“Мен “Барса” билан ҳеч қачон судлашмайман”: Месси ўз клубида яна бир йил қолишга қарор қилди

0
1569
Фото: Albert Gea/Reuters

Аргентиналик футбол юлдузи Лионел Месси ўзининг келажаги ҳақидаги қизғин баҳсларга нуқта қўйиб, “Барселона”да яна бир йил мобайнида фаолият олиб боришини маълум қилди. Месси бу қарорининг ягона сабаби ўз клуби билан амалдаги шартномаси бўйича судлашишни хоҳламаслиги бўлганини айтган.

33 ёшли Месси ўтган ойда “Барселона” раҳбариятига клубдан кетмоқчилигини, ўзининг шартномасидаги бандлардан бири уни клуб текинга қўйиб юборишига имкон беришини даъво қилганди. Лекин, ”Барселона” агар Лео кетишни хоҳласа шартномада кўрсатилган 700 миллион евро (824 миллион АҚШ доллари) миқдорида товон пули тўлашини талаб қилди.

“Мен клубда бахтли эмасдим ва кетишни хоҳладим. Лекин, менга бундай қилишга ҳеч қандай имкон беришмади ва мен клуб билан қонуний томондан баҳслашмаслик учун бу ерда қоляпман. Мен ҳеч қачон “Барса” билан судлашмайман. Чунки, у менга барча нарсани тақдим этган севимли клубимдир. Мен “Барса”да ҳаётимни қурдим” дея Мессининг сўзларини келтирди Goal.com сайти.

Мессининг клуб билан шартномаси 2021 йилнинг 30 июнида тугайди. У клубда яна бир мавсум қолиб, 83.4 миллион АҚШ доллари миқдорида бонус олади ва кейинги йили текинга бошқа жамоага ўтиб кетиши мумкин бўлади.

Лионел Месси кўпчилик томонидан барча даврларнинг энг яхши футболчиларидан бири деб ҳисобланади. У ҳозиргача дунёнинг энг яхши ўйинчиси унвонини олти марта қўлга киритган. У “Барселона”даги 731 та ўйинида 654 та гол урган, 285 марта ассиссентлик вазифасини бажарган. Месси 10 карра Испания чемпиони, 4 карра УEФА Чемпионлар лигаси соҳибидир.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг