Асли ўзбекистонлик бўлган, Ўзбекистондан хорижий юртларга чиқиб кетиб, муҳожирликда умригузоронлик қилиб юрган турли кишиларимиз бор. Уларнинг орасида фақат шахсий манфаатини кўзлаб хижрат қилганларидан ташқари, мамлакат ва халқ тақдирига бефарқ бўлмаганлари ҳам талайгина.
Уларнинг орасидан айрим фаолларини бугун бевосита ижтимоий тармоқлар орқали кузатиш мумкин бўлиб қолди. Ижтимоий тармоқларда улар асосан мамлакатнинг амалдаги тузуми, турли жамоатчилик институтлари ва соҳа вакилларини кескин танқид қилган фикр-мулоҳазалари билан кўпроқ танилганлар.
“Танқид келажак меваси”, “танқид бўлган жойда, тараққиёт, ривожланиш бўлади” ва х.к. танқид хақида янада кўпроқ ижобий мулоҳазаларни санаб ўтиш мумкин. Бироқ қуруқ танқид билан, ўша танқид қилинаётган масалага ҳар доим ҳам ечим топилавермайди. Демак танқид, албатта таклифи билан берилса, – шуни хақиқий маънодаги танқид, дея аташ мумкин бўлади.
Афсуски, муҳожирликдаги азизларимиз гоҳида танқидни ҳаддан зиёд кўпайтириб, таклиф беришга келганда қуруқ гапдан нари ўтолмаганларини кузатмоқдамиз. Тармоқлардаги ўзаро даҳанаки шаклдаги бахс-мунозараларинику айтмаса ҳам бўлади. Қуруқ сафсатабозликдан иборат десак муболаға қилмаган бўламиз.
Ушбу мулоҳазалардан асл мақсад уларни айблаш ёки танқид қилиш эмас, балки муросага чақиришдир.
Оҳирги йиллар давомида тезда ривожланиб кетган мамлакатларнинг яқин тарихини кўриб чиқадиган бўлсак, унда ўша мамлакат ватандошларининг ўзаро ҳамжиҳатлик қилаётгаларини ҳам кузатишимиз мумкин. Улар ўзга юртларда яшаб, меҳнат фаолиятини кўрсатишса ҳам, ўз юртига ёрдам бериб келишган ва ҳозир ҳам бунда бардавом.
Қандай шаклда?
Масалан, Хиндистон, Покистон ва Хитой фукароларини олайлик. Улар АҚШ да ҳам кўплигини биламиз. Айниқса, Силикон водийсидаги фаолият олиб бораётганлари диққатга сазовордир.
Хўш, хитойликлар, хиндистонликлар ва покистонликлар у ерларда туриб ўз мамлакатларига қандай шаклда фойда келтираётганлиги хакида эшитганмисиз? Агар билсангиз, демак яна бир каара айрим шаклларини эслаб қўйиш зарар қилмайди, балки ибрат бўлади.
Қарийб уларнинг хаммаси ўз видеоблогларига эга бўлиб, у ердаги турли соҳаларда содир бўлган янгиликлар хакида аҳборот ва маълумотлар бериб туришади. Хиндистон, Покистон ва Хитойдаги ёшлар эса уларни кўриб, кузатиб ўзларига керакли маълумотларни олиб боришади ёки билимга эга бўлишади.
Хақиқатан, балким бизнинг муҳожирликда юрган азизларимиз ҳам манашулардан ўрнак олиб, ўз халқи учун фойдали бўлган амалий ишларни қилишар? Халқни тушкунликка, умидсизликка бошловчи қуруқ мулоҳазалардан ташқари, мамлакати ва халқи манфаатдор бўладиган қанчадан-қанча маълумотлар бор. Илм-фан, замонавий техника-технологиялар билан боғлиқ ишланмалар хақида мамлакат ичидаги ёшларимизни бохабар қилиб туриш мумкинку!
Муҳожирликда юрган, кўпчилик таниган муҳтарамларимиздан бири жумладан манашундай мурожаат қилибдилар: “Ўзбекча сайтлар, блоглар, газеталарнинг интернетдаги «кўриниш»ларига қараб, Ўзбек журналистикаси ҳали дунёга очилмаганини ҳис қиласиз. Дунё хабарлари ва дунёдаги воқеалар таҳлили рус манбалари орқали экани «мана ман» деб турибди. Жаҳон адабиёти ҳам рус тили орқали таржима қилинмоқда. Асл манбадан таржима қиладиганлар борми? Тавсия қилиб юборинглар.”
Аслида ушбу материални тайёрлашга туртки бўлган манашу блог-пост бўлди десак, айни хақиқатни ёзган бўламиз. Бунинг учун у кишига миннатдорчилик билдириш керак. Шунингдек, бу муҳтарамнинг чекка бир қишлоқда мактаб қуриб беришга ҳомийлик қилиши тўғрисидаги таклифлари ҳам тахсинга сазовордир. Албатта мамлакат ва халқни ўйлаб қилинган бундай ҳайирли амални эътироф этиш лозим.
Муҳожирликда яшаб юриб, ўзидан орттириб, бундай йирик миқдордаги ҳайрия амалини бажаришни ҳамма ҳам бажаролмаслигини тушунган ҳолда, ибрат сифатида алоҳида таъкидлаб ўтишни жоиз деб билдик.
Ўз навбатида, бу муҳтарамга ва у каби мақомда муҳожирликда юрган бошқа ватандошларимизга қуйидаги таклифлар билан мурожаат қилиб кўрмоқчимиз.
Муҳожирликдаги ватандошлар агар имкон топсалар, масалан, АҚШдагилар Конгресс кутубхонасидаги Ўзбекистон тарихига оид китобларни ўзбек тилига таржима қилиш масаласини кўриб чиқсинлар. Худди шунингдек, Буюк Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларида дунёнинг энг йирик кутубхоналаридан ҳамда энг илғор илмий ишланмаларни таржима қилиб бориш масаласини кўриб чиқсинлар.
Албатта бундай ишлар ўз-ўзидан бўлмайди. Замонавий дунёда бундай ишлар учун алоҳида “фонд”лар ташкил этилиб, лойиҳалар амалга тадбиқ этиб борилади. Жумладан, АҚШ ва умуман ғарб дунёси бу каби ишларга донорлик қилиб келиши кўпчиликка маълум.
Дунёдаги етакчи компанияларда фаолият кўрсатиб келаётган ёшларимиз ҳам юқоридагилардан ибрат олиб, ўзларининг шахсий блогларини очсинлар. Илм-фан ва замонавий технология янгиликлари хақидаги материалларни, китоб ва аудиовизуал материалларни таржима килиб тақдим этсинлар. Ўзбекистондагилар эса, уларнинг саҳифаларига кириб, билмларини ошириб борсинлар. Масалан, АКШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби ривожланган мамлакатларнинг машҳур институтларидаги турли соҳадаги таниқли олимларининг маърузаларини таржима қилиб боришсин.
АҚШнинг Силикон водийсидаги янгиликларни тезкор таржимасини йўлга қўйиш мумкин. Бундан мамлакат ёшлари манфаатдор бўлиб, қизиқарли ишланмалардан хабардор бўладилар.
Агарда мамлакатнинг келажагидан хақиқатан хавотир олсалар, келгуси авлодларнинг турмуши фаровонликда бўлишини истасалар, ҳайрия жамғармалари таъсис этиб, иктидорли ёшларни ғарб институтларида ўкишга таклиф килишсин. Узбекистондаги ёшлар орасида ҳар- хил фанлар бўйича олимпиадалар ўтказиб, ғолибларини ўша жамғармалар ҳисобидан ривожланган хорижий давлатлар олийгоҳларига жўнатишсин.
Фикримизча, ижитмоий тармоқларда қуруқ пичинг, кинояли фикрлар билдириб, танқидий шарҳлар қолдириб, қадрли вақтни исроф қилишдан кўра, манашундай саъйи- харакатлар қилган кўпроқ фойда келтиради ва барча томонлар учун манфаатли бўлса керак.
Ислоҳни ўзимиздан бошлайлик. Ҳар ким ўз амали учун ўзи жавобгардир. Агар чин маънода дунёга намуна бўладиган жамиятлардан бири бўлишмизни истаётган бўлсак, илм-фан тараққиёти йўлида ўзаро бирлашишда хеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак.
Шахсий адоватлар, кибру-ҳаволанишларни бир чеккага суриб қўйиб, ҳайирли ишларда бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик!
Муаллиф: ufq.uz сайтининг жамоатчилик асосида ишловчи ходими Илҳомиддин Алимов томонидан тайёрланди.