Депутат: “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш вақти келди.

0
899
Фото: parliament.gov.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Фирдавс Шарипов Ўзбекистонда меҳнат миграция бўйича қонун қабул қилишнинг вақти келганлиги ҳақида ёзмоқда.

Депутат меҳнат миграцияси бўйича статистик рақамларга мурожаат қилиб, бу борадаги бажарилган ишлар ҳақида маълумот берар экан, Россия Федерациясида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик фуқаролар сон жиҳатидан биринчи ўринда туришини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтди.

Шунингдек, депутат меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларига тўхталиб ўтиб, жумладан қуйидагилар ҳақида ёзди:

“… Бироқ ижобий ишлар билан бирга меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ муаммолар бор. Масалан, иш берувчининг шартнома шартларини бажармаслик, меҳнат ва миграция талабларига риоя қилмаслик, иш ҳақини кечиктириш ёки тўламаслик, солиқдан қочиш учун мигрантларни норасмий ишлатиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий ҳолатига тегишли ва уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ бўлган тиббий хизмат кўрсатиш, пенсия ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврларини белгилаш ва молиялаштириш, мигрантларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва жиноий тартибда таъқиб қилиш билан боғлиқ муаммоларнинг ҳуқуқий асоси белгиланмаган.

Айни пайтда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ижтимоий муносабатларнинг барча жиҳатларини комплекс тарзда тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати мавжуд эмас.

Шундан келиб чиқиб, соҳадаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш вақти келди”, дея фикрини баён қилиб ўтди.

Ҳозирда Ўзбекистондан хорижий давлатларга меҳнат қилиш учун кетаётган инсонлар сони юқоридаги депутат каби расмийлар томонидан таъкидлаб ўтилган кўрсаткичлардан ҳам кўпроқни ташкил этиши турли норасмий доираларда таъкидлаб келинади. Бу борадаги амалий ишлар кўлами етарли даражада эмаслигини, кутилган самара ва натижаларни бермаётганлигини бугунги кунда жамоатчилик минбари сифатида кўрилаётган ижтимоий тармоқлар орқали баҳолаш мумкин бўлиб қолган.

Ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг турли зўравонликлар қурбонига айланиб қолаётганлиги ҳақидаги воқеалар омманинг диққат марказидан тушмай келмоқда. Бу эса, барча доирадагилар, жумладан давлат ва нодавлат ташкилотлари  мигрантлар масаласига долзарб масала сифатида ёндашиши лозимлигидан дарак беради.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг