Уюшган ёшлар билан ишлаш

0
2741

Facebook тармоғида оммабоп ва долзарб масасалаларни ўз ичига олган материаллари ва мазмунли шарҳлари билан фаолият олиб борувчи, ҳозирда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари орасида энг кўп аудиторияси бўлган kun.uz интернет нашри билан ҳамкорлик қилиб келаётган блогер Муҳаммад Шакур (Шокир Шарипов) бундан деярли роппа-роса бир йил муқаддам интернетнинг ўзбек сегменти хақида ўз мулоаҳазалари ва таклифларини билдириб ўтган эди.

Мавзуни очиб бериш учун блогер Муҳаммад Шакурнинг қуйидаги блог-постидан қайта фойдаланамиз. 

“ИНТЕРНЕТ – бу сўзга лутф кўрсатиб, уни бугун катта ҳарфлар билан ёзишга мажбурмиз. 

Ҳа, бугунги кунда ул жанобнинг аҳамияти қай мақомда эканлигини тушунмайдиган одам деярли қолмади. 

Интернетдан унумли фойдаланмайдиган жамият ҳозир кунсайин эмас, балки соатсайин қолганлардан ортда қолиб кетишини англаб тургандекмиз. Аммо…

Аҳамият ҳақида гапирдик, энди “уст-бошимиз”га бир қарайликда, ўзимизга қуйидаги саволни берайлик:

ўзбек тилидаги интернет маълумотлари захираси қай аҳволда? 

Жавоб эса изланишга муҳтож эмас – абгор аҳволда! 

Маълум бир тушунча ёхуд нарса ҳақида билишни истаган барчамиз бугун браузерда, ўша бизни қизиқтираётган нарсанинг номини киритамиз. Қайси тилда? Ҳа, тўғри – рус ёхуд инглиз тилида…

Танқидни шу ерда тўхтатсак – ҳолат шундоқ ҳам кўриниб турибди. Танқиддан “олам пишиб” қолмайди – муаммони ҳал қилиш, тугунни ечиш лозим! 

Масала ўта жиддий бўлганлиги, миллат ва давлат келажаги, керак бўлса, хавфсизлигига доир бўлганлиги боис, мазкур мурожаатни ёзмоқдамиз. Кимга ёзилмоқда бу мурожат? Ўзимизга! Зеро, бизнинг интернетимизни кимдир келиб маълумотлар билан тўлдириб бериб кетмайди. Ўзимиз, азизлар, ўзимиз буни қилмоғимиз даркор!

Мазкур ачинарли ҳолатни тузатиш учун ишни пайсалга солмасдан: 
–  маълумот ва адабиётларни таржима қилиб интернетга юклаш ишини тизимли равишда амалга оширишни бошламоқ лозим;
–  таржимонлар ишини қўллаб-қувватлаш тизимини ишлаб чиқиб, тадбиқ этмоқ зарур;
– бу ишларни давлат қўллаб-қувватламоғи, балки грантлар ажратмоғи лозимдир (бу, масала, ҳозир футболни ривожлантиришданда муҳимроқдир);
– оммавий ахборот воситалари бу масаланинг долзарблигига урғу бериб, ҳолатни ёритмоғи лозим.  

Ҳусусий ташаббус сифатида бу ишга ҳисса қўшиш мақсадида ижтимоий тармоқларда, мессенжерларда фаоллар гуруҳларини тузмоқ фойдадан ҳоли бўлмайди. Балки таржимонлар ишини қўллаб-қувватлаш учун жамғарма тузиш ҳам керак бўлар.
Мазкур мурожаат дил оғриғи ила, унга мувофиқ равишда акс садо бўлиши умидида ёзилди…  
Муҳаммад Шакур.
(Блог-постдан иқтибос тугади)

Ўтиб бораётган, ушбу 2018 йил сарҳисоб қилинар экан, муҳтарам блогеримиз тарафидан кўтарилган юқоридаги масала ҳозирга қадар долзарблигича қолмоқда. 

Албатта, бу орада ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан бир-икки чора-тадбирларни амалга оширишга харакат қилиб кўрилди. Бироқ ҳар сафар масаланинг ечими маблағга бориб тақалаверди.

Ташқаридан ҳомийлар маблағини жалб қилиш, алоҳида савол ва гумонларни келтириб чиқарса, ичкарида эса ҳомийлар топилавермади. Алоҳида жамғарма ташкил этиш юзасидан таклиф лойиҳалари қўллаб-қувватланмай қолиб кетди.

Хўш, бу масалада Давлат қарашли мутасадди ташкилотлар қаерга қарамоқда, деган асосли савол туғилади. Аҳир, мамлакатдаги ислоҳатларнинг бошида шу пайтга қадар Давлат турган бўлса, бу масала учун мамлакатнинг қайси вазирлиги ёки идораси жавоб бериши керак эди?

Албатта, бу борада алоҳида бир субъектни топиб, шу ерда кўрсатиб, уни жавобгар қилиб, барча айбни унинг зиммасига юклаб, танқидларни ёғдиришдан осони йўқ. Мақсад муаммони ҳал этиш бўлса, унинг ечимини ҳам кўрсатиб, таклиф киритиш нисбатан барча учун маъқул бўлса керак. 

Демак, муаммо аниқ. Интернетнинг ўзбек сегменти ўта қашшоқ даражада! Буни қандай ҳал этиш керак, деган саволга аниқ ва амалий ечими бўлган жавобни топиш керак.

Таклиф.
Интернетнинг ўзбек сегментини ахборот ресурслари билан бойитиб бориш учун қуйидагилар таклиф этилади:   

Бугун мамлактада ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун Давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлиги барчага бирдек маълум. Давлатнинг ёшларга оид сиёсати эса, бевосита Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи қўмитаси томонидан мувофиқлаштирилишини ва амалга тадбиқ этиб борилишини умумий шаклда эслаб ўтиш кифоя қилади.

Таклиф айнан Ёшлар Иттифоқига мўлжалланган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондан бир неча юзлаб олий ва ўрта –махсус ўқув юртлари мавжуд. Ҳар бир олий ва ўрта-махсус ўқув юртларида Ёшлар Иттифоқи қўмитаси бошланғич ташкилотларининг фаолияти йўлга қўйилган.

Масалани ҳал этиш учун, Ёшлар Иттифоқининг олий ва ўрта-махсус ўқув юртларидаги бошланғич ташкилотларидан қуйидаги ишларни ташкил этиш талаб этилади.

1. Иттифоқнинг бошланғич ташкилотлари билан олий ва ўрта-махсус ўқув юртлари маъмурияти ўзаро ҳамкорликда талаба ва ўқувчи ёшларнинг ўзлари таҳсил олаётган соҳаларига оид йўналишларда “махсус курс ишлари”ни бажариш вазифаси ўқув дастурларига қўшимча машғулот сифатида киритилади. 

Курс ишларининг мавзулари ўқув муассасалари маъмурияти ва Иттифоқнинг бошланғич ташкилоти билан биргаликда тайёрланади. Мавзулар, долзарб масала ва фойдали бўлган ахборотларни ўз ичига олиши керак бўлади. 

Тайёрланган курс ишлари орасидан савияли ва мазмунлилари танлаб олиниб, ўқув муассасасининг интернетдаги расмий сайтига жойлаштириб борилади. 

Худди шунингдек, ҳар бир олий ва ўрта-махсус ўқув юртларининг ўқитувчилари ўз йўналишлари бўйича талаба ва ўқувчи ёшларга бериладиган мустақил ишларининг энг мазмунлисини танлаб олиб, интернетдаги сайтларига жойлаштириб бориши ҳам мумкин.  

2. Яна ўша олий ва ўрта-махсус ўқув юртлари билан, у ердаги Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда “Таржимон”лар клубини шакллантиради.

Клуб, олий ва ўрта-махсус ўқув юртларида таҳсил олаётган, хорижий тилларни биладиган, иқтидорли талаба ва ўқувчи ёшлар билан бир қаторда, профессор ва ўқитувчилардан таркиб топади.

Клубнинг асосий вазифаси, ҳар бир ўқув даргоҳи ўз соҳа йўналишига оид бўлган илғор хорижий мамлакатлардаги илмий ишланмалар, замонавий технологиялар, илм-фан янгликлари, маърузалар ва х.к.лар хақидаги материалларни Давлат тилига таржима қилишдан иборат бўлади.

Таржима қилинган материаллар ўқув даргоҳининг расмий сайтидан ташқари, бошқа интернет порталларига ҳам ўзаро келишув асосида тақдим этиб борилади. Хусусан, интернетдаги машҳур Wikimedia Foundation, Inc. комапниясининг «Википедия» эркин энциклопедиясига ўз соҳаси билан боғлиқ материалларнинг ўзбек тилидаги вариантлари таржима қилиниб киритилади ва мунтазам тўлдириб борилади. (Лозим топилса, келгусида материаллар савдосини ҳам шакллантириш мумкин бўлади.)

Кўриниб турганидек, ушбу иккинчи таклиф, келгусида даромад келтирувчи тижорий аҳамиятга эга бўлиши мумкин ёки ўзини оқлайди.

Юқоридаги иккала лойиҳа, бевосита Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи томонидан молиявий қўллаб-қувватланади. Аниқроғи, иккала таклиф бўйича моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади ҳамда иқтидорли талаба ва ўқувчи ёшлар билан бирга, ёш ўқитувчилар қўллаб-қувватланиб борилади.

Берилган таклифлардан кутиладиган натижалар аниқ. Ўзбек тилидаги интернет сегменити, барча соҳалар бўйича фойдали маълумотлар билан бойитилади. Бу дегани- ахборот хуружларига қарши иммунитет, билим эгаллаш учун қўшимча қулайлик, ёш иқтидорларни рағбатлантириш, ўзбек тилини ривожлантириш ва энг муҳими мамлакатнинг истиқболдаги илм-фан салоҳиятини тараққий этишига хизмат қилишидир. 

Бундай ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқида етарли миқдордаги маблағ, потенциал куч ва ҳатто тажриба ҳам бор. Жумладан, Иттифоқ томонидан жорий йилининг оҳирги ойларида пахта йиғим-теримида уюшмаган ёшларни вақтинчалик меҳнат билан банд қилиш, уларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган 190 та “Фидойи ёшлар отряди” ташкил этилиб,  32568 нафар теримчи жалб қилинганлиги ҳамда мавсумий ишларга жалб этилган 28552 нафар йигит-қизнинг вақтинчалик фаолияти меҳнат стажи сифатида инобатга олиниб, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилганлиги, Иттифоқнинг  ташкилотчилик борасида етарли тажрибаси борлигидан далолат беради.

Бу сафар эса таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга тадбиқ этиш Ёшлар Иттифоқи учун янада осонроқ кечади.Чунки, энди Ёшлар Иттифоқи уюшмаган ёшлар билан эмас, балки уюшган ёшлар билан бевосита иш олиб боришига тўғри келади.

Умид қиламизки, ушбу таклифга мутасаддилар бефарқ бўлмайди, жумладан Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи албатта бу таклифга ўз муносабатини билдиради.


Муаллиф: ufq.uz сайтининг жамоатчилик асосида ишловчи ходими

Илҳомиддин Алимов томонидан тайёрланди.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг