Ўзгаларни муҳокама этмоқ офати

0
1332
Фото: facebook.com
Аксари суҳбатларда бизнинг саволимиз мазмуни қуйидагича: “Фалончи ҳақида қандай фикрдасиз?”
Барча давраларда одамларни муҳокама қиламиз: “Фалончи фалон қилди”, “Фалона фалон деди”, “Унинг бу иши хато”, “Бунинг у иши тўғри” ва ҳоказо. Суҳбат деб сипориш этадиганимиз ғийбат базмларида, илм деб тасбит қиладиганимиз маломат йиғилишларида мўминлар, мусулмонлар – ўз диндошларимизнинг айбу гуноҳларини очиб, уларнинг устидан қозиюл қузот сингари орқаваротдан, гўё ёпиқ суд ўтказиб, ҳукмлар берамиз.
Худо бўлишга нима учун бу қадар даъвогармиз?
Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ: “Худпарастлик бутпарастликдан ёмонроқдир”, – деган. Худпарастлик – инсоннинг ўз нафсини севиб, ардоқлашидир. Мусулмоннинг, миллатдошининг гуноҳларини қидириб топишга ва уни фош қилишга ўч инсон қалбида: “Мен ундан авломан! Мен ундан афзалман!” – деган бир даъво бор эканлиги шубҳасиздир.
Аллоҳ ака-укасизлар деб, мусулмонларни ўзаро ака-ука қадар яқинлигини айтиб қўйса-да, бу қардошлик риштасини зинҳор сезмаймиз. Чунки чинакам ака ёки ука ўз қондошининг гуноҳини кўрса, уни оламга ёйиш учун Хулогухоннинг итидек тилини осилтириб чопқилламайди, балки бу нуқсонни яшириб, ислоҳ бўлиши учун шошади. Лекин бизда диндошларимизга бўлган меҳр ўлган, шунинг учун биримиз иккинчимизга энг қабиҳ айбларни нисбат беришдан тўхтамаймиз. Минг афсус.
Ич-ичидан: “Мен афзалман!” – деб ўйламоқ шайтоннинг одатидир. Шайтон эса шу иллати учун лаънатланди.
Ўзини танимаган инсон ўзгаларга ҳукм беради. Бошқа бир мусулмоннинг қалбида нифоқ бор деб сўз юритгунча тилларимиз кесилса, яхши эди.
Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ўз асарларида “Шамотат” деган сўзни қўллаган. Бу сўз бошқаларнинг мусибати, қайғусидан хурсанд бўлмоқ маъносини билдиради. Биз шамотат қилувчига айланиб қолмадикми?
Алишер Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида ёзади:
“Киши ўз мадҳин деса, чин доғи бўлса, нописанддур ва ўтконлар била онт ичмак ёлғон нишонасидур ва мусибатқа сабр қилмоқ – шамотат қилғучининг мусибати”.
Мазмуни:
“Агар киши ўзини мақтаса, бу мақтови рост бўлса ҳам, писанд этилмайди. Ўтганлар – вафот этганлар номи билан қасам ичиш ёлғончиликдандир. Мусибатга сабр қилмоқ – бошқаларнинг қайғусидан қувонадиганлар учун мусибатдир”.
Ўзимизга назар солайлик: орамизда ўзини мақтамаган одам борми? Ўтганлар номи билан қасам ичмасак-да, уларнинг исмини фахр байроғи қилиб олдик. Яқинларимиз андуҳидан шодланмаяпмизми, хайтовур? Мусибатдан Аллоҳ сақласин! Мусибат келса, сабр этмакдамизми? Ёки шамотат қилувчини бесабрлигимиз билан севинтирмакдамизми?
Сўзларимиз кўп – амалларимиз оз. Яхши сўзларни айтайлик, шояд, яхши амалларга рағбатимиз уйғонса!..

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг