Мамлакат тарихида уч марта пилла етиштирилди

0
2512

Жорий йилда мамлакатимиз пиллачилик тарихида илк бор уч марта ипак қурт парваришланди. Бунинг учун 330 минг қути ипак қурти уруғи тарқатилди ва 18 минг тонна хомашё етиштирилди.

Баҳорги мавсумда ҳар бир килограмм пилла учун 15 минг сўмдан нақд пул берилиши, такрорий мавсум учун қурт боқувчилар сонини ортишига сабаб бўлди. Такрорий пилла ҳосилининг ҳар бир килограмми учун 20 минг сўм атрофида тўланди. Шу тариқа юртимиз пиллакорларига уч мавсум давомида 270 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тарқатилди.


Ўтган йиллар давомида режани бажара олмаган қатор вилоятлар бу йил пешқадамлар сафида бўлди. Мисол учун, Наманган вилояти 107,1, Сирдарё вилояти 100,2, Тошкент вилояти 101,5, Фарғона вилояти100,3 фоизга бажарди. Бунда ҳар бир қутидан олинган ўртача ҳосилдорлик 45,8 килограммни ташкил этди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, кўп йиллар давомида соҳага эътиборсизлик туфайли пиллакор ва туман пилла корхоналари ўртасидаги ўзаро ишонч йўқолган эди. Туман пилла корхоналари билан фермер хўжаликлари ўртасидаги шартнома тузиш ишлари номигагина тузилиб, пилла боқувчилар сони аниқланмасдан уруғлар жонлантириларди. Сўнгра инкубаторияларда жонлантирилган ипак қуртлари тарқатилмасдан 5-6 кун қолиб кетиши туфайли нобуд бўлиши кузатилган. Бу эса кўп миқдорда уруғ жонлантирилса-да режанинг бажарилмай қолишига сабаб бўлиб келган.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда 461 минг қути ипак қурти парваришланиб, 26 минг тонна пилла етиштириш мўлжалланган эди. Бироқ… 12 минг тоннадан ортиқ пилла етиштирилиб режа 48 фоизга бажарилган эди. Бу кўрсатгич Наманган вилоятида 21,6, Сирдарё вилоятида 22, Тошкент вилоятида 32,6, Фарғона вилоятида 32,6 фоизни ташкил қилган.

Ваҳоланки, жорий йилда мазкур вилоятларда ҳам мўл ҳосил етиштириш мумкинлиги исботланди. Бунинг учун “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди.

Энг аввало, юз берган хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, аввало мавсум учун озуқа-тут базасини яратиш, мавжуд тутзорларни инвентаризация қилиш ишларини олиб борди. Шу жараёнда фермер хўжаликлари ҳисобидаги тутзорлар “Вилоят агро пилла” балансига ўтказилди.

Тутзорлар эгалик бўлди, касаначи ўзига ажратилган тутзордан унумли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, уларга меҳнат дафтарчаси очиб, пилла боққан вақти иш стажига ҳисобланиши таъминланмоқда.

ЎзА

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг