Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 7 сентябрь куни расмий ташриф билан Сурияга келди. Бу Лавровнинг урушлар гирдобида қолган мазкур мамлакатга 2012 йилдан бери қилган илк сафари бўлди.
Лавров Бош Вазир ўринбосари Юрий Борисов етакчилик қилаётган Россия делегацияси таркибида Сурияга келган бўлиб, у ташрифи чоғида президент Башар Асад ҳамда Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим билан учрашиши режалаштирган. Шундан кейин Лавров Кипрга йўл олади.
Россия президенти Владимир Путин шу йилнинг январида Дамашққа келганди. Путин 2017 йилда ҳам Сурияга ташриф буюрган, лекин ўшанда пойтахтга кирмасдан фақатгина Ўрта Ер Денгизи соҳилида жойлашган рус ҳарбий базасини бориб кўрганди.
Россия Башар Асад ҳукуматининг муҳим иттифоқчиси ҳисобланади. Россиянинг 2015 йилда Сурияга кириб келиши бу ердаги уруш тизгинини ўзгартирди. Сурия ҳукумати русларнинг ҳарбий ҳаво кучларидан фойдаланиб, мамлакатнинг катта қисмини эгаллашга муваффақ бўлишди.
Сурияда 2011 йилда бошланган уруш ҳали ҳануз давом этмоқда. Бу даврда мамлакат иқтисоди вайрон бўлди, 380 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди ва яна миллионлаб одамлар ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар.