“Биз бутун мамлакат бўйлаб пандемия бошланишининг арафасида турибмиз”: Жанубий Кореяда вирус авж олмоқда

0
1663
Фото: REUTERS/Kim Hong-Ji

22 август куни Жанубий Кореяда 397 та коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди. Бу март ойидан бери аниқланган энг юқори кунлик ўсиш ҳисобланади. Бундан бир кун олдин 332 кишига CОVID-19 ташхиси қўйилганди.

Жанубий Корея касалликларни назорат қилиш ва уни олдини олиш маркази маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатда коронавирус билан касалланганлар 17 399 кишини, ундан вафот этганлар эса 309 кишини ташкил қилмоқда.

Ҳозирда Жанубий Корея ҳукумати қатъий ижтимоий масофаланиш қоидалари зарурлигини таъкидламоқда. Яқинда Сеулдаги черков ва бошқа ижтимоий йиғинларда коронавирус кенг тарқалиши кузатилган. Шунинг учун ҳукумат черковларда одамларнинг контактга киришларини ман этди ва тунги клублар, буфетлар ҳамда интернет кафеларни ёпди.

Тиббиёт соҳаси расмийлари учинчи даражали кучли ижтимоий масофаланиш қоидаси жорий қилиниши мумкинлигини ҳам таъкидламоқдалар. Унга биноан, агар тез орада янги касалланиш ҳоллари камаймаса, мактаблар ва кўплаб тадбиркорлик фаолиятлари тўхтатилади.

“Биз бутун мамлакат бўйлаб пандемия бошланишининг арафасида турибмиз. Чунки, ҳозирда мамлакатдаги 17 та ҳудуднинг барчасида янги касалланиш ҳоллари кўпаймоқда. Илтимос, агар сиз энг муҳим нарсаларни сотиб олишингиз, ишга ёки шифокор қабулига боришингиз керак бўлмаса, имкон борича кўпроқ вақт давомида уйда қолинг” дейди Касалликларни назорат қилиш ва уни олдини олиш маркази бош директори Жунг Еун-Кеонг. Шунингдек, Еун-Кеонг Сеулдаги черковда вирус тарқалган ҳолатда ҳозиргача 841 киши зарарланганини маълум қилган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг