Хорижда ишлашни режалаштираётганлар 1 сентябрдан янги имтёзлардан фойдаланиши мумкин

0
2215
Скриншот

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлда «Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Ушбу қарор билан, хорижга ташкиллаштирилган ҳолда ишлаш мақсадида кетаётган фуқаролар учун жорий йил 1 сентябрдан янги имтиёзлар жорий этилмоқда.

Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси нима?

Ўзбекистон фуқароларини ишга қабул қилувчи мамлакатларни икки тоифага ажратиш мумкин: виза талаб этиладиган ва визасиз бориш мумкин бўлган давлатлар.

Фуқаро индивидуал тарзда, яъни давлатлар чегарасини бузмасдан ва чет элда бўлиш тартибига риоя қилган ҳолда дунёнинг исталган давлатида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Аммо, меҳнат мигрантларига турли маълумот, имконият ва имтиёзлар беришни кўзда тутувчи “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтмаган бўлса, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси ҳисобланмайди.

Демак, Президентнинг янги қарорига кўра, имтиёзлардан фойдаланиш учун айнан “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтиш талаб этилади.

“lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида қандай рўйхатдан ўтиш мумкин?

Хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаро “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида мустақил (https://labormigration.uz/ орқали) ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларига келиб, ўзи ҳақидаги тегишли маълумотлар киритилгач рўйхатдан ўтиши мумкин.

Янги имтиёзлар нималардан иборат?

Президент қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2022 йил 1 сентябрга қадар “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг чет тили ва касбий малака имтиҳонини топшириш, йўл ҳамда виза билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми қоплаб берилиши кўзда тутилган. Агар 1 сентябрдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилаётгани ва ушбу имтиёзлар ҳам 1 сентябрдан жорий этилиши инобатга олинса, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларнинг:

– хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда (810 минг сўм);

– йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда (540 минг сўм);

– ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда (1 млн 350 минг сўмгача) харажатлари компенсация қилинади.

Компенсацияни олиш учун кимга мурожаат қилишлари керак?

Президент қарорида кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш учун хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилиши керак бўлади ва “lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтгач хизматлар блоки орқали ушбу имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Компенсация олиш учун онлайн ариза топшириш мумкинми?

Ҳа. Меҳнат миграциясига кетаётган фуқаро чет тили ва касбий малака имтиҳонини топшириш, йўл ёки виза харажатлари қоплаб берилишини сўраб, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реквизитларини тақдим этган ҳолда онлайн мурожаат қилиши ҳам мумкин.

Шундан кейин, фуқаронинг мурожаати мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, талабга жавоб берадиганларни хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳисоб рақамига пул ўтказиб берилади ва ушбу маблағлар кейинчалик қайтарилмайди.

Ортиқхўжа Норов

 

 

USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб -қувватлаш лойиҳаси доирасида тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг