Афросиёб деворий суратлари нималарни ҳикоя қилади?

0
2029

Деворларга чизилган дипломатия

Самарқандда ноёб ёдгорлик бор. Бу – Афросиёб манзилгоҳи. Афросиёб саройи деворларида қадим, эрамизнинг VII асрга оид деворий суратлар эса бутун дунё олимлари эътиборини тортган, дунё аҳлинининг шов-шувига сабаб бўлган. Нима учун Ўзбекистон ҳудудидаги бу осори атиқа бутун дунё, хусусан Корея олимларини ҳайратга солди? Нима учун қадим Самарқанд ҳукмдори тарихини Корея мактаб ўқувчилари мактабларда дарслик сифатида ўқимоқда? Нима учун деворий сурат нусхаси Корея Республикаси Миллий музейининг энг кўринарли қисмида намойиш этилади?

Узоқ Кореядан келган элчилар тасвирланган бу деворий сурат эрамизнинг VII асрида Корея давлати мавжудлигини исботлайди. Ушбу девор расми мактаб тарих дарсликларига киритилган ва корейс ўқувчилари томонидан ўрганила бошланди.

Шунингдек, ушбу фресканинг нусхаси Корея Республикаси Миллий музейи экспозициясининг энг кўринарли жойига ўрнатилган.

Девор расмларида Афросиёб (қадимги Самарқанд) ҳукмдори турли давлатларнинг элчиларини қабул қилиш маросими тасвирланган.

Бу ҳақда батафсил билиш учун тарихчи олим Самариддин Мустафоқуловга мурожаат қилдим.

Самариддин Мустафоқулов

 «Афросиёб» музей -қўриқхонаси раҳбари:

Самарқанддаги Афросиёб музей-қўриқхонаси раҳбари, тарихчи  Самариддин Мустафоқулов

Элчилар тасвири туширилган деворий суратлар Самарқанд шаҳар тарихи музейи коллекциясида сўғд санъатининг дурдона асари ҳисобланади.

Ўтган асрнинг 1965 йилида Ўзбекистон халқларининг моддий маданияти тарихини ўрганишда катта воқеа юз берди. Самарқанддаги Афросиёб манзилгоҳида археологлар араблардан олдинги даврга (эрамизнинг VII асрига) оид деворий расмлари акс эттирилган сарой мажмуасини топдилар. Сюжетли ҳикоя қилгувчи полихром тасвирий суратлар Самарқанд ҳукмдори саройининг катта квадрат залининг тўрт деворини ҳам безатган. Ушбу кашфиёт археология фанида шов-шувга айланди, дарҳол жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортди.

Афросиёб музейининг марказий залида намойиш этилаётган девор суратлари ўша даврининг нодир санъат асари ҳисобланиб, у музейдан бир неча юз метр ғарбда жойлашган Сўғд подшоси Вархуман саройининг бир залидан топилган.

Хонанинг ғарбий, шимолий ва жанубий деворидаги суратларнинг алоҳида-алоҳида манзаралар акс эттириб, ўзига хос мазмунга эга.

Ғарбий девор. Ғарбий девор эшикдан кирганда тўғрида жойлашган. Чапда, деворнинг юқори қисмида нақш сақланиб қолган жойда, оқ кийим кийган кишининг тасвири ва кийимининг этагида 16 сатр суғдий ёзув сақланиб қолган. Бу сатрлар «Унаш наслидан бўлмиш шоҳ Вархуманинг» элчилар қабул қилиш маросимига таалуқлидир. Деворнинг ўрта қисмида тасвирланган совға олиб бораётган элчиларининг тантанали юриш маросими ёзувларга мос келади.

Деворнинг ўнг томонида қуроллар тўплами, тиргакка ўрнатилган найзалар, ғалати ниқоблар билан безатилган қалқонлар уюми тасвирланган. Иккинчи пландаги тасвирлар эса, томошабинга орқаси билан ўтирган узун сочли персонажлар бўлиб, улар сиртидан шоҳнинг гвардиясини ташкил этган турклар бўлган.

Деворнинг чап томонида 3 та соқолли персонажларни кўриб чиқамиз. Улар қилич ва ханжар билан қуролланган бўлиб, шоҳона кийимлар кийишган. Кўйлаклар ҳар хил жониворлар расми билан безатилган, бу ўша даврдаги Эрон сосонийларидан Хитойгача тарқалган мода бўйича кийинишган. Уларнинг бири тақинчоқлар ва безаклар, бошқалари шоҳи тўплами олиб кетяптилар. Ёзувда кўрсатилгандек, қизилроқ тусдаги марказий персонажни, мансаби буйича, Чоч (Тошкентнинг эски номи) шоҳи девони бошлиғи аниқланган, унинг қаторида оддий кийинган персонажлар турибди. Деворнинг ўрта қисмида бир-бирига симметрик 2 та гуруҳ маросимга тантанали чиқмоқда. Ўнг томонда  эса қора қалпоқлар кийган, мевалар ва шойи газламалар кўтарган Когирё элчилар боряпти.

Бу персонажлардан ўнг томонда сочлари узун турклар боряпти, бу галда улар чет эл элчилари сифатида тасвирланган. Яна ўнгроқдаги персонажларга эътибор берамиз. Бу ерда 3 та персонаж тасвирланган бўлиб, улар ёқага бириктириб тикиладиган қайтарма бўлиб, оёкларида узун пайпоқ этиклар кийган, афтидан бу одамлар тоғли ҳудуд элчилари бўлган. Булардан юқори қисмида девор бузилган бўлиб, ҳозирги вақтда у ерда нима тасвирлангани номалум. Балки, у ерда Вархуманнинг ўзи тасвирланган бўлиши мумкин, ёки Самарқанд хукмдори марказий жойда, худолар тасвирини чизишни кўрсатма берган бўлиши хам эҳтимолдан холи эмас.

Шимолий девор. Ўнг томондан бошланадиган шимолий деворнинг композициялари эса бошқа оламга чорлайди. Чапдан иккита сайр қайиқларида аёллар тасвирланган, биттаси яхши сакланган. Қайиқнинг орқа томонида мусиқачилар турли мусиқа асбоблари билан тасвирланган, бошқаларига қараганда йирикроқ тасвирланган аёл эса Хитой маликаси бўлган.

Сувда эса турли афсонавий жониворлар эчки бошли ва илон думли аждаҳо тасвирланган. Ўнгроқда, узун сочли персонаж, сувда сузаётган отнинг думидан ушлаб турибди. Тўлқинли чизиқ тасвири эса сувдаги ва қуриқликдаги ҳаётни иккига ажратиб турибди.

Бу ерда Хитойнинг Тан даврига мос кийинган хитойликлар, қоплон овламокдалар. Яна ўнгрокда бошқа фигураларга нисбатан йирикроқ тасвирланган ва ёмон сақланган асосий фигура тасвири бор. Сўғд маданиятининг шарти буйича, расмлардаги мутаносибсизлик худолар ва шоҳларни билдиради. Бу ерда Хитой подшоси ёки шаҳзодаси тасвирланган бўлиши мумкин. Бу деворда Сўғд давлатининг Хитой билан бўлган дипломатик ва элчилик алоқалари тасвирланган.

Бутун дунё оммасининг эътиборига тушган бу воқеанинг муҳимлигига сабаб – деворий суратлар бир минтақагагина мансуб маданий мерос эмасди. Унда миллати, динидан қатъий назар, бошқа халқлар – Хитой, Қадим Когирё (Корея) нинг эрамизнинг VII асридаёқ Афросиёб билан юқори дипломатик алоқаларда бўлгани сабаб эди. Ахир тарихнинг мазкур ноёб саҳифалари бу давлатларнинг ҳам тарихини ўзида ифодаларди! Шунинг учун ҳам кореяликлар ўзбек олимлари билан бирга  қўшма лойиҳага қўл урдилар.

Жумладан, Жосеон (Корея) нинг элчиси икки халқ ўртасидаги муносабатлар узоқ асрларга бориб тақалишини кўрсатиб, мамлакатларимиз ўртасидаги бугунги муносабатларга ижобий баҳо берди.

«Мен Ўзбекистонга келаётганимда 1400 йил олдинги бир кунни ёдга олдим. У қадимий корейс давлати элчилари Самарқандга келган кундир. Отга ёки туяга миниб дам олмасдан машаққат чекиб келишларига икки ойча вақт кетгандир? Баланд тоғ тизмалари, адирлар ва чўллардан ўтиб, қор ва ёмғирда қолиб, баъзида жазирама иссиқ ва совуқ билан курашиб узоқ вақт сарфлаган бўлсалар керак. Бугун сиз азизлар меҳмондўстлик кўрсатаётганингиз каби 1400 йил олдингт аждодларингиз  – Ўзбекистоннинг қадимий аҳли ҳам узоқдан келган меҳмонларни илиқ кутиб олган. Мустаҳкам дўстлик ва ишонч Афросиёбнинг ғарбий деворидаги суратда ўз аксини топган. Гарчи  Корея ва Ўзбекистон бир-биридан узоқда бўлса ҳам, қадимий корейс давлати давридан бошлаб элчилари келиб кетадиган дўст давлатлар бўлган».

Самарқандда меҳмон бўлар экан, Жанубий Корея Президенти Мун Жэ Ин мана шу сўзларни изҳор этди. Узоқ йиллар Жанубий Корея ҳудудидаги қадимий давлатлар ва юртимиз ўртасидаги маданий алоқалар ҳақидаги аниқ маълумотлар камёб эди. Ўтган асрнинг ўрталарида топилган қадимий сурат эса таъбир жоиз бўлса, тарих илмини остин-устун қилиб юборди.

Икки давлат ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин тимсоли бўлган “Афросиёб” музейи ҳудудида “Буюк ипак йўли бўйлаб” истироҳат боғи ташкил этилгани бежиз эмас. Бу ерда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини ўзида мужассам этган ёдгорлик ўрнатилди.

Корея телеканалларида Афросиёб деворий суратлари ҳақидаги кўрсатувлар намойиш этилди.

2013 йил июль ойида Афросиёб музейи ва Корея Республикаси Шимолий-Шарқий Осиё тарихи жамғармаси ўртасида Афросиёб деворий расмларини компьютерда қайта тиклаш, виртуал 3Д видеофильм яратиш бўйича қўшма лойиҳа бўйича келишув имзоланди.

Лойиҳа икки йилга мўлжалланган бўлиб, 2014 йилда якунланиши керак эди. Ҳақиқатан ҳам, иш ўз вақтида якунланди ва 2014 йил декабрь ойида ушбу лойиҳа Сеулда муваффақиятли тақдим этилди.

Лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар Самарқандда ҳам, Корея Республикасида ҳам олиб борилди. Мазкур лойиҳада Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти олимлари ва мутахассислари ҳам иштирок этди.

Иш жараёнида қуйидаги натижаларга эришилди: деворий суратни реконструкция қилиш элементлари билан икки ўлчовли рақамли нусхаси яратилди, уч ўлчамли рақамли кўп тилли фильм яратилди ва уни Афросиёб музей-қўриқхонасида намойиш қилиш учун хона ташкил этилди. Кўргазмалар залида деворий суратни ҳимоя қилиш учун махсус ускуналар ўрнатилди.

Шу ўринда, Корея Республикаси Миллий музейида Афроосиёб ғарбий девори қисмининг расми реконструктив нусхаси билан кўргазмага қўйилди, Вархуман ҳукмдор ҳузурига келган Когирё элчилари тасвирланган девор кўриниши ясалди.

Ана шу тариқа, қадимий бир сурат – икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихига йўл очиб берган эди.

Келишувга кўра, Фонд томонидан илмий тадқиқотлар, суратга олиш, компьютер реставрацияси, 3Д форматга ўтказиш, электрон ташувчиларга ўтказиш, хабарларни интернет тармоғига жойлаштириш, шунингдек, девор расмларини сақлаш ва тарғиб қилиш учун асбоб-ускуналар харид қилиш молиялаштирилди.

Деворий суратларнинг қисми ҳам жуда ноёб ва улкан аҳамиятга эга бўлгани учун дарҳол музейга жўнатилади. Ундан нусха ҳам кўчирилади.

Шу тариқа  2015 йилда бирга яратилган «Афрасиёб» деворий виртуал 3Д видеофильми Афросиёб музейида тақдимоти ҳамда ушбу видеороликларни томоша қилиш учун видеозал очилиши бўлиб ўтди.

Корея шимоли-шарқий Осиё тарихи фонди девор расмларини компьютер ёрдамида қайта тиклаш тажрибасига эга.

«Афрасиёб» девори расмининг 3Д форматдаги виртуал видеофильми яратилиши нафақат Самарқанд, балки бутун республика маданий ҳаётидаги йирик воқеадир. Бу ўзбек ва кореялик олимларнинг ҳамкорликдаги ишларидан бири натижасидир.

Ушбу девор расми топилганидан бери 50 йил ўтди, у аллақачон бутун дунёга машҳур бўлди. Ушбу фрескаларни кашф этган олимлар унинг бутун дунёда шуҳрат қозонишини хаёлига ҳам келтиришмаган. Бу ҳақиқатан ҳам бутун тамаддунли дунёнинг бойлиги ва инсониятнинг маданий меросидир.

Ушбу видеоролик “Афросиёб” музейининг видео залида ўзбек, корейс, инглиз, француз, рус, япон, хитой ва испан тилларида намойиш этилади.

Ушбу виртуал видеолавҳа – Афросиёб деворий расмларини 3Д форматида рақамли реконструкциясидан лавҳаларни  «Ўзбекистон – бағрикенг диёр» лойиҳаси доирасида фойдаланиш учун рухсат берган «Афросиёб» музейи раҳбари Самариддин Мустафоқуловга ва фотолар учун Анвар Мустафоқуловга  миннатдорчилик билдираман.

«Ўзбекистон бағрикенг диёр»  лойиҳаси доирасида Мавлуда Тошпўлатова томонидан тайёрланди.  

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг