Маънавият, мафкура ва маърифат ёҳуд миллий ғоя

0
4630
Манба: vakillik.uz

Ҳар бир давлат, ҳар бир мамлакат маълум бир мафкуралар асосида шаклланади. Унинг бардавомлиги, куч-қудрати, ривожланиш ва тараққиёти маълум бир мафкурага асосланади.

Бизда “мустақиллик мафкураси” деган мавҳум, асли йўқ, ўйлаб топилган, сохта ва сунъий мафкура ўртага ташланди ва уни “миллий мафкура” ва “миллий ғоя” деб аталди.

Тўғрисини айтиш керак, ўрта мактаб ва олий ўқув даргоҳларида “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси”, “Миллий ғоя”, “Миллий истиқлол ғояси”, “Миллий мафкура асослари”, “Маънавият ва маърифат”, “Маънавият асослари” (ва ҳатто “Президент асарлари”) каби фанлар мутлақо фойдасиз, муаллим ва ўқитувчиларнинг ҳам, ўқувчиларнинг ҳам, энсасини қотирадиган, энг ёқтирмайдиган фанлардан бирига айланди.

Улар сунъий ва сохта бўлгани сабабли уни ўйлаб топганларнинг ҳам ўзлари ишонмайдиган фанлар ва мафкуралардир. Чунки, уларнинг асоси йўқ, пойдевори йўқ, ота-боболар, бобокалон мутафаккирлар ҳаёти ва ижодида мисоли йўқ.

Масалан, Алишер Навоий ва Муҳаммад Заҳириддин Бобур асарларида “маънавият” деган сўзни ҳам, “мафкура” деган сўзни ҳам топа олмайсиз!!!

Чунки, улар мустақиллик йилларида ясалган сохта ва сунъий сўзлардир. Шунинг учун, бу икки сўзни икки жилдлик “Алишер Навоий” қомусий луғати (энциклопедияси)да ҳам ёки “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”да ҳам топа олмайсиз.

Роппа-роса тўрт жилдлик қилиб чиқарилган “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”да “маънавият” деган сўзни ҳам, “мафкура” деган сўзни ҳам топа олмайсиз. Яъни, бу икки сўзни Алишер Навоий бобомиз ҳам, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз ҳам ишлатишмаган, асарларида қўллашмаган.

“Маънавият” ва “мафкура” сўзлари ҳатто шу даражада сохта ва сунъийки, уни луғат китобларидан ҳам топиш амри маҳол. Масалан, уларни мустақиллик маҳсули бўлмиш “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да сунъий ясалиб, араб тилидан олингани қайд қилинган.

Бироқ, араб тили луғатларида бу икки сўзнинг маъноси берилмаган. Араб тилининг энг билимдони деб ҳисобланган, “Агар у бўлмаганида, араблар ўз тилини билмаган бўлишарди!” деб таърифланган Маҳмуд аз-Замахшарий бобомизнинг асарларида ҳам бу икки сўз – “маънавият” ва “мафкура” сўзлари учрамайди.

Кўп томли “Лисон ал-араб” энциклопедик луғатида ҳам бу икки сўзга таъриф берилмаган. Номини эшитган бўлсангиз керак, араб тилининг энг машҳур луғат китоблари бўлмиш, бизнинг юртларда машҳур бўлган “Сиҳоҳ”, “Суроҳ”, “Қуроҳ”, “Ғиёс ул-луғат”, “Ахтарийи кабир” каби луғатларда ҳам ушбу сўзларга маъно берилмаган. Чунки, ушбу икки сўз сунъий ясалиб, уларга сохта маънолар юклатилган.

Агар “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да айтилганидек, ясама бу икки сўз араб тилидан олинган бўлса, мазкур хилдаги луғат китобларида бўлиши керак эмасмиди?!

“Маърифат” сўзи эса қадимда фақат ва фақат “Аллоҳни таниш” маъносида қўлланилган. Унинг бошқа маъноси йўқ! “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”да бобомизнинг бу сўзни айни шу маънодагина қўллагани қайд қилинган.

Алишер Навоий бобомиз асарларида ҳам худди шу маънодагина қўлланилган. Бобур бобомиз “Аллоҳ таолонинг барча сифатларини жидду жаҳд қилиб ўқиб-ўрганиб, унинг маърифатини ҳосил қилгайсан!” деганлар:

Билгасен жаҳд ила бори сифатин,
Қилғасен дарки Тенгри маърифатин.

Хуллас, Аллоҳ қаҳҳордир, у ҳаромхўрларга қаҳр қилади! Аллоҳ жаббордир, у золимлардан ўч олади! Аллоҳ мутакаббирдир, у кибрга ва манманликка берилганларни ёмон кўради! Аллоҳ ўта адолатлидир, у адолат қилганларни севади!

Агар Бош Вазиримиз ёки қайсидир депутатимиз ёхуд ректоримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ушбу байтини келтириб, Аллоҳ таолонинг маърифатини эгаллашимиз керак, деса, исломга даъват қилган бўладими ёки бобокалон мутафаккирларимизнинг кўрсатмаларига қулоқ тутайлик, дегани бўладими?! Чунки, Аллоҳни таниган ва билган одамгина маърифатли бўла олади. Ундан бошқа маърифат йўқ!

Биз минг йиллик исломий анъана ва қадриятлар муҳитида униб-ўсган мусулмон миллатмиз! Минг йиллар давомида мусулмонобод юртда яшаб келган ислом миллатига мансуб халқмиз!

Ислом бизнинг қон-қонимизга, бутун вужудимиз, онгу шууримиз, урф-одатларимизга сингиб кетган. Ўйласак, мусулмонча ўйлаймиз, ошкора бирор иш қилмоқчи бўлсак, мусулмончиликни ўйлаб қиламиз. Бирор гап гапирсак, мусулмонларга қараб гапирамиз.

Демак, бизнинг маънавиятимиз ислом бўлмоғи, мафкурамиз диний бўлиши, маърифатимиз Аллоҳни таниш ва Ундан қўрқиш бўлмоғи лозим эмасми?!

Бу бизнинг асрлар давомидаги маънавиятимиз, мафкурамиз ва маърифатимиздир! Ўйлаб кўринг, сохта, ясама ва сунъий маънавиятнинг, мафкуранинг, маърифатнинг ҳамда сунъий ва сохта миллий ғоянинг нима кераги бор?!

Муаллиф: Тарих фанлари номзоди ҲАМИДУЛЛА АМИНОВ,
ЎзР ФА ШИ катта илмий ходими.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг