Россиялик Совет ва рус сиёсатчиси, иқтисодчи, Давлат Думасининг собиқ депутати Григорий Явлинский ўзининг блогида Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путинни журналистлар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид учун жавобгар эканлиги ҳақида ёзди. Жумладан, жаноб Г.Явлинский шундай деб ёзади:
“Россияда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ҳокимият расмийлари томонидан содир этилган шафқатсиз жиноятлар ҳақида ҳикоя қилиб берадиган журналистлар бор. Гап «Новая газета» журналистлари ҳақида кетмоқда. Ушбу мардонавор журналистик текширувларга жавобан нафақат тарғибот ҳужумлари орқали, балки очиқчасига журналистлардан қасос олиш билан таҳдид қилинмоқда. Москвадаги газета таҳририятига кимёвий заҳарли моддалар билан ҳужум қилинмоқда. Буларнинг барчаси кўплаб одамларнинг ҳаётига очиқдан-очиқ таҳдиддир.
Аввал айтганларимни яна такрорлайман. Мухолифатдаги «Новая газета» журналистлари, хусусан Елена Милашина ва газетанинг бош муҳаррири Дмитрий Муратов ҳаёти ва соғлиғи учун тўлиқ жавобгарлик шахсан Россия президенти Владимир Путиннинг зиммасига тушади. Худди шунингдек, у ўзининг барча рақиблари – сиёсий террор, “қотиллар эскадронлари”, “ЧВК” (хусусий ҳарбий компаниялар- тарж.) лар ҳамда федерал ва минтақавий ҳокимият томонидан ёлланадиганларнинг қурбонига айланиши мумкин бўлган сиёсатчилар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва Россия фуқаролари ҳаёти учун жавобгардир.
«Новая газета» нинг суддан ташқари қатллар тўғрисидаги суриштурувида ва таҳририят ходимларига қарши кимёвий заҳарли моддадан фойдаланиш эҳтимоли билан содир бўлган воқеада кўрсатилган фактлар Россия Федерацияси Тергов қўмитаси томонидан зудлик билан текширилиши керак.”
Маълумот ўрнида:
Григорий Алексевич Явлинский (1952 йил 10 апрелда туғилган, Львов, Украина) – Совет ва рус сиёсатчиси, иқтисодчи, РФ Давлат Думасининг собиқ депутати.
РСФСР Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (1990), РСФСР Вазирлар Кенгаши Раисининг иқтисодий маслаҳатчиси (1991), СССР Халқ хўжалигини оператив бошқариш қўмитаси раҳбар ўринбосари. Бош вазир ўринбосари (1991), СССР Президенти ҳузуридаги сиёсий маслаҳат кенгашининг аъзоси (1991), «Явлинский – Болдырев – Лукин» сайлов блоки етакчиларидан бири (1993). Жамоатчилик бирлашмаси асосчиси (1995 йилдан) ва «Яблоко» сиёсий партияси етакчиси (1993 йилдан), «Яблоко» партияси раҳбари (1993-2008). Россия Давлат Думасидаги 1, 2 ва 3 чақириқ «Яблоко» фракцияси раҳбари. V чақириқ Санкт-Петербург қонунчилик мажлисидаги «Яблоко» фракцияси раҳбари. 1996, 2000 ва 2018 йиллардаги сайловларда Россия Федерацияси Президенти лавозимига номзод. Иқтисод фанлари доктори.