалардан ажратмайди. Албатта, дунёвий ишларимда, бозорда сутана кийиб юрмайман.

Храмдаги хизматдан ташқари менинг бошқа дунёвий ишларим ҳам кўп. Интернет орқали семинарияда дарсларда қатнашаман. Спортни яхши кўраман. Ҳовлида волейбол майдончаси қилганмиз. Орган чалишни хуш кўраман. Настоятель – (отец) Ариэль ота эса расм чизишни яхши кўради. Яна кичкина томорқамиз бор. Помидор, бодринг экамиз.

Католик руҳонийлар оила қурмайдилар. Кўчиб юриб, ўзимизни тўлиқ Худо хизматга бағишлаганимиз учун, фикримиз бўлинмаслиги учун, ибодатда чалғимаслик учун шундай йўл тутилади. Диним тақозосига кўра дунёнинг қаерида бўлсам ҳам, бутун борлиғимча илоҳиётга берилишим керак.

Ҳар бир инсон ўз дини, эътиқодига бошқаларнинг эътирозисиз амал қилиши яхши. Бунга ҳеч ким бу инсонга қарши чиқмаслиги яхши. Менинг турли миллат ва динларга мансуб дўстларим бор. Мана, шу черковни таъмирлаган ўзбек, мусулмон уста йигитлар билан жуда яхши биродарлашиб қолганмиз. Бу юртга берадиган энг қисқа таърифим:  Ўзбекистон бағрикенг инсонлар диёридир!

 

 “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” лойиҳаси доирасида Мавлуда Тошпулатова томонидан тайёрланди.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг