Туркияга ишлаш учун борадиганлар учун тавсия ва маслаҳатлар

0
4878
Фото: https://eurodosvid.com/

Журналист Санжар Саид бугунги кунда Туркияда магистратурада таҳсил олмоқда. Унинг сўзларига кўра ҳозирда Туркияда минглаб ўзбеклар меҳнат қилишмоқда ва ўқишмоқда. Шунингдек, Туркияга меҳнат мигранти сифатида кетаётган ўзбекистонликлар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини зиддиятли вазиятларга тушиб қолиб, зўравон экстремизм қурбонига айланиб қолишининг олдини олиш мақсадида, Tarjumon.uz Санжар Саиддан Туркияда ишлаш ва таҳсил олиш учун борадиган ўзбекистонликларга зарур тавсия ва маслаҳатларини баҳам кўришни сўраб мурожаат қилди. Қуйидаги эътиборингизга ҳавола этилаётган тавсия ва маслаҳатлар Санжар Саид томонидан бир ой давомида ўрганиб, таҳлил қилиб чиқилган маълумотлар асосида тайёрланди.

  1. Туркияда ишлаш учун қандай виза тартиби мавжуд

Ўзбекистон фуқароси Туркияда бирор корхонада ишламоқчи бўлса, ушбу корхонага давлат томонидан маълум шартлар қўйилади. Жумладан, корхонада расмий ишлаётган ишчилар сони энг камида беш нафар бўлиши керак. Беш нафар Туркия фуқаросига иш берган корхона бир нафар чет эл фуқаросини ишга олиши мумкин. Икки чет элликни олиш учун 10 нафар Туркия фуқаросини иш билан таъминлаш талаб қилинади.

Шунингдек, мазкур корхонанинг устав капитали энг камида 100 млн турк лирасини (6/07/2021 ҳолатида 11,5 млн доллардан зиёдроқ) ташкил этиши керак. Бундан паст балансга эга корхоналар чет элликларни расман ишга олиш ҳуқуқига эга эмас.

Бундан ташқари, ишга олинаётган чет эллик бирор соҳада малакали мутахассис бўлиши керак. Бу борада корхоналар қайси мутахассисликларга чет элликларни ишга олаётгани Меҳнат вазирлиги томонидан назорат қилиб борилади. Бунда Туркияда етарли даражада ишчи кучи кўп бўлган соҳаларга чет элликлар ишга олинмайди. Шу боис Туркияда ноёб бўлган ёки кадрларга эҳтиёж юқори бўлган фаолият турлари бўйича расман ишга кириш имконияти юқорироқ.

Шу билан бирга, Туркияга келиб, уй хизматлари соҳасида меҳнат қилаётган ўзбекистонликларда расман ишлаш имконияти баланд. Бола боқувчиси, қариялар, оғир беморларни парваришлаш каби ҳолатларда давлат тўғридан тўғри ишчи визасини беради ва уларга корхоналардаги каби талаблар қўйилмайди.

Бироқ ушбу хизматлар учун ишга олишда ҳам давлат томонидан айрим шартлар қўйилган. Масалан, оиланинг ойлик даромади маълум миқдордан баланд бўлиши лозим. Масалан, Туркияда энг кам иш ҳақи ҳисобига ўтувчи аскарий тўлов (Asgari ücret – 2021 йилда 2825 лира ёки тахминан 326 доллар) миқдорида ойлик даромади бўлган оилалар чет элликларни расман ишга қабул қила олмайди. Яъни бирор чет элликни уй хизматлари учун ёлламоқчи бўлган турк оиласининг ойлик даромади баланд бўлиши лозим.

Шу билан бирга, кекса ёшли кишиларни парваришлаш борасида 65 ёшдан ошганлар учун ишлаш визаси осонлик билан берилади.

Шунингдек, турли хайрия ташкилотлари, жумладан, вақф ва дарнакларда ишламоқчи бўлганлар ҳам ишчи визасини олишлари мумкин. Бироқ бунда ҳам давлат томонидан маълум шартлар қўйилган ва чекланган миқдорда чет эллик ишчиларни қабул қилишга рухсат берилади.

Хулоса қилиб айтганда, Туркияда расман ишчи визаси билан меҳнат фаолиятини олиб бориш бевосита иш берувчиларга боғлиқ бўлиб, фақатгина ноёб кадрлар учун истиснолар мавжуд.

Бунда иш берувчи чет эллик ходимни ишга олгани учун оддий Турк фуқаросини ишга олгандан кўра, бир ярим баробар кўпроқ солиқ тўлагани ҳам улар томонидан одатда ўз ватандошларини ишга олишни устун кўришларига сабаб бўлади.

Бироқ, шуни ҳам эътиборга олиш мақсадга мувофиқки, аксарият ўзбекистонликлар Туркияда норасмий меҳнат фаолияти билан шуғулланади.

  1. Туркияда иш топиш учун қандай расмий платформалар мавжуд?

Туркияда иш топиш учун энг катта расмий платформа, бу – İşkur (Türkiye İş Kurumu – Туркия бандлик агентлиги). Ушбу агентликнинг iskur.gov.tr расмий веб-саҳифасидан тегишли касблар ва ҳудудлар кесимида иш эълонларини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, мазкур веб-саҳифадан касбга ўргатиш курслари, Туркияда меҳнат фаолиятини олиб бориш учун зарур бўлган барча маълумотларни олиш, бу борадаги янгиликлардан хабардор бўлиш, шунингдек, 170 қисқа рақами орқали операторлар билан боғланиш имкониятидан фойдаланиш мумкин.

Қолаверса, Туркияда иш топишга мўлжалланган оммавий платформалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар орасида энг машҳурларидан:

www.eleman.net

www.kariyer.net

www.sahibinden.com/kategori/is-ilanlari

Ҳар бир ташкилот веб-саҳифасида ҳам иш эълонлари саҳифалари мавжуд. Шунингдек, махсус газеталар орқали ҳам иш излаш мумкин.

Бевосита ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига келадиган бўлсак, уларнинг аксарияти иш излашда Туркиядаги ўзбекистонликлар ҳамжамиятларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, гуруҳлар ва каналлари, қолаверса танишлар орқали иш топишни маъқул кўрадилар.

Масалан, бугунги кунда «Туркиядаги ўзбеклар» канал ва саҳифалари, гуруҳларида ҳар куни ўнлаб ўзбекистонликлар банд бўлган касблар бўйича иш эълонлари бериб борилади.

 

Санжар Саид

 

 

 

USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб -қувватлаш лойиҳаси доирасида тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг