Исломий молиялаш тизими ўзини оқлайдими?

0
2105
Манба: ЎзА

Кейинги вақтларда аҳоли ва тадбиркорлар орасида исломий молиялаш тизими хусусида ўзига хос фикр-мулоҳаза юритаётган, унинг ишлаш тизимига қизиқаётганлар кўпаймоқда. Шу боис соҳада фаолият юритаётган ва уни ўрганаётган мутахассисларнинг бу борадаги қарашларини ўрганиб, эътиборингизга ҳавола этишни лозим кўрдик.

Аслида ҳам исломий молия тармоғи бугунги кунда жаҳонда жадал ривожланиб бораётган ва инновацион молиялаштириш механизмларини ўзида жамлаган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда. Шундай экан, энг аввало, бундай молиялашнинг анъанавий банклардан фарқи нимада эканини аниқлаб олиш керак бўлади.

– Уларнинг фарқи шундан иборатки, исломий молия фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилади, – дейди Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакили Ҳусан Ҳасанов. – Яъни, у шерикчиликка асосланади. Улар мижоз талаби билан объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, хомашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин.

Молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Замонавий банк тизимида эса банкларнинг савдо амалиётларини амалга ошириш қонунчилик нуқтаи назаридан мушкул бўлиб, бунга солиқ ҳамда банк фаолиятига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўсқинлик қилади.

Маълумотларга кўра, кейинги йилларда исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда. Шундай экан, мусулмон давлатларидаги фаолияти исломий молиялаштиришга асосланган мавжуд банклар, инвестиция фондлари ва компаниялар маблағларини Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва хусусий секторини қўллаб-қувватлаш мақсадида жалб этиш айни муддаодир.

– Ислом банклари бутун дунёда ривожланмоқда, – дейди AI Huda CIBE (БАА) компанияси бош директори Зубаир Мугхал. – Марказий Осиё халқлари мусулмонлардан иборат ва улар ҳамиша ислом молиясига эҳтиёж сезади. Шу боис биз уларга ислом ва диний талабга тўғри келадиган иқтисодий ҳамкорликни таклиф қилмоқдамиз. Бизнинг офисимиз Дубайда жойлашган. Келгусида Ўзбекистондан ҳам офис очиш ниятимиз бор. Мақсадимиз Ислом банки ва молиясини ишлатиш борасида сизларга кўмак бериш. Бунда, аввало, малакали кадрлар тайёрлашга эътибор қаратамиз. Тўғрисини айтганда, Дубайда исломий ва замонавий банклар тенг ишламоқда. Бу эса фуқароларга танлаш имконини беради.

Демак, исломий молиялаш бозор иқтисодиёти ва бозор таъсирини рад этмайди. Ҳатто манфаат олишга бўлган рағбат мантиқ доирасида мақбулдир. Хусусий мулкчилик буткул рад этилмайди. Пулдан фоиз ундириш ман қилингани сабабли, фоизли қарз мажбуриятлари тизимдан чиқариб ташланади. Шундан бўлса керак, кейинги вақтда аҳолининг ислом банкларига бўлган қизиқиши ошаётгани кузатилмоқда. Агарда юртимизда исломий молиялаш тизими қўлланилса, бу амалиёт ўзини оқлайдими?

– Биз яқинда бўлиб ўтган ислом молияси ва банкчилиги форумида ва унинг семинарларида иштирок этиб, ўзимиз учун бир қатор янгиликларни билиб олдик, – дейди Банк-молия академияси доценти Ҳавохон Раҳимова. – Исломий молиялашга бўлган талаб мамлакатимизда 80 фоизгача етиши мумкин. Чунки, улар харидорга, айтайлик, битта телефонни 21 минг сўмга олдим, лекин уни 23 минг сўмга сотаман, деб очиқ айтар экан. Яъни мижоз олаётган маҳсулотини аниқ нархини ва устига қўйилган устамани билади ва шунга рози бўлади. Бунда улар фоиз эмас, балки устамани тўлайди. Қизиқ, уларда фоизлар ва жарималар бўлмаса, банк ва молия муассасалари нимани ҳисобига ривожланади? Қандай даромад кўради?

Бизда ҳам тадбиркорларга бериладиган кредит маблағларининг бир қисми аҳолининг омонатга қўйган пулларидан шаклланишини кўпчилик билади. Маблағнинг устига маржа ва банк хизматлари қўшилиб, кредит фоизи чиқарилади. Ҳозирда омонатларнинг 20-21 фоиз эканини ҳисобга олсак, кредитлар фоизи камида 24 бўлиши табиий. Шунингдек, агарда мижоз ўз вақтида маблағни тўламаса, унга жарима солинади, яъни пеня ёзилади. Вақт ўтган сари бу жарима маблағи миқдори ошиб бораверади.

Ислом банкида эса устамалар ўз ўзидан ошмайди ва пеня тушунчаси умуман йўқ. Жарималар бор, лекин улар бир маротаба қўйилади, қўйилиш сабаби эса мижозни тарбиялаш ва келажакда шунга ўхшаш эътиборсизликларга йўл қўймаслигини таъминлаш. Исломий молиялашда кредитлар энг узоғи 5 йил муддатга берилади. Агарда мижоз бирор бир фалокатга учраб, тўлаш қобилиятини йўқотса, банк муддатни 6-10 йилга чўзиб бериши мумкин экан. Бунда суммада ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.

Лекин мижоз асбоб-ускунани олиб қўйиб, уларни яхши ишлатмай, бепарво юргани кузатилса, банк совуққонлик учун жарима солади. Ундирилган бу маблағни тўғридан-тўғри хайрия мақсадларига сарфлайди. Ваҳоланки, ислом молиялашида жаримага фойда сифатида қаралмайди ва у ҳаром ҳисобланади. Ўзбекистонда битта шундай ҳолат бўлганда, маблағ болалар уйига ўтказиб берилибди.

Бундай ҳолатда анъанавий банк тизимида ечим қандай бўлар эди?

– Замонавий банкда мижоз пулни муддатидан кечиктирса, жарима қўлланилади ва оқибатда судга юборилади, – дейди Трассбанк вакили Нодира Мирзараҳметова. – Ва бу жараён узоқ давом этади. Яқинда юртимиз аҳолиси қўлида катта маблағ борлиги, уларни кўпчилик банкда эмас, банкдан ташқарида сақлашни маъқул кўраётгани ҳақидаги хабарга кўзим тушиб қолди. Нега улар пулни омонатга қўймас экан? Яна бир гап. Кўп ҳолларда тадбиркорлар банкдан кредит олгиси келмаслиги ҳам кузатилган, сабаби нимада?

– Анъанавий банкларда кредит олган бўлсангиз шароитингиз бўладими, йўқми, ўз вақтида тўлаш керак,– дейди тадбиркор Равшан Шоисламов. – Йўқса, жарима ёзилиб, оғир аҳволдаги тадбиркорни синишига олиб келади. Шунинг учун, баъзи дўстларим қийналиб қолса ҳам банкдан кредит олмайди. Ислом молиясига келсак, уларнинг оддий банкка нисбатан кўпроқ хизматлари бор экан.

Хусусан, уларда ҳар бир шахсга алоҳида ёндошув бор экан. Яъни тузилган қарз шартномаси банк учун ҳам, мижоз учун ҳам бир хилда фойдали бўлади. Агарда бу молиялаш тизими юртимизга кириб келса, потенциал ошади. Яъни омонат фоизини “судхўрлик“ деб ҳисобловчилар ҳам ўз маблағини тикади ва нақд пул операцияси ошади.

Ислом молияси мутахассислари айни вақтда бундай тизим иқтисодий инқироз вақтида кескин чайқалишга тушмагани, бир зайилда тургани учун айни вақтда АҚШ ва Европа вакиллари ислом принципларини ўрганаётганини айтмоқда. Сабаби, бундай тизимда пул эмас, балки мулк ёки асбоб-ускуна ишлагани учун пул устидан пул қилинмайди, балки реал ўсишга эришилади.

Агарда, юртимизда исломий молиялаш тизимлари ишга тушса, кредит олиб уни тўлолмай кетадиган одамлар сони кўпайиб кетмайдими? Қабилидаги саволга банк соҳаси ходимлари бизда ундай аҳоли кам, кўпчилик ўзининг масъулиятини ҳис қилади, деган жавобни берди. Ундан ташқари, ислом молияси механизмлари аллақачон бундай нияти эгри тадбиркорларга қарши курашиш воситаларини ўйлаб чиққани учун хатарлар мёъерлар чегарасида ушлаб турилади.

Аммо, ҳар қандай фаолият кўпроқ яхши ниятли, ҳалол тадбиркорларга мўлжалланган бўлади, истиснолар эса ҳамиша бўлган ва бўлади. Зеро, бу кредитларни асосан ҳалол ва тўғри ниятли тадбиркорлар олади ва улар фойда олиш билан бир вақтда тўлашни ҳам билади. Агарда бундай банклар кўпайса, ҳар бир инсон ўзига маъқул молия муассасаларига боради. Рақобат бозорида танлаш имкони кенгайиб боради.

Сайёра Шоева, ЎзА

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг