Кун ўтказиш учун шунча найранг! Мансаб учун шунча ёлғонбозлик!

0
2341
Иллюстрацион сурат

Хирқа кийган риёкор шайхлар хусусидаким, уларнинг олдида ҳақиқий либос деган ҳайла-найранг кийимидир, авом халққа ўргатадиган ҳақиқат ва билимлари эса аҳмоқлик; ҳақиқий майхўрлар тўғрисидаким, уларнинг вужуд кийимлари йўқлик қўлининг зарбасидан йиртилган ва Ийсо нафасидек жонбахш нафаслари эса муқаддас руҳ каби пок ва зиёрат жойлари фалакнинг саҳнидир.

Эй қаллоблик билан жанда кийиб олган шайх, шому саҳар зикр айтиб, ғавғо қиласан. Жандангнинг ҳамма томонларига ямоқ қадалган, бу ямоқлар ҳаммаси сохта художўйлик ва риё иплари билан тикилган.

Айланма қуроқлар бу кийимингда кўп бўлиб, уларнинг остига пулларни беркитиб қўйиш осон. Унинг тўқималари ҳам ёлғон ипидан тўқилган.

Иблиснинг мўйлаби эса игна вазифасини бажарган. Яшил тўн устидаги ямоқлар найррангбоз фалакнинг наҳс юлдузларидир. Ушбу фалак ҳам шунинг учун эрталабда ридо кияди, ёлғон тонг эса унинг байроғидир.

Унинг эски салласи чулғаган бўлиб, ичида эгриликдан бошқа нарса йўқ. Унинг ҳассасини ҳасса дема, ҳийла уйининг устини де: қани энди шу устун синиб, бунақа уй ер билан яксон бўлса.

Тасбеҳини тасбеҳ дема, буттарош бут йўнаётганида чиқиндилардан унинг доналарини ясаган. Бу тошларнинг ичидаги сўфиси кофирнинг май идишига ўхшайди, тасбеҳнинг ипи эса зуннорнинг ипини эслатади.

Тиш тозалагичи сўлаги тегиши билан нопок бўлган. У мисвок ёмон хабар битилган ўроғлик мактубга ўхшайди, шундай нарсани у гўё ўпиш учун оғзига олиб бораётгандай.

Икки оёғидаги икки кавуши ҳазилкашлар учун ўйинчоқ-эрмак. Осилиб турган ажиб соқоли кишининг кулгисини қистатади; ўлтириши минбарга чиққан эчкининг ўзи.

Лекин тутган ишида эчкининг ишидагича ҳам тўғрилик йўқ, чунки у ўғрини тутади, бу эса ўзи ўғирлик қилади. Эчки ўз тоифасига яхшилик истайди; пода минг қўйдан иборат бўлса ҳам у пешво. Ўзини ҳаммасига меҳрибон тутиб, йўл бошлаб, тўғриликка амал қилади. Туну кун тоғу тошда подани бошқариб юриб, уларни хавфли сўқмоқлардан ўтказади.

Шайх ҳам ўз одамларига йўл кўрсатади, лекин у кўрсатган йўл тўғри дўзах ўтига олиб боради. Зулмат водийсида бу ажаб тоифа йўлидан адашиб, ўзини тўғри ўтга уради. Улар фисқ-фасод қайнаган жойдан паноҳ топиб, унга гоҳ “ибодатхона”, гоҳ “хонақох” деб от қўяди.

Хонақохга шайх бўйралар солган; бўйранинг ранги-ҳийла, ҳиди –риёдир. Масжидининг устунлари ҳар ҳил бўлиб, қибла томони қийшайган. Эшиги майхўр оташпарастнинг дарахтидан, меҳроби бузуқ тарсо (Тарсо- насроний динига мансуб одам) қизининг қошига ўхшайди.

Шайх шу меҳроб орасида тоат қиларкан, шайтон нима деса ўшанинг гапига киради. Тағин қанча одамлар унга мурид. Лекин улар ҳаммаси унга лойиқ, мос муридлар.

Шайх қаддини “нун” ҳарфи каби эгиб, бир бурчакда Зуннун (Зуннун- тасаввуфнинг катта олимларидан бири. Тўла исми-Зуннун Абулфазл Савбон бинни Иброҳим) сингари ўлтиради.

Тўғри йўлни тутмоқни бўлганларга илмдан сўзлаб, буни рост, униси билағон, деб гап сотади. Беҳуда гапларни кўпайтириб, художўй одамларни мурид қилмоқчи бўлади. Уларнинг бирини хилватини шин бўлишга зўрлайди; бошқа бировига бўлган-бўлмаган воқеаларни гапириб лақиллатади.

Биров унга ёлғон бир воқеани сўзлаб берса, бунинг ўзи ҳам унга қанча ёлғонни қўшади. Хилватда у ўзини одамларга энг яқин дўст деб, ўзини хизрга хамдам бўлган деб кўрсатади. Маҳкам қилиб наша тугиб қўйган латта нашанинг ранги уриб, яшил бўлиб кетган. Унинг отини шайх “Хизр паямбар” (“Хизр пайғамбар”) деб атайди, бемаъни хаёлларини эса, бўлган воқеа қилиб кўрсатади.

Бундай хилват унинг аҳлигагина хос бўлмай, бундай “хизр” (наша) шайхнинг ҳам ажралмас дўсти. Нашани чекиб олиб, у ўзини мартабада энг юқори ўринда деб билади; осмон ҳам, унга қолса, унинг учун энг паст жой.

Хаёлида у кўтарилмаган даража қолмайди, унча-мунча каромат кўрсатганни писанд ҳам этмайди. Ногаҳон унинг қулоғига найнинг бир куйи эшитилса, ўзини илоҳий май ичган одамдек маст қилиб кўрсатади.

Ташқаридан келган нағма оҳанги жуда ёқимли бўлса ўрнидан сакраб туриб, ўзи ҳам қўшилиб, ашула айта бошлайди. Оёқлари билан ерни депсиб, филдек бўкириб, нафс чангаги олдида ҳору зор бўлади.

Унга эргашган “художўйлар” ҳам шу хилда харакат қилиб, унинг атрофида доира бўлиб айланиб, беъмани хаёллар билан ўзларини (сўфийлик) кайфиятига соладилар; шайх атрофида фонус атрофида айлангандек айланадилар.

Жазаваси тутганда муридларининг ҳар бири пиридан қолишмайди: бемазаликда ҳаммаси бирдек. Беҳуда сўзларни сўзлашда бири чирчиракка ўхшаса, кўп айланиишида бошқа бириси пирпиракка ўхшайди. Бири ўзини йўқотиб, тилсиз қолса, бошқа бирови нола қила бериб, ҳолсиз йиқилади. Буниси унисини кўз қири билан кузатиб турса, униси шуни ҳам камоли ўзини йўқотишга қиёс этади.

Мунофиқлик ўтидан ҳар бири дўзахга ўхшайди, лекин асл табиатлари совуғидан эса яхга. Ҳар бири ўзини шунча кўп уринтирадики, натижада йиқилса, тура олмайдиган ҳолга келади.

Уларнинг ҳаммасининг мақсади – катта амалдорлар шайхнинг ва хонақохнинг бу аҳволини кўрса, шайхнинг пирларига хос намозхонлигини, унинг муридларининг ҳам зикрини, ўз вазифасига амал қилишини билиб, уларнинг фақирлик ва қаноат орқали бу мартабага эришиб, худо ишқи ва мутасаввуфлик ҳолатидан баҳраманд бўлганларини кузатса.

Шундан кейин уларнинг ҳаммасини авлиё деб ҳисоблаб, уларнинг сўфийлик ҳолига кириб, ўзидан кетишларини ҳам чин деб ўйлаб, шайх олдида ялиниб-ялбориб, камчиликлариннинг чорасини кўрсалар.

Иш охир шунга борсаки, мамлакат подшоси ва лашкарбошиси ҳам ҳабар топиб, кўп дуолар қилиб, илтимос билан унга мурид бўлса, мартабасини доим кўтариб турса. Унга хадялар, туҳфалар тортса, мол ҳам берса, ғаллакор ер, кент ва суюроғол (Подшох томонидан бир умрга бериладиган ер-сув) бағишласа. Шундай нарсалар билан баҳраманд бўлса, шундагина уларнинг нафси ором, шодлик топади.

Ё худо, бу қандай пасткаш нафс ўзи?! Бу нафс эмас, ўзи учун ҳам катта азоб-ку! Кун ўтказиш учун шунча найранг! Мансаб учун шунча ёлғонбозлик!

Шундай экан, бу тоифа одамлар ёмонларнинг ёмонидир; дунёда улардан ўтадиган ёмонни топиш қийин. Уларнинг ташқариси яхши, лекин ичлари фасод билан тўла; уларнинг ташқи жойномозу, ичида одам ёзиладиган жой.

Улар нафс олдида руҳни қулга айлантирганлар, тоза ипакни эса дажжолнинг устига ёпганлар. Уларнинг ичида дев билан шайтон қайнайди, тани эса малойикалардан тўкилган пат билан пардаланган.

Кўйлагидан мушку анбар хиди келади, ичида эса юзта ит ҳуриб, гандираклаб юради. Усти олитланган сохта пуллар бўлса ҳам, ўтга солиб, булғончадан олтинни айриб олиш мумкин. Лекин бу булғончаларга дўзах ҳам ҳайф, чунки бу ярамас тўда одамларига ўтни ҳам раво кўриб бўлмайди. Ҳамма одам одатда ўтдан азоб кўрган бўлса, булардан ўт азоб тортади.

Мана қара, одам билан одам орасида қанча тафовут бор: буниси тангир деб бутни танлаган, униси қиблани. Биронтаси “жаннат” сўзини оғзига ҳам олмайди, шунинг учун уларнинг биронтаси куйишга ҳам нолойиқ.

Эй кўнгил, шундай одамларга жаҳонлар фидо бўлсинки, уларга жаҳонлар эмас, жонлар ҳам фидо бўлсинки, бундай одамлар икки дунёни ҳам тарк этиб, фириб дафтарини елга учириб, номус хирқасини ўтга ёқиб, масжиду майхонани ҳам ёқтирмай, майҳонага ҳам, Каъбага ҳам боқмасдан, элнинг яхши-ёмонига енг силкиб, одамларнинг бору йўғини бирдек кўриб, бутун борлиқ ва у жойлашган маконни хашакча билиб, дунёдаги ҳамма нарсаларни ўткинчи ҳисоблаб, ўзини эса шу йўқлик ичидаги кул деб, бу хаёллар билан ўзини тамом куйдириб, шу кул билан тозаланган оина унинг юзини ёритади.

Бундай кўзгуда бегона ҳеч нарса йўқ, унда мақсад юзигина жилва қилади. Янада тўғрироғи, бу юксак хаёллар эмас, зарралар унга ҳар биттаси бошида-оёқ бир кўзгу бўлиб, уни мақсад маъшуқаси (Аллоҳ)га рўпара қилади.

Ҳар тарафда кўзгу ва жонлар кўринади; кўз ёмон деган нарсага тушмайди. У қаёққа боқмасин, худони кўради; буларни Яратганни эса мутлақ Яратувчи деб танийди.

Тўғри йўл билан улар водийларни кесиб ўтадилар. Йўлдан тойганларга улар хақиқий йўлбошчидир. Кимки ҳижрон зулматида қолган бўлса ёки умидсизлик водийсида адашиб юрган бўлса, ундай одамларга у Хизирдек қўлини узатади, мақсад манзилига етиш учун унга йўл кўрсатади.

Огоҳлик рашки монеълик қилмаса, улар Хизрга ҳам ҳамроҳлик қилишлари мумкин. Зулмат улар ёққан ўтнинг бир оҳ дегандаги тутини, Хизр эса уларнинг ҳар қадамида учрайдиган яшил гиёҳ.

Уларнинг кўзидан томган бир қатра ёш Хизрга юзта хаёт суви чашмаси бўлади. (Қадамларидан кўтарилган) чанглари кўшга тўтиё, уларнинг амри билан оддий мис кимёга айланади. Адолатсиз осмон билан унинг юлдузлари уларнинг қаҳрлари ўтидан чиққан тутун ва босиб ўтувчи қуёш билан ой уларнинг марҳамат гулшанидаги икки япроқдир.

Улар қаёққа улуғ сафарга чиқмасин, юзларидаги ҳар қатра тер чуқур бир денгиздир. Улар қаерники мақтаб тўхтар эканлар, уларнинг мақтовидаги ҳар бир ҳар тоғча маънога эга. Шахсан уларнинг ўзлари бир парча ер устида яшаб турган ҳолда, фалака гулшанида сайр қиладилар.

Шариат иқлимида йўллари ёруғ бўлиб, унинг чизиғи ҳар қандай мавҳумликдан тоза. Сайрда улар шундай майдонда юрадилар, шундай майдонда жавлон қиладилар. Уларнинг ҳар бири жони борича тоат қилади, имкони борича жонларини қийнайдилар.

Ҳар ишда Пайғамбар алайҳисалоту васаллам одатига амал қиладилар. Унга жон-дилларидан миннатдорлик изҳор этадилар. Кетама-кет қанча ишларни бажаришмасин, ҳеч нарса кўрмагандай, ҳеч иш қилмагандайлар.

Бир томондан олдингга келиши мумкин қаттиқчиликларини жиддий тушинишга харакат қилсалар, иккинчи томондан доим ўз ожизликларини тан олиб, тавба қилиб (Худодан) узр сўрайдилар. Негаки, нима юз берса бу Унинг амридир, шунда жаннат умиди қолиб, дўзах хавфи кетади. (Қийин вақтида) ким бошқа ерни эсласа, демак, бундай одамга севги хақида сўзлаш нораводир.

Эй, бу (севги) гавҳарига жой қидирган одам, билки, бунинг асл жойи кондир.

Алишер Навоий
Хайратул-Аброр, Тўртинчи мақолот
Насрий матн.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг