Конфуций институтлари ва Самарқанддаги Конфуций инситути тарихи

0
1091

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг минтақадаги муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Бу йил икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Ўтган йиллар давомида икки ўртадаги алоқалар нафақат савдо-иқтисодий, балки маданий соҳада ҳам кенг ривожланмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Конфуций институти фаолият юритмоқда.

Бугунги мақолада Самарқанддаги Конфуций институти фаолияти билан таништиришга ҳамда ушбу тузилманинг Хитой-Ўзбекистон алоқаларидаги ўрни ҳақида ҳикоя қиламиз. Бунинг учун биз мазкур институтда хитой тилини ўрганаётган Самарқанд давлат чет тиллари институти талабаси Зумрад Саидовага мурожаат қилдик.

“Самарқанд давлат чет тиллар институти Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, «Ҳанбан» халқаро ташкилоти, Шанхай хорижий тиллар университети, Шинжон аграр университети ва Циан Халқаро таълим университетлари билан фаол ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.

Жумладан, 2014 йилда Шанхай хорижий тиллар университети (кейинги ўринда ШХТУ) ва Самарқанд давлат чет тиллар институти (кейинги ўринда СамДЧТИ) ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасига мувофиқ СамДЧТИ қошида Конфуций институти ташкил этилди. (Бу институт Хитой Халқ Республикаси раиси Си Зин Пиннинг Ўзбекистонга ташрифи ортидан очилгани эътиборга молик воқеликдир, муаллиф)

Институт СамДЧТИнинг бош биносида жойлашган бўлиб, унда жами 12 та аудитория мавжуд. Ушбу аудиторияларнинг барчаси машғулотлар олиб бориш ва тематик клублар ташкил қилиш учун зарур бўлган техник воситалар билан жиҳозланган.

2017 йилнинг май ойида СамДЧТИ қошидаги Конфуций институти ҳамда ХХРнинг ZTE ширкати ҳамкорлигида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозланган “Smart Classroom” (“Интеллектуал синф”) ўқув аудиториси ташкил этилди. 2018 йилда эса замонавий “Синхрон таржима аудиторияси” ташкил этилди.

Айни пайтда мазкур институтда 2 нафар маҳаллий ўқитувчи ҳамда 6 нафар ХХРнинг турли университетлари тавсиясига мувофиқ ташриф буюрган хитойлик ўқитувчилар самарали фаолият олиб бормоқда. Ҳар йили ушбу институтда 100 нафардан ортиқ турли ёшдаги тингловчилар хитой тилини ўрганмоқда”.

Институтнинг асосий мақсади – ХХР ва Ўзбекистон Республикаси халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат. Институт қуйидаги асосий фаолият турларини амалга оширади:

маҳаллий ёшларга ҳамда бошқа фуқароларга Хитой тили ва маданиятидан машғулотлар олиб бориш;

турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилиш ва ўтказиш;

тингловчиларни ўқув ва ўқув-услубий манбалар билан таъминлаш;

хитой тилини билиш даражаси (HSK) бўйича имтиҳонлар ташкил қилиш ва хитой тили ўқитувчилари ўртасида тестлар ўтказиш;

 тил ва маданият соҳаларида тажриба алмашишни ташкил қилиш.

Бундан ташқари Институт ўзбек ва хитой бизнесменлари, фан ва маданият арбоблари ўртасида учрашувлар ташкил қилиш, бизнес-режалар, шартномалар ҳамда илмий лойиҳалар ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Шунингдек, 2015 йилдан бошлаб Институт хитой тилини билиш даражасини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган махсус тестлар (HSK, HSKK, BCT, YCT) ташкил қилиб келмоқда. Институтнинг моддий-техника базаси, яъни ўқув ва илмий тадқиқот жараёнлари хитой ва ўзбек мутахассислари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Институтда таълим хизмати ва унга бўлган талабларни янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган ва ҳафтасига 6 соатдан ўқув машғулотлари олиб борадиган 7 турдаги (бошланғич курс, узайтирилган курс, бизнес курс, сўзлашув курси, каллеграфия курси, таижиқуан курси, хитой тилининг HSK, HSKK даражаларини эгаллаш бўйича махсус курс) ўқув курсларининг лойиҳаси ишлаб чиқилган ва айни пайтда фаолияти йўлга қўйилган.

Ўтган (2015-2018) йиллар мобайнида Институтда 900 нафардан зиёд тингловчилар ўқитилиб, уларга тегишли сертификат тақдим этилди. Ҳозирги кунда уларнинг аксарияти ўзбек-хитой қўшма корхоналарида, туризм соҳасида таржимон сифатида фаолият олиб боришмоқда.

Институтда ҳар йили талабга қараб, бир неча маротаба Хитой тилини билиш даражасини аниқлаш тестлари ўтказилади. Тест натижаларига кўра тинловчилар ХХР университетларида 6 ойлик, 1 йиллик тил курсларида ўқишга, бакалавриат, магистратура ва доктарантура таълим йўналишаларида грант асосида ўқишга тавсия этилади. Конфуций институти гранти орқали ўқишга кетган тингловчилар ётоқ жойи ва ўқиши бепул бўлиб, ҳар ой маълум миқдордаги стипендия билан таъминланади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида Конфуцийга ҳайкал ўрнатилган бўлиб, у жойлашган ҳудуд Конфуций майдони деб аталади.

Хўш, Хитой бундай ташкилотлар ва марказларни молиялаштиришдан қандай манфаатлар кўзлайди? Келинг бу жиҳатга ҳам бир оз эътибор қаратсак. Тарих фанлари доктори, таниқли хитойшунос олим Аблат Хўжаев ўзининг “Китайский фактор в Центральной Азии” китобида ушбу марказлар ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтади:

“Хитой ҳукумати “Бир камар бир йўл” дастури доирасида Марказий Осиёда Хитой тили ва маданиятининг мавқеини кучайтириш мақсадида «Конфуций» марказлари ёки институтларини ташкил қилиб келади. Шунингдек, марказий осиёлик ёшларга ХХР олийгоҳларида таҳсил олишлари учун турли грантлар ажратиб келади. Марказий Осиёдаги илк бундай ташкилот 2004 йил Тошкентда очилган Конфуций институтидир.

Бу воқеа ўша пайтда Пекинда “Марказий Осиёга йўл очилиши” дея баҳоланган эди. Бугунги кунда Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон республикаларида Конфуций институтлари фаолият олиб бормоқда. Туркманистонда бундай институт йўқ, аммо мамлакатнинг бир нечта олийгоҳларида хитой тили ўқитилади.

Хитой ҳукумати бундай марказлар ва институтларга ҳудудлардаги элчихоналар орқали ҳар томонлама кўмак бериб келади. Аммо, Хитойда бундай марказларнинг Марказий Осиёлик альтернативлари мавжуд эмас. Таниқли хитойлик олим, бир нечта таҳлил марказлари лойиҳалари иштирокчиси Ли Ивейнинг маълумот беришича, 2016 йилда 138 мамлакатда 500дан ортиқ Конфуций институтлари ва 1000та Конфуссия синфлари фаолият олиб борган. Бу давлатларнинг 51таси “Бир камар бир йўл” лойиҳасида иштирок этаётган давлатлар ҳисобланади. Уларда 131та Конфуций инситути ва 119та Конфуций синфлари бор. У ерда ҳозиргача 1,58 миллион киши таълим олишга улгурган.

Ли Ивейнинг сўзларига қараганда, бундай ташкилотларнинг асосий вазифаси хитой тили ва маданиятини тарғиб қилишдан иборат. Уларни етарли кадрлар билан тайёрлаш вазифасини Хитойда тўртта университет ўз зиммасига олган ва у ерда Конфуций институтлари ва синфлари учун ўқитувчилар тайёрланади”.

Аммо, шу ўринда таъкидлаш жоизки, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлар ушбу ташкилотларнинг асосий фаолиятидан ташқари ишларни амалга оширганлиги сабабли фаолиятини тақиқлаб қўйган.

Конфуций ким ва конфуцийчилик қандай таълимот?

Яна бир савол туғилиши табиий. Нега бу марказлар Конфуций номи билан аталади? Конфуций Хитой файласуфи, конфуцийчилик асосчиси ва сиёсий арбоб бўлган. Унинг сабоқлари ва файласуфлиги Хитой, Корея, Япония ва Ветнам халқларининг ўй-фикри ва ҳаётига чуқур таъсир кўрсатган.

Конфуцийлик ёки конфуцийчилик Хитойдаги ахлоқий-сиёсий таълимот бўлиб, кейинчалик энг таъсирли 3 асосий фалсафий-диний оқимдан бирига айланган (даосизм ва буддизм билан бирга). Конфуцийчилик милодий 1-асрда давлат таълимотига айланди, 9-асрда буддизм, 11-асрда даосизм устидан тўла ғалаба қозонди. Бунга, айниқса, Сун даври (960—1279)да неоконфутсийчилик ривожланганлиги туфайли эришилди.

Бугунги кунда ҳам Хитойда конфуцийчилик асосий диний-фалсафий йўналиш бўлиб ҳисобланади. Ҳатто айрим олимлар Хитой иқтисодий юксалишининг асосий сабабларидан бири сифатида айнан конфуцийчилик ғояларини ҳам келтириб ўтади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Конфуций инситутларининг Ўзбекистондаги фаолияти икки халқ ва икки давлат ўртасидаги ижтимоий, сиёсий ва мадания алоқаларда муҳим ўрин эгаллайди. Бундай ташкилотларнинг мамлакатимизда фаолият юритиши давлат сиёсатидаги бағрикенглик тамойилидан келиб чиққан деб ҳисоблашга етарли асосларимиз бор.

 

Жаҳонгир Остонов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг