Қойилмисиз?
Шунинг учун ҳам, ёзилган нарса учун, ёки фикр билдиргани учун, одамга ҳеч қандай чора кўриш мумкин эмас. Ўша экспертиза ҳам бир тийинга қиммат нарса. Экспертиза асосида қайсидир китоб чиқишига йўл қўймаслик, мақола ёзишга йўл қўймаслик ҳам — эркинликка таҳдид.
Одам одамга зулм ўтказишига ҳаққи бўлмаслиги керак. Энг олий зулм эса, фикрини ифода олишга тўсиқ. Билсангиз керак, чор Россиясидаги зодагонларни сургун қилишса, қамашмас эди, шунчаки, хат ёзиш ҳуқуқидан марҳум этишар эди. Яъни ўз қишлоғида хат ёзишга ҳаққи бўлмаслик улар учун жазо эди. Ёки буюк Суқрот ҳам, истаганида, ўлимдан қочиб кетиши мумкин эди, лекин ўз жамиятида яшамаслик ва бир умр фикрини билдира олмасдан биров юртларда яшашдан кўра, ўлимни танлаган. Маъно шундаки, фикрини билдира олиш, одамнинг олиб қўйиш мумкин бўлмаган, муқаддас ҳақларидандир.
Ихтиёрий фикрни эркин билдириш мумкин бўлса, биров ёзгани сизга ёқмаслиги мумкин ва табиий. Ўзгаларни фикри сизни хафа қилиши мумкин, жуда адолатсиз нарса ёзилган деб ўйлашингиз мумкин. Лекин эркин жамият дегани, ҳатто ўша адолатсиз, жирканч ва ёлғон нарсалар ёзадиган одамга ҳеч ким таҳдид қила олмайдиган жамият, ҳеч ким ўшанақаларни фаолиятини чеклай олмайдиган жамият. Чунки бу чеклов аппарати ва қуроли, одатда яхши ниятларда, жамиятни ёмонлардан сақлаш учун, маънавиятни муҳофаза қилиш учун деб номланган олий ният билан қурилганидан кейин, сиз яхши кўрган эркинликни бир кунмас бир кун олиб қўйиш учун ишлатилади. Кўпинча буни сезмай ҳам қоласиз. Қизил террорни ҳам кўп жабрланувчилари, коммунист инқилобчилар бўлган, масалан Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевларни эсланг. Уларга ёқмаган ғояларга қарши курашиш учун тузилган тизим, эртами кечми, уларни ҳам бошини еган. Улар буни билганми, йўқми, билмайман. Шунинг учун, қандайдир адолатсизлик сиз томонга бўлса ҳам уни қоралаш керак. Чунки, худди шу нарса эртага қарши томонда бўлиши мумкин. Ҳозир сиз бировни эркинлигини чеклай олсангиз, тасаввур қилинг, эртага сиз чеклов қўймоқчи бўлган одамларда ўша чеклаш кучи пайдо бўлиб қолса, ўшанда, шундай тизим бўлишини хоҳлаган бўлар эдингизми?
Жамиятда сўз эркинлиги деганда, мана шундай экспертизалардан ҳам эркинлик тушунилади. Яъни ҳеч ким, ҳеч қандай сабабларга кўра, «жамият хавфсизлиги» баҳонасида, бировни фикр билдиришига чекловлар қўя олмаслиги керак. Қодирийни ҳам ўлимига сабаб бўлган экспертизани моҳиятини ўқинг, экспертларни фикрича, «Ўтган Кунлар», совет тизимини ва уни халқини танқид қилиб ёзилган асар экан. Экспертиза асосида фикр берувчига қарши чора кўриш, аслида жиноят бўлиши керак.
Ўзингизни эркинлигингиз учун тўланадиган баҳо, сиз нафратланадиган биров ўша эркинликлардан фойдалана олишидир. Агар сизни фикрингизни чекламасликларини хоҳласангиз, ҳозирданоқ, сиз ёмон кўрган одамлар ўз фикрларини бемалол билдира олишларини таъминлашга ҳаракат қилишингиз керак бўлади да.
Менимча буни бошқа иложи йўқ. Чунки экспертлар тиранияси ҳам аянчли бир ҳаёт.