Евангель  христиан-баптистлар черкови

0
1044
Фото: И.Алимов

Диний бағрикенглик, турфа фикрлилик, эътиқод эркинлиги мавзуси доирасида Тошкентдаги протестант черковлар фаолияти билан таништиришда давом этамиз. Бу сафар Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Евангель христиан-баптистлар черкови ҳақида маълумот бериб ўтамиз. Хусусан, Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан қисқача ҳикоя қилиб бериш учун Евангель христиан-баптистларнинг Тошкентдаги марказий черкови пастори Белик Аркадий Романовичга мурожаат қилдик.

Баптистлик (грекча “babtizo” – “сувга ботирмоқ”, “сувга шўнғитиб чўқинтирмоқ”) ХVII асрда Англияда вужудга келган протестант йўналишидаги оқимлардан бири ҳисобланиб, дастлабки баптистлар жамоасига Джон Смит (тах. 1554-1612) етакчилик қилган.

Баптизм протестантликнинг бошқа йўналишлари сингари муқаддас Троицани, Исо Масиҳнинг илоҳий – Худо табиатни, Исо Масиҳнинг инсонларни гуноҳдан халос этиш учун ўзини қурбон қилганига шахсий эътиқод қилишни, руҳонийларнинг одамлар ва Худо орасидаги воситачилик ўрни йўқ эканини, фақат Евангелие ягона муқаддас манба ҳисобланишини тан олади. 1905 йили Лондонда бўлиб ўтган 1-Умумжаҳон христиан-баптистлар съездида Апостол эътиқод рамзлари сифатида эълон қилинган мазкур конфессиянинг асосий ақидавий тамойиллари қуйдагилардан иборат бўлган:

– Библия – эътиқод ва диний ҳаётдаги ягона муқаддас манба (Sola Scriptura);

– черков фақат маънавий балоғатга етган одамлардан иборат бўлиши лозим;

– чўқинтириш ва “причащение” маросими фақат маънавий балоғатга етган шахслар билан амалга  оширилади;

– маҳаллий жамоалар диний-маърифий ва амалий фаолиятда мустақил ҳисобланади (конгрегационализм);

– черковнинг барча аъзолари тенг хуқуқли, барча Худо олдида бир хил мавқега эга;

– барча учун виждон эркинлиги мавжуд;

– черков ва давлат бир-биридан ажратилган.

Баптистлар ҳеч ким, жумладан, ота-она ҳам одам учун дин танлаб бермайди, киши динни онгли равишда ўзи танлаши керак, деб ҳисоблашади. Эътиқод қилувчилар одатда 12-14 ёшдан сувга ботириш орқали чўқинтирилади. Чўқинтириш ва “причащение” сирли маросим эмас, балки оддий диний расм-русум ҳисобланади. “Причащение” – “нон синдириш (рус.-преломление)” деб аталиб, одатда бир ойда бир марта ўтказилади.

Шунингдек, мазкур конфессия таълимотига мувофиқ, Худо белгилаб берган қисматга ишонилади, бироқ одамларда ирода, истак эркинлиги мавжуд, деб ҳисобланади.

Баптистларнинг хусусий жиҳатларидан бири жамоага аъзо бўлишдан олдин бир йиллик “синов муддати” (катахимент) ўтайдилар. Фақат ибодат вақтидаги йиғилишда тавба-тазарру қилган ва сувга ботириш маросими орқали чўқинтирилган шахс жамоанинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

Баптист черковларида диний расм-русумлар камтарона, дабдабасиз ўтказилади. Ибодат уйларида сиғиниш предметлари бўлмайди.

Евангель христиан-баптистларда қуйидаги умумхристиан диний байрамлар мавжуд; якшанба куни (якшанба қадимги ҳисобдаги ҳафтанинг биринчи куни бўлиб, христианларнинг ибодатга йиғилиш куни ҳисобланган), ойнинг биринчи якшанбаси, Рождество (жамоа қарорига мувофиқ григориан (25 декабрь) ёки юлиан (7 январь) тақвим бўйича нишонланади), Исо Масиҳнинг чўқинтирилиши, Худонинг кўрсатилиши, Хушхабар, Исо Масиҳнинг Қуддусга кириб келиши, Эҳтиросли пайшанба, Пасха, Исо Масиҳнинг арш-аълога кўтарилиши, Пятидесятница, Исо Масиҳнинг ўзгариши. Фақат Евангель христиан-баптистлар тантана қиладиган Бирдамлик куни 1945 йил Евангель христиан черкови ва баптистлар бирлашиб, ягона черков ҳосил қилиши муносабати билан қабул қилинган.

Протестантларга хос “Ҳосил” (жатва, сентябрнинг охирги якшанба куни) байрами фақат кузги ҳосил йиғишга эмас, балки рамзий маънода – черковга янги қабул қилинганларга ҳам бағишланади.

1905 йили Лондонда (Англия) Бутунжаҳон баптистлар уюшмаси (БЖБУ) ташкил этилган бўлиб, ҳозирда мазкур ташкилот дунёдаги 214 та баптистлар Кенгашларини бирлаштириб турибди.

БЖБУ нинг олий бошқарув органи ҳар беш йилда чақириладиган Бутунжаҳон баптистлар конгресси ҳисобланади. Конгресслар оралиғида раҳбарлик БЖБУ Кенгаши томонидан амалга оширади. Юқори ижро органи президент, бош котиб, 16 та вице-президентдан иборат. Уюшмада 6 та минтақавий тузилма мавжуд; Осиё баптистлар федерацияси, Европа баптистлар федерацияси, Бутунафрика баптистлар ҳамдўстлиги, Кариб денгизи бўйи баптистлар ҳамдўстлиги, Шимолий Америка баптистлар ҳамдўстлиги ва Лотин Америка баптистлар Иттифоқи. 1985 йил  ноябридан буён БЖБУ нинг бошқарув органлари АҚШ нинг Виргиния штатидаги  Маклеан шаҳрида  жойлашган.

БЖБУ 1973 йилдан эътиборан  БМТ га  нодавлат ташкилот сифатида аъзо бўлган. Дунё буйича баптистлар черковига  мансуб диндорлар  сони  100 млн. кишини ташкил этади. Баптистларнинг деярли учдан икки қисми АҚШ да истиқомат қилади. Бошқа йирик жамоалар Эфиопия, Ҳиндистон, Мьянма, Конго, Бразиля, Нигерия, Буюк Британия, Кения, Канада, Украина, Россия ва Германияда мавжуд.

Туркистонга баптистлик илк бор 1890-йилларда Марказий Россия ва Сибирь  худудларидан кўчириб келинганлар орқали  кириб келган. 1909 йили Тошкентда баптистлар жамоасининг дастлабки ибодат уйи очилган. 1911 йили Самарқандда баптистларнинг яна бир жамоаси вужудга келган. 1928 йили ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида 32 та баптист жамоалари фаолият  кўрсатган. 1930-йилларда шўролар ҳукумати томонидан диндорларнинг қатағон қилиниши оқибатида баптист жамоаларнинг аксарияти тарқаб кетиб, черковлари ёпилган.

“Евангель христиан-баптистлар” номи 1944 йили собиқ Совет Иттфоқида протестантликдаги иккита ўзаро яқин йўналиш – баптистлар ва евангелчилар диний жамоаларининг бирлашуви оқибатида юзага келган бўлиб, мазкур уюшма евангель христианлари ва баптистларнинг   Бутуниттифоқ уюшмаси деб аталган. 1945 йили  мазкур кенгашнинг  номи  Евангель христиан-баптистларнинг Бутуниттифоқ уюшмаси (ЕХББУ) деб ўзгартирилган.

Ўзбекистонда Евангель христиан-баптистлар черковлари уюшмаси таркибидаги 24 та диний ташкилот, шу жумладан, 1 та марказ (Тошкент ш.) ва  23 та  черков  (Тошкент ш. – 3, вилоятларда: Бухоро – 1,  Жиззах – 2, Навоий – 3, Наманган – 1, Самарқанд – 2, Тошкент – 8, Фарғона – 2, Хоразм – 1) рўйхатга олинган.

Евангель христиан-баптистларнинг Тошкентдаги марказий черкови пастори Белик Аркадий Романович черков ва унинг фаолияти ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилади:

Кўпчилик кўчиб кетаётганлиги учун черковга келувчилар сони аввалгидай миқдорда эмас. Черков аъзоларини сонидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида барча учун виждон эркинлиги кафолатланган. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси диний эътиқод қилиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Бундай ҳуқуқдан барча бирдай фойдаланади. Миқдорининг аҳамият бўлмаслиги керак.

Черков тарихи ва бошқалар билан муносабатлар ҳақида

2020 йилда биз черковимизнинг 120 йиллигини нишонладик. Биз Ўзбекистонда фаолият олиб бориш бўйича православлар, лютеранлардан кейин 3-ўринда турамиз. Черковнинг Ўзбекистондаги тарихи Тошкентдан бошланмаган. Бир гуруҳ этник немислардан иборат минонитлар, малоканлар кўчиши билан боғлиқ тарихий маълумотларга кўра, Урганчдан бошланади. Унинг аҳамиятли тарафи шундаки, ўша пайтда улар тинч-тотув яшаб келишган. 1900-йилларда эса, ҳозир Тошкент шаҳридаги “эски Тошми” деб халқ тилида аталадиган жойда “военка” бўлган ва ўша ерга бир нечта оилалар дастлаб ўз уйларида йиғилишни бошлашган. Шундан кейин кичкина гуруҳ пайдо бўлган. Бу ерда уларни фаолиятига тўсқинлик қилинмаганлигининг асосий сабаби – диндорларнинг қўлига қурол олмаслиги эди. Ҳукумрон давлат эса, уларни эмин-эркин ибодат қилиши учун кафил бўлган. Шунинг учун бу ерга бошқалар – молоканлар, евангель христианлар, меннонитлар келишни бошлашган.

Илк жамоа ҳозир Сирдарё вилоят ҳудудида жойлашган. У ерда юқори Волинск, қуйи Волинск деган жойларда мингга яқин аъзолари билан катта жамоани ташкил этган. Тошкент шаҳрида эса кичик гуруҳлар, оилалар бўлган. Кейинчалик секи-аста 1900-йилларда диндорлар тўпланишни бошлаган. Ўзларининг ибодат уйларига эга бўлмай, тарқоқ холатда бўлишган ва бора-бора рўйхатдан ўтишган, рухсатнома олишган.

Бугунги кунда 23 та черковмиз рўйхатдан ўтган. Республикада 10 та вилоятда черковларимиз фаолият олиб бормоқда.

Фото:.И.Алимов

Бизнинг черковлар бошқаларникидан фарқли равишда турли рамзлардан ҳоли бўлган маскан. Шунинг учун биз бу масканларни “Ибодат уйи” деб атаймиз. Евангелиеда ёзилганидек, Худо “менинг уйим – ибодат қилинадиган уйдир” деб айтган. Шунинг учун кўпчилик жойдаги масканларимиз “Ибодат уйи” деб номланади ва у биноларни кузатсангиз, у ерда ҳеч қандай рамзларни кўрмайсиз. Фақат муқаддас китоблардан олинган иқтибосларга кўзингиз тушиши мумкин. Масалан, сиз мусулмон сифатида шундай маскан олдидан ўтиб кетаётганингизда бирор бир белгили рамзни кўрсангиз, табиийки, у ерга кирмайсиз. Шунинг учун биз “Ибодат уйи” барча учун бўлишини истаймиз ва турли рамзлардан воз кечганмиз. Бундан мақсад бошқаларни ўзимизга оғдириш эмас ёки бошқа масала эмас.

Худо барча инсонларга ёрдам беришни истайди. Худо барча инсонларни яхши кўради, яъни Худо ягона. Агар Худо кўп бўлганида эди, унда ҳар ким ўзининг мухлисларини тортишга ҳаракат қиларди. Биз эса барчани қутқармоқчи бўлган Худога ишонамиз. Худо учун эса инсонларни миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши, маълумотининг олийлиги ёки олий эмаслиги, эркак ёки аёл эканлиги аҳамияти йўқ. Чунки ҳар бир инсон қалб ташувчисидир. Биз шунга ишонамиз ва шунинг учун биз бировни кўксидан итармаймиз, балки ўзимизга чорлаймиз.

Фото: И.Алимов

Черков нимани ҳисобига яшайди?

Биз расман рўйхатдан ўтказилдик дегани, мавжудлигимизни билдиради. Бизни тан олишади, демак биз яшашга ҳаққимиз бор ва асосан ҳайриялар ҳисобига яшаймиз.

Бошқалар билан Конфессия ишлари бўйича кенгаш доирасида учрашиб турамиз. Бир-биримизни таниймиз. Телеграм ижтимоий тармоғида гуруҳимиз бор. У ерда мулоқот қилиб турамиз.

Ушбу материални тайёрлашда Ўткир Ҳасанбоев муаллифлиги остида чоп этилган “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: диний ташкилотлар, оқимлар, мафкуравий курашнинг долзарб йўналишлар” китобидан фойдаланилди.

 

Илҳомиддин Алимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг