Туркияда разведка самолёти ҳалокатга учраши оқибатида етти киши ҳалок бўлди

0
1970
Фото: english.alarabiya.net

Туркия давлат ахборот агентлиги “Анадолу”нинг 16 июль куни берган хабарларига кўра, мамлакат шарқида жойлашган Ван провинциясида разведка самолёти ҳалокатга учради. Оқибатда турк хавфсизлик хизматининг 7 нафар аъзоси вафот этди.

Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлунинг маълум қилишича, разведка самолёти денгиз сатҳидан 670 метр баландликда тоғга бориб урилган. Қурбонлар орасида икки нафар учувчи ҳам бор. Шунингдек, Сойлу ушбу самолёт билан охирги алоқа чоршанба куни тунги соат 22:32 да бўлганини, шундан кейин самолёт радардан йўқолиб қолганини айтди.

Ҳозирда терговчилар ушбу фалокат сабабини аниқлаш ишларини олиб бормоқдалар.

Маълумот учун, Туркия хавфсизлик кучлари мамлакатнинг жанубий-шарқий ҳудудида Курдистон ишчилар партияси билан узоқ йиллардан бери урушиб келмоқда. Ушбу тўқнашувларда ҳозиргача 40 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган. Курдистон ишчилар партияси 1984 йилда Туркия ҳукуматига қарши ҳарбий қаршиликни бошлаган. Улар Туркия жанубий-шарқидаги асосан курдлар яшайдиган ҳудудга автономлик мақоми берилишини талаб қилишади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг