Велосипедлар, велойўлаклар ва велоҳайдовчилар муаммолари

0
2161
Очиқ ресурслардан олинган фото

Бундан бир ҳафта олдин Учтепа тумани мавзеларидан бирида пиёдалар йўлакчасида ҳаракатланиб келаётган велосипед ички йўлдан чиқиб келаётган “матиз” русумли автоулов билан тўқнашиб кетди. Натижада матизнинг ҳайдовчи ўтирадиган томондаги орқа эшиги, велосипеднинг эса олдинги ғилдираги зарарланди. Икки ҳайдовчи бир зумда жиққамушт бўлиб жанжалашиб кетди. Ким ҳақ? Ким ноҳақ? Билиб бўлмайди. Кўринишидан иккиси ҳам ҳақ.

Бу орада тўпланган одамлар уларни ажратиб қўйишди. Ҳар ким ўзича маслаҳат берди. Икковини яраштириб, ажратиб юборишди. Ҳамма тарқалиб кетди. Аммо саволлар қолди: ички йўл ва пиёдалар йўлакчаси кесишган жойда ҳаракатланиш қандай тартибда амалга оширилади? Велосипедлар ҳаракатланиши учун алоҳида тартиб ва қоидалар ишлаб чиқилганми? Умуман велосипед қандай транспорт турига киради? У қайси йўлдан юриши керак?

Маълумки, карантин даврида шаҳарда метро ва транспорт воситаларининг ҳаракати чекланиши оқибатида велосипедлар, скейтбордлар, роликлар ва электр самокатларга эҳтиёж ортиб кетди. Кейинги беш ой ичида Тошкент шаҳрида рекорд даражада кўп велосипедлар сотилди. Абу Сахий, Ўрикзор бозорларидан ташқари шаҳарнинг ўнлаб нуқталарида улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи дўконлар фаолияти йўлга қўйиди. Интернет тармоқларида электрон савдолар ҳам авж олди. Натижада шаҳарда ҳаракатланаётган велосипедлар, скейтбордлар, роликлар ва самокатлар сони ҳам кўпайиб қолди.

Бу пандемия шароитида шаҳар учун жуда ижобий ҳолат ҳисобланади. Чунки одамларда манзилларига ҳеч қандай контактсиз бориб келиш имконияти туғилди. Карантинда зериккан болалар эса ҳовлиларда бемалол скейтбордлар, роликлар ва самокатларда учиб қонини юриштириб олишаяпти.

Велосипедда юриш инсон соғлиги учун ҳам ўта фойдалидир. Эътибор беринг велосипедда юришда қанчалик фойда бор:

• Велосипедда юрганда инсоннинг барча аъзолар ҳаракатда бўлади.
• Ўпка тўлақонли нафас олиши сабабли тўқималар кислород билан яхши таъминланади.
• Юрак қон-томир тизими фаолияти яхшиланади.
• Жигар, ошқозон ичак фаолияти фаол ишлаши оқибатида қабзият, ўт пуфаги тоши касалликларига барҳам берилади.
• Буйрак ва қовуқлар фаолияти яхшиланади.
• Тиззада ва бўғимларда туз йиғилишининг олди олинади.

Қолаверса вилосипед экологик жиҳатдан ҳам ўта самарали воситадир. Велосипед ҳаракати тўғри йўлга қўйилган шаҳарларда экологик муаммолар сезиларли даражада камаяди. Шунинг учун Европа, Америка, Хитой ва Японияда бунга жуда катта аҳамият берилади. Янги йўллар қурилганда албатта велойўлаклар назарда тутилади.

Аммо Ўзбекистонда бу масала жуда ачинарли аҳволда. Мамлакат пойтахти Тошкент шаҳри ҳам велосипедда ҳаракатланиш учун белгиланган меъёрлар талабларига жавоб бермайди. Хўжакўрсин учун қилинган айрим велойўлаклар шаҳар марказида, хорижликлар кўпроқ юрадиган жойларда қурилган бўлиб, уларнинг ҳам узунлиги бир неча километрни ташкил этади холос.

Бугун махсус вазирликлар ва шаҳар ҳокимлиги учун қўйидаги муаммолар турибди:

1. Велойўлаклар қуриш ва уларни конструктив тарзда бир-бирлари билан боғлаб ягона тизимга бирлаштириш;
2. Велосипедда ҳаракатланиш қоидаларини ўргатиш учун мактабларда курслар ташкил қилиш;
3. Велосипед сотиш, таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш нуқталарини кўпайтириш;
4. Велосипед ҳайдовчиларнинг хавсизлигини таъминловчи тунги ёритиш, бурилиш чироқлари, олд ва орқа нур қайтаргичлар, каскалар билан таъминланишини назорат қилиш;
5. Кўп қаватли уйлар ёнида велосипед турар жойларини ташкил этиш;
6. Бозорлар, сепермаркетлар ва бошқа жамоат жойларида велосипедлар тўхташи ва вақтинча сақланиши учун майдонлар ажратиш;
7. Интернет тармоқларида велосипед ҳайдовчилари ва қизиқувчилар учун махсус сайтлар, каналлар ташкил этиш, ва ҳк.

2020-2021 йилларда қурилиши ва реконструкция қилиниши зарур бўлган Тошкент шаҳрининг йўл-транспорт инфратузилмаси объектларининг рўйхатида умумий узунлиги 656 километр бўлган пиёдалар ва велосипедлар юриш йўлларини қуриш режалаштирилган экан. Аммо қани бу йўллар?

Эътибор берсангиз, велосипед миниб ҳаракатланаётганларнинг жуда катта қисмини ўсмирлар ва ёшлар ташкил этади. Улар шу миллатнинг, халқнинг фарзандлари. Кўпчилиги йўл ҳаракати қоидалари билан таниш эмас. Аммо ҳаракатланиши керак. Ҳаракатланиши учун эса хавфсиз йўлаклар йўқ.

Шундай экан бу муаммоларга эътибор қаратиш ва жиддий ёндашиш даври келди, деб ўйлайман.

Мухтасар қилдим!

 

Анвар Буранов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг