Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2018 йилдаги маълумотларига кўра сайёрамизда ҳар йили 600 млн. киши сифатсиз озиқ-овқатдан заҳарланади, 420 минг киши вафот этади, 2,5 млн нафар киши контрафакт ва сифатсиз алкоголь маҳсулотларидан заҳарланади. Шу маълумотларнинг ўзи ҳам аҳолимизни сифатсиз озиқ-овқатлар, стандарт талабларига жавоб бермайдиган дори-дармон ва контрафакт товарлардан ҳимоя қилиш муҳим стратегик вазифа эканлигини кўрсатиб турибди.
Лекин «бизга сифатсиз озиқ-овқат керак эмас» деган важ билан импорт учун барча дарвозаларни тақа-тақ ёпиш бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдирган билан баробардир. Президентимизнинг «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (23.04.2019 йилдаги ПҚ-4297-сон) бу масалада сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган меъёрларни белгилаб берди.
Хусусан, қарорга мувофиқ, давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш ва ташқи иқтисодий фаолият субъектларига бошқа шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2021 йил 1 январга қадар «Ягона дарча» божхона ахборот тизими жорий этилади. Бу тизим импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этиш имконини беради.
Жорий йилнинг 1 октябрига қадар божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, маъмурий тўсиқлар ва давлат органларининг бир-бирини такрорловчи функцияларини бекор қилиш, божхона кўригида товар қадоқларини бузиб очиш ҳолатларини камайтириш, импорт қилинаётган товарларга сертификат беришда товарларнинг кузатув ҳужжатларини, норматив ҳужжатларнинг нусхалари ва аслини талаб қилиш бекор қилинди.
Транзит ўтаётган товарлардан карантин текшируви учун ҳақ олинмаслиги жорий этилди. Карантин рухсати ва экологик сертификатни бериш муддати барча ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганида 5 иш кунидан ошмаслиги белгиланди. 2021 йил 1 январга қадар товарларни сертификатлаш жараёнларини, ТИФ соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш ҳамда «давлат хизматларининг сирли мижози» институтини жорий этиш каби устувор вазифалар белгиланди.
Маълумки, юқоридаги сертификат ва рухсатнома ҳужжатлари «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан берилади. Лекин бу амалиёт «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали йўлга қўйилиши мазкур жараёнларни соддалаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мамлакатимиз чегара ҳудудларида фаолият олиб бораётган санитар-эпидемиологик, ветеринар ва фитосанитар назорати хизматлари аҳолига, мамлакатнинг фауна ва флорасига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган генетик модификация қилинган (ГМО) маҳсулотлар, ўсимлик ва организмларнинг чегарадан киритилиши устидан қатъий назоратни ўрнатиб, уларнинг ҳисобини юритади.
Бинобарин, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1992 йилдаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш декларацияси ҳамда 2000 йилдаги биологик хавфсизлик бўйича Картехен Протоколида ҳам ГМО маҳсулотларининг трансчегаравий айланмаси, транзити, атроф-муҳит ва одамзодга зарарларини баҳолаш иштирокчи давлатлар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, ПҚ-4297-сон қарор билан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомиллар янада такомиллашади, бизнес юритиш шарт-шароитлари яхшиланади, қолаверса Президентнинг 12.12.2018 йилдаги ПҚ-4059-сон қарорида белгиланган техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология миллий тизимини янада ривожлантириш, тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайтирилади. Соҳада халқаро андозаларга мувофиқ иш юритишга ўтилади.
Факт ва рақамлар
«Ўзстандарт» агентлиги маълумотларига кўра, 2018 йилда қиймати 82,87 млрд сўм миқдоридаги импорт маҳсулотларининг амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермагани аниқланган. Шундан 5 млрд сўмга тенг қийматдагиси озиқ-овқат маҳсулотлари бўлиб, улар асосан Қозоғистон, Грузия, Покистон, Туркия ва Россия давлатларидан келтирилган.
Қандай алдашади?
Халқаро савдони ривожлантириш бевосита мамлакат чегараларида божхона назорати қай даражада ташкил этилганига ҳам боғлиқ. Сифатсиз, қалбаки, сохта товарларни аниқлашнинг бир нечта усулларини келтириб ўтишимиз мумкин.
Биринчидан, қалбаки сертификатлардан фойдаланилади, яъни истеъмол муддати ўтган, товар ёрлиқларида нотўғри маълумотлар кўрсатилган ва товарга тегишли ҳужжатлар сохталаштирилган бўлади.
Иккинчидан, дунё бозорларида маълум ва машҳур бўлган фирмаларнинг товар белгиларини (бренд) қалбакилаштириб фойдаланилади. Мутахассисларнинг фикрича, қалбаки товарлардан фойдаланиш катта иқтисодий ва ижтимоий зарар келтириши билан бир қаторда, дунё бозорларига сифатли товар ишлаб чиқараётган фирмаларнинг обрўсизланишига ҳамда истеъмолчилар ишончини йўқотишига олиб келади.
Учинчидан, товарларнинг сохта рекламаси ҳам ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчиларга жиддий зарар келтиради.
Хорижда қандай?
Хорижий мамлакатларда, жумладан, Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларида ишлаб чиқарилган товарлар учун бир марта сертификат олинади ва унга аъзо мамлакатларда ушбу сертификат эътироф этилади.
Масалан, Грузияда чегара ўтказиш пунктларида Миллий озиқ-овқат агентлигининг махсус лабораториялари ташкил этилган бўлиб, олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг барчаси, шу жумладан, ўсимлик маҳсулотлари чегаранинг ўзида текширилади ва маҳсулотга рухсатнома ҳужжати расмийлаштирилади. Агар сертификатлаш жараёни бир неча кунни ташкил этса, ушбу жараён тугагунга қадар товар чегарада сақланади – ички ҳудудга киритилмайди.
Хитой Халқ Республикаси чегара ўтказиш пунктларида ўсимлик ва ҳайвонларга оид маҳсулотлар Хитой давлат кенгаши қошидаги Қишлоқ хўжалиги департаменти томонидан назоратдан ўтказилади ва тегишли ҳужжатларга штамп қўйиш орқали киришга рухсат берилади.
АҚШда (ЕИ, Хитой ва РФдан фарқли равишда) товарлардан қўшилган қиймат солиғи ундирилмайди, бироқ импортчи божхона кафолатини олиши талаб этилади, яъни дарё порти орқали келган товарлар 15 кун, автотранспортда келганлари – 2 соат, авиатранспортдагиси – 1 соат аввал божхона хизматини юк келиши тўғрисида огоҳлантириши зарур. Бунда божхона кафолати олинади, агар импортчи тўловларни вақтида тўлай олмаса, учинчи шахснинг тўлаб бериш ҳақидаги кафолати олинади. АҚШда товарларни сертификатлаш жараёнининг ўта соддалаштирилган ва жуда арзон усули жорий этилган бўлса-да, аммо заҳарли кимёвий ва портловчи моддалар алоҳида қатъият билан ўрганилади. Сертификатларни расмийлаштиришга 2-3 иш куни сарфланади. Баъзи турдаги товарлар (болалар ўйинчоқлари, озиқ-овқатлар ва бошқалар) учун санитария-гигиеник хулосасини олиш мажбурийдир.
Россия Федерациясига кириб келаётган фуқаро қўл юкида мавжуд бўлган ўсимликка оид маҳсулот, масалан, мева-сабзавотлар, ушбу маҳсулот етиштирилган давлатнинг карантин хизмати томонидан берилган фитосанитар сертификати билан таъминланган бўлиши талаб этилади. Олиб келинаётган товарларнинг фитосанитария ва ветеринария талабларига мослиги тўғрисидаги ҳужжатлар божхона ходими томонидан мавжуд ахборот тизимидаги хавфни бошқариш тизими орқали текширилиб, юқори хавф борлиги мавжуд бўлган тақдирда, ўтказиш пунктида махсус ажратилган жойда ветеринария ва фитосанитария назорати учун Россия Федерал хизмати вакилига юборилади.
Шу ўринда эслатиб ўтса бўладики, айрим хорижий мамлакатларда товарларни манзилига тўлиқ ва кафолатли етиб боришини таъминлаш мақсадида ёнғин хавфсизлигини тасдиқловчи сертификатлар ҳам талаб этилади.
Қурбонқул КАРИМҚУЛОВ,
техника фанлари доктори,
профессор, ДБҚ Божхона институти
кафедра мудири