Ислом таълим муассасалари ўртасида танлов ўтказилди

0
845

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида эсселар танлови ўтказилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати.

Бугунги кунда юртимизда ёшларни миллий қадриятлар, анъаналаримизга содиқ руҳда тарбиялаш, Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, “оммавий маданият” кўринишидаги салбий иллатларни ёшларга тушунтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мусулмонлар идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ва Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўртасида “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида эсселар танлови ташкил этилди.

Жамиятимизга етук, рақобатбардош кадрларни етиштириш, эртамиз эгаларининг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг ўз қобилиятларини намоён этишларига имконият яратиш, жамоатчилик, фидойилик фазилатларини шакллантириш, ёшлар онгида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча, билим ва кўникмаларни янада юксалтириш танловнинг устувор вазифаларидан саналади. Шунингдек, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий жараёнларга нисбатан танқидий-таҳлилий ва ижодий дунёқараш кўникмаларини шакллантириш, иқтидорли ва истеъдодли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб рағбатлантириш долзарб вазифа ҳисобланади.

“Ватанни севмоқ имондандир” мавзусидаги эсселар танлови икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич – 2022 йилнинг 2-7 июнь кунлари ўрта махсус ислом билим юртлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ва Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби талабалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўртасида ўтказилди. Республика босқичи эса жорий йилнинг 14-17 июнь кунлари биринчи босқичда 1, 2, 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар ўртасида ўтказилиши белгиланган.

Жараённи шаффоф ва тартибли ўтказиш мақсадида Ташкилий қўмита ҳузурида ҳамкор ташкилотларнинг масъуллари, тегишли таълим муассасаларининг раҳбар ўринбосарлари вакилларидан иборат Ташкилий гуруҳ тузилди.

Танловнинг биринчи босқичи доирасида таълим муассасасининг масъул ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳ томонидан иштирокчиларга “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида эсселар ёзиш топширилди ва баҳоланди.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилган танловнинг биринчи босқичида Академиянинг 80 нафарга яқин талабалари иштирок этди. Талабалар томонидан ёзилган иншолар Академиянинг мутасадди раҳбарлари, ўқитувчи ва ходимларидан тузилган Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари асосида баҳоланди.

Шундан сўнг танловнинг якуний натижалари эълон қилинди. Мазкур тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб бераркан, танловда иштирок этган барча талабаларга миннатдорлик билдирди. Ватанни севиш, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини таъкидлади. Айниқса, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётгани ва бу жараёнда ёшлар мамлакатнинг билим салоҳияти, порлоқ истиқболини таъминлайдиган куч эканини қайд этди.

Ўз навбатида Ҳакамлар ҳайъати раиси, Зиё-медиа маркази директори Абдуҳамид Мухторов мавзуга оид мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифларга эга, тўлақонли очиб берилган, имловий саводхонлиги баланд, амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ўз муносабати акс этган ижодий ишлар юқори баҳоланганини билдирди.

Танловда иштирок этган талабалар ҳам сўзга чиқиб, бу каби танловлар ёшларни ўз устида ишлашларига катта туртки бўлиши, билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилишини таъкидлашди.

Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли, шаффоф, очиқ ва ошкора тарзда баҳоланган танлов натижалари эълон қилинди.

Унга кўра, “Исломшунослик” факультети 4-босқич талабаси Ирода Абдуманнопова 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўрин “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети 3-босқич талабаси Муҳаммадамин Мамановга насиб этган бўлса, 3-ўрин “Мумтоз шарқ филологияси” факультети 2-босқич талабаси Дилдора Ражапбоева қўлга киритди.

Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Академик лицейи ўқувчилари — Муратова Муслима 1-ўрин, Шавкатова Заҳро 2-ўрин, Султонмуродова Муслима 3-ўринни эгаллади. Иқтидорли йигит-қизлар танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Бундан ташқари, ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов доирасида яхши натижаларни қайд этган талабалар турли номинациялар билан рағбатлантирилди.

Эслатиб ўтамиз, танлов низомига кўра, республика босқич иштирокчиларининг барчаси ноутбук билан тақдирланади. 1-ўрин соҳиби 30 миллион, 2-ўрин 20-миллион, 3-ўрин эгаси эса 10-миллион сўм пул мукофотини қўлга киритади. Танловнинг республика босқичи фаол иштирокчилари турли номинациялар бўйича ҳам тақдирланиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактабида ҳам танловнинг биринчи босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг