Шанба куни Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти айни пайтда CОVID-19 дан шифо топган одамлар уни иккинчи марта юқтирмаслигига кафолат йўқлигини маълум қилди.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ўз баёнотида коронавирусдан тузалган одамларга «иммунитет паспортлари» бермасликка чақирди. Чунки бундай ҳужжатга эга бўлган одамлар вирусдан сақланиш учун берилган умумий тавсияларга риоя қилмасликлари мумкин. Бу эса вирус тарқалиш хавфини янада оширади.
Ўтган ҳафта Чили касалликдан халос бўлган одамларга «соғлик паспортларини» беришни бошлашини маълум қилганди. Унга кўра, коронавирусни енгиб ҳаётга қайтган одамларнинг организми текширувдан ўтказилади. Агар уларнинг танаси вирусга қарши иммунитет ҳосил қилганлиги аниқланса, уларнинг ўз ишларини давом эттиришларига рухсат берилади.