Туркманистон Афғонистон билан чегара ҳудудидаги ҳарбий сафарбарликни кучайтиради

0
838
Фото:hronikatm.com

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 1 июль куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказган. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар қилди.

Йиғилишнинг очиқ қисмида Туркманистон президенти мамлакатда жиноятчиликнинг ўсиб кетгани ва кучишлатар тизим ходимларининг малакаси борасида хавотирда эканлигини билдирди.

Бундан ташқари, «Хроника Туркменистана» нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, йиғилишнинг ёпиқ қисмида ОАВ вакиллари иштирок этмаган ва унда Бердимуҳамедов ҳамда ҳарбий идораларнинг раҳбарлари қўшни Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиб, икки мамлакат чегаралари ҳудудида ҳарбий қўшин сонини ошириш борасида суҳбатлашган.

Йиғилишда Мари ҳамда Лебоб вилоятларида чегарадан 130 километр узоқликда ракета қуролларини жойлаштириш, Мари-2 ҳарбий аэродромига қўшимча равишда ҳарбий вертолётлар ва штурм учун техника юбориш ҳақида топшириқлар берилган. Аэродромда авиация гуруҳларининг бошқарув пункти жойлашган.

Шунингдек, армияда юк машиналар учун малакали ҳайдовчилар, танклар ва бронетранспорт учун ходимлар етишмаслиги қайд этилган. Зарурат бўлганда ҳарбий техникани бошқаришга фуқаролик тузилмаларидан 60 ёшгача бўлган юк машинаси, бензовоз, трейлер ва санитар автомобилларининг тажрибали ҳайдовчилари жалб қилиниши таъкидланган.

Номаълум сабабларга кўра Эрон билан чегара ҳудудидаги Гарригала, Сердар (собиқ Қизилравот), Бахарден ва Кака туманларидаги ҳарбий қисмларга ҳам қўшимча бўлинмалар юбориш ҳақида топшириқ берилган.

Шу билан бирга йиғилишда чегарани қўриқлаш учун хориждан ёлланма қўшин жалб этиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

«Толибон» ҳаракати Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари ва уларнинг иттифоқчилари чиқиб кета бошлаганидан кейин фаоллашган. Аввал «Толибон» вакилларининг Афғонистонда Туркманистон билан чегара ҳудудидаги Андхой вилоятини эгаллагани хабар қилинган эди.

5 июль куни Эмомали Раҳмон тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун армия резервидаги 20 минг нафар ҳарбий хизматчини сафарбар этгани,  Россия президенти Владимир Путин Тожикистонга Афғонистон билан чегарадаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан ёрдам беришни ваъда қилгани ҳақида хабарлар берилган.

Шунингдек, «Толибон» билан тўқнашувдан сўнг 1000 дан ортиқ афғонистонлик ҳарбийлар Тожикистонга чекингани, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Афғонистондаги кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилган. 3 июль куни «Толибон» билан тўқнашувдан кейин 300 дан ортиқ афғонистонлик ҳарбийлар Тожикистонга чекинган, ундан олдин «Толибон» Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадаги ҳудудини эгаллаб олган ҳамда тожик—афғон чегарасидаги вазият кескин деб баҳоланган.

Кейинчалик Афғонистонда ҳукумат қўшинлари «Толибон» жангариларини мамлакат шимолидаги бир нечта туманлардан сиқиб чиқарган. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Афғонистондан АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилгач, мамлакатда ҳокимият тепасига «Толибон» ҳаракати вакиллари келиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак. Бугунга қадар Германия ва Италия Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлаган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг