Коронавирус нарх-навога таъсир қиладими?

0
1499
Фото: platforma.uz

Хитой иқтисодиёти ривожи бўйича дунёда АҚШдан кейинги ўринда туради. Мазкур давлат ЯИМси 2019 йилда 14 трл. доллардан ошиқроқни ташкил этган. Бу — жуда катта кўрсаткич…

Шундай мамлакат бугун билвосита дунёдан узилди. Денгиз портлари, аэропортлар, кўчалар ҳувиллаб қолди. Ўзга давлатлар ҳозир Хитойдан қўллариниям, оёғиниям тортган. Бу жараён, ҳеч шубҳасиз, дунёни боқадиган “дошқозон”га айланиб бораётган Чин давлатига катта иқтисодий зарар келтиради. Ва, ўз ўрнида, жаҳоннинг “иккинчи”, “учинчи” дея тоифаланган мамлакатлариям бундан маълум маънода жабр чекади.

Негаки аксарият мамлакатлар шу давлат ишлаб чиқарган арзонгаров маҳсулотлар билан кун кўриб келаётганини ҳамма билади. Масалага шу томондан қарайдиган бўлсак, энди бизда ҳам айрим турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ овқат маҳсулотлари нархида ўсиш кузатилиши эҳтимоли катта. Чунки бозорларимиздаги асосий товарлар асосан Хитойдан келтириларди. Бу, энг аввало, халқ хўжалиги моллари, саноат товарлари ва озиқ-овқат нархининг «сакраши»да намоён бўлса ажаб эмас.

Шундай экан, мавжуд вазият Ҳукумат олдига нафақат коронавирусдан ҳимояланиш вазифасини, балки бозордаги нарх-навони “ушлаб” туриш масаласини ҳам қатъий қилиб қўймоқда. Хуллас, жамиятда иккита аниқ хавф пайдо бўлди. Коронавирус ва қимматчилик…

Дунё иқтисодиётига рахна солаётган вирус

Худди шу мавзуда Асадулла Жўраев ҳам “Facebook”да мана бундай пост қолдирган:

Хитойдаги коронавирус туфайли вужудга келган вазият дунё иқтисодиётини чуқур таназзулга олиб келади. Энг яхши ҳолатда вирус Хитойдан чиқмаса ҳам, бизга унинг бошқача таъсири бўлади. Ҳозирдан нафақат Хитойнинг ўз иқтисодиёти ва у билан боғлиқ жаҳон иқтисодиёти ҳам миллиардлар зарар кўра бошлади.

Биз эса уни одатдагидек бир оз кечроқ ҳис этамиз. Ман ҳатто бу ерда глобал миқёсдаги корпорациялараро алоқаларни эмас, оддий истеъмолчи сифатида тез орада қандай қийинчиликларга учрашимиз ҳақида фикр юритяпман.

Яъни ҳозирча бозорларимизга олиб келтирилган Хитой товарлари ҳали дефицит бўлган эмас. 80 фоиз маиший техника ва бошқа электр, рўзғор буюмлари Хитойники эканлигини назарда тутсак, тез орада маҳсулотлар келмай қолиши эвазига жуда катта танқислик юз беради. Ноутбуклар, уларнинг аксессуарлари, телефонлар, минг хил майда-чуйдалар… Уларни бизга етказиб берадиган бошқа яқин давлат йўқ. Эроннинки сифатсиз, Европа ва Американики биз учун даҳшатли қиммат.

Хуллас, ноутбук сотиб олмоқчи бўлганлар ҳозир олмаса, бир ойдан сўнг уни 3 баробар нархда сотиб олишларини тахмин қилиш мумкин, агар вирус тарқалиши ва иқтисодий алоқаларнинг изга тушмаслигини назарда тутсак. Оддий “usb” шнурларни, “usb” хабларни, флешлкаларни 30-60 минг сўмга олиб келган бўлсак, тез орада 150-200 мингга ҳам топилмаслигини ҳисобга олсак, Хитой кунлик истеъмолимизга нақадар чуқур кириб келганини тасаввур қилса бўлади.

Тўғри, бу тахминлар, холос. Ҳозир Хитойга катта буюртмалар бериб, юкларини ололмай турган тижоратчилар эса, буни бошдан ўтказишни бошлашди. Валютани юанга алмаштириш, кейин юанни яна қайтариб, ўз валютасига ўтказган тижоратчи, ҳали товар олмасдан 30 фоиз зарар кўриб улгурди. Хуллас, шунақа гаплар. Эчкига жон қайғуси, қассобга гўшт…

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг