Қовун ташишига мажбурланган мигрант йигит ҳикояси

0
4264
Фото: Asia-Plus/сурат мақола қахрамони билан боғлиқ эмас.

Болгарияга хусусий бандик хизмати орқали қандолатчилик фабрикасига бориб, у ердаги адолатсизликлар, зўравонликлар дуч келган ва ўз хақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга мувоффақ бўлган жиззахлик Жамолнинг ҳикояси эсингизда бўлса керак.

Ўша ҳикоямизнинг якунида Жамол яна четдан иш излаб, бу сафар яқин қўшни мамлакат-Қозоғистоннинг Олмата шаҳрига йўл олганлиги ҳақида маълум қилган эди. Хуллас, Жамолдан янги иш жойи ҳақида ва ҳол-аҳволини сўраш мақсадида у билан боғланиб суҳбатлашар эканмиз, у бизга муҳожирликдаги бошқа бир зўравонлик ҳақида қизиқ ҳикояни айтиб берди.

Ўзбекистонлик Асадбек исмли ёш йигит уйидагилари билан майиший масалада чиқишолмай қолиб, аразлаб уйидан чиқиб кетади. Бир муддат аммасининг уйида яшаб юради ва кейинчлик Қозоғистонга ишга  кетишни режалаштиради.  Асадбек  Жамолнинг қариндоши бўлгани учун, телефон орқали Жамолдан маслаҳат сўрайди. Жамол телефон орқали маслаҳат берар экан, ҳозирда божхона-чегара постлари карантин туфайли ёпилганлиги, Қозоғистонга расман кириб келиш мураккаб эканлиги ҳақида айтади. Ҳатто Тошкентда ҳам карантин чоралари кучайтирилганлиги, ҳозирча Асадбекка бироз сабр қилиб кутиб туришини, кейинчалик  Жамол самолётга чипта олиб беришда ёрдам бериши мумкинлигини айтиб, маслаҳатларини беради.

Бироқ, Асадбек ёш ва қизиққонлигига бориб, Ўзбекистон-Қозоғистон чегара-божхона пунктига боради. Ўзбекистон тарафи очиқ бўлгани учун, Қозоғистон тарафдаги постга бемалол ўтиб олади. Аммо, уни Қозоғистон чегарачилари бу мамлакат ҳудудига ўтказмаслигини, бунга сабаб сифатида карантин  чоралар-тадбирлари жорий этилганлигини айтишади.

Асадбек Қозоғистон чегара -божхона пункти олдида нима қиларини билмай турган пайтда, унинг олдига бир қозоғистонлик эркак киши келиб иш таклиф қилади. Асадбек у кишидан қандай иш эканлиги, қанча иш ҳаққи тўланиши ҳақида сўрайди. Ўз навбатида, ҳалиги қозоғистонлик иш таклиф этатган киши  1 ойга 2,5- 3 миллион ўзбек сўми эквивалентилигида маош тўлаши мумкилигини айтади. Асадбек иш тартиби ва вақтини 9-00 дан 18-00 гача режим бўлганда рози бўлишини айтади.

Шундан сўнг, Асадбек қозоғистонлик иш таклиф қилувчи билан ўзаро оғзаки келишиб олишади. Келишувга кўра, қозоғистонлик иш берувчи божхона-чегара пунктидагиларга 110 минг Қозоғистон тангасини тўлаб, Асадбекни чегарадан ўтказиб олади. Чегарада ўтишдан олдин Асадбекни паспортини расмийлаштириш учун олишади ва чегардан ўтгандан кейин ҳам қайтариб беришмайди.

Кейинчалик Асадбекни кенг далада қовун-тарвуз пайкалида ишлашга ёллашади. Асадбек у ерда қовун териб, ташиш билан шуғуллана бошлайди. Афсуски, иш тартиби ва шартлари оғзаки равишда ўзаро келишилганидек бўлмайди. Асадбек ва у билан бирга қовун териб, ташиётганларни ҳар куни эрта саҳар соат 4-00 да уйқудан уйғотишар ва тушликка соат 11-00 да чиқаришар, тушликдан кейин тунги соат 22- 00, гоҳида 23-00 гача ишлашга мажбур қилишарди.

Асадбек ўша ердан  Жамолга қўнғироқ қилишга мувоффақ бўлади ва аҳволи ҳақида маълум қилади. Асадбекни гапларини тинглаб бўлгач, Жамол телефон гўшагини ўша иш берувчиларга беришини сўрайди. Жамол иш берувчилар билан гаплашганда улар Асадбек учун ҳужжатларни расмийлаштириш давомида харажатлар бўлганлигини ва ўша срафланган пулларини ишлаб берганидан кейин паспортини қайтариб беришлари мумкинлигини  айтишади.

Маълум бўлишича иш берувчилар 350 АҚШ доллари миқдорида Асадбек учун харажат қилишган. Жамол ўша харажат пулларини қоплаб бериши мумкинлигини ва Асадбекни қўйиб юборишларини илтимос қилиб сўрайди.

Айни пайтда далада мавсумий ишлар бошланганлиги учун иш берувчилар Асадбекни 1-2 ой ичида қўйиб юборолмасликларини, агар шикоят қилмоқчи бўлса, истаган жойига мурожаат қилишлари мумкинлигини айтиб қўрқитишади.

Бу сафар ҳам Жамол оғир ва босиқлик билан чиройли муомала қилиб, паспортларини қайтариб беришларини, бундай хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканлиги ҳақида огоҳлантиради.

Жамол ҳикоясини давом эттирар экан, унинг рус ва қозоқ тилларни яхши ўзлаштирганлиги қўл келганлигини айтади. Интернет орқали ўша иш берувчиларнинг телефон рақамини топиб, Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасига (КНБ) холат юзасидан мурожаат қилади. Уларга Қозоғистоннинг одам савдоси бўйича халқаро ҳуқуқ билан боғлиқ нормаларни ратификация қилганлигини эслатади. Айни пайтда, одам савдоси холати содир бўлаётганлиги ҳақида “КНБ”га маълумот беради.

Шундан сўнг, “КНБ” мурожаатга нисбатан муносабат билдириб, зудлик билан  тезкор тадбир ўтказади. Аввалига, Жамолдан ўша иш берувчиларнинг телефон рақамларини олишади ва кейинчалик, «КНБ» тезкор ходимлари тунги соат 2-00 да ўша жойини топиб, етиб боришади.

Жамол бу ҳақида Чимкент вилоятида яшовчи дўстларига хабар бериб, уларни ҳам ушбу операцияга гувоҳ сифатида иштирок этишни илтимос қилади. Жамолнинг дўстлари ҳам  200 километр узоқликда бўлган, Асадбек ушлаб турилган далага етиб боришади.

Жамолнинг дўстларининг айтишича, бечора Асадбек жуда ҳам хўрланган холатда бўлган. Уни мажбурлаб ишлатишганлигини  шундоққина ташқи кўриниши айтиб турган экан.

Уни бу холатда ушлаб турган ўша “иш берувчилар” эса дастлаб йирик жарималарга тортилади ва кейинчалик устиларидан жиноий иш қўзғатилади.

Жамол дўстларидан илтимос қилиб, Асадбекни Олматога кетадиган автобусга чиқариб юборишларини сўрайди. Дўстлари Асадбекни Олмата шаҳрига қатнайдиган автобусга ўтказиб юборишади.

Мигрантларимиз билан боғлиқ жуда кўплаб зиддиятли воқеаларга дуч келишини айтган Жамол, кўпинча бундай зиддиятли вазиятларга тушиб қолишда, зўравонлик қурбони бўлишда мигрантларимизнинг хуқуқий жиҳатдан саводсизлиги, ўша борган мамлакатнинг тилини қисман бўлсада ўзлаштирмаганлиги каби омиллар сабаб бўлади дейди.

Дарҳақиқат, муҳожирликда бундай холатларга дучор бўлмаслик учун маҳаллий аҳоли истеъмол қиладиган тил ва қонун-қоидаларини билиш энг бирламчи вазифа ҳисобланади.

 

 

USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб -қувватлаш лойиҳаси доирасида тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг