“Ушбу ваҳшийликлар инсон онгини ларзага келтиради”: АҚШ ва Британия уйғур аёлларга қилинган жинсий зўравонликни қоралади

0
1282
Фото: AFP

3 февраль куни Британиядаги BBC ахборот агентлиги Хитойнинг Шарқий Туркистон провинциясидаги лагерларда сақланаётган уйғур аёлларни жинсий зўрланаётгани ва таҳқирланаётгани бўйича маълумот берганди. 4 февраль куни АҚШ ва Британия уйғурларга қилинаётган ушбу зулмларни қаттиқ қоралаб, бунинг учун Хитой ҳукуматига қарши чоралар кўришларини маълум қилишди.

«Бу ваҳшийликлар инсон онгини ларзага келтиради. Ушбу зулмларга қарши жиддий чоралар кўрилиши керак. Биз ўз иттифоқчиларимиз билан ушбу ваҳшийликни қоралаш ва бундай ишлар келажакда давом этмаслиги мақсадида уни амалга оширганларни жавобгарликка тортиш учун барча чораларни кўриб чиқамиз» деди АҚШ Давлат департаментининг матбуот котиби Морган Ортегус. Шунингдек у Хитойнинг уйғурларга қарши «геноцид» (бутун миллатни қириб юбориш)ни амалга ошираётгани қайта такрорлади.

Британиянинг кичик Ташқи ишлар вазири Найжел Адамснинг айтишича, BBC ўз хабарида «уйғурларга қилинаётган очиқдан очиқ ёвузликларни» ошкор қилди.

“Бизнинг ҳукумат Шарқий Туркистондаги ёвузликлар учун қатъий чоралар кўришга тайёр” дейди Адамс.

BBCнинг 3 февраль куни берган маълумотида айтилишича, Шарқий Туркистондаги лагерларда маҳбус аёллар қўриқчилар ва полиция вакиллари томонидан оммавий зўрланган, улар электр жиҳозлар билан қийноққа солинган.

“Азобланган аёлларнинг қичқириқ овозлари бутун бино бўйлаб эшитиларди” дейди ушбу қийноқларга гувоҳ бўлганлардан бири.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Шарқий Туркистонда бир миллиондан ортиқ уйғур мусулмонлар лагерларда сақланади. Хитой ҳукумати аввалига ушбу лагерлар мавжудлигини рад этганди. Аммо, кейин Хитой уларнинг борлигини тан олди ва бундай лагерлар “қайта тарбиялаш ва касб-ҳунар ўргатиш марказлари” эканини таъкидлаб келмоқда.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг