Еттинчи  кун  христиан адвентистлари  черкови

0
1403
Фото: И.Алимов

Ўзбекистонда диний бағрикенглик, турфа фикрлилик, эътиқод эркинлиги мавзуси доирасида туркум мақолаларнинг навбатдагиси орқали Еттинчи кун христиан адвентистлари ҳақида маълумот берилади.

Адвентистлик (лотинча “аdventus” – “келиш”,  “воқеъ бўлиш”, “бўсағасида”) протестант йўналишидаги оқимлардан бўлиб, унга ХIХ асрнинг биринчи ярмида Нью-Йорк штати Хэмптон шахридаги баптистлар жамоасининг  воизи Уильям Мюллер асос солган.

Адвентистларнинг асосий ақидавий қарашлари – ўнта аҳдга тўлиқ риоя этиш, жумладан, шанба куни ҳақидаги кўрсатмани бажариш ва Исо Масиҳнинг иккинчи бор келиши яқинда содир бўлишига ишониш хисобланади. У.Мюллер Евангелиенинг баъзи қисмларини терма тартибда ўрганиб, Исо Масиҳнинг иккинчи  маротаба  қайтиши 1844 йилнинг октябрь  ойига кўчирилган ва Исо Масиҳ келадиган жой – АҚШ нинг Нью-Йорк штатидаги тоғларнинг бирини кўрсатган. Башорат амалга ошмагандан сўнг адвентистлар таълимотига эргашганларнинг кўпчилиги тарқаб кетиб, адвентистлар бир қанча жамоаларга бўлиниб кетган.

1863 йил америкалик ёш ёзувчи аёл Елена Уайт етакчилигида  адвентистлар Еттинчи кун адвентистлари номи остида ягона ташкилотга бирлашган. Е.Уайт гўёки Худо ўз иродасини ҳалққа етказиш учун уни танлагани ва унда 2000 га яқин “илоҳий кўринишлар” бўлгани, адвентист Исо Масиҳнинг иккинчи бор келишини тўғри ҳисоблаганликлари, фақат Исо Масиҳ Ерга эмас, балки гўёки “гуноҳкорлар устидан ўтказиладиган самовий судда қатнашиш учун “самовий ибодатхонага” киргани” ҳақидаги  таълимотини  илгари сурди.

Ташкилотнинг 13 дивизиони (минтақавий ташкилотлари) таркибида 16 миллион аъзо бор. Ташкилотнинг олий ваколати органи – Бош конференция ҳисобланади. Бош конференция ҳар беш йилда  чақирилади. Оралиқ даврда ташкилотни президент бошчилигидаги Бош уюшма бошқаради. Бош конференциянинг офиси АҚШ нинг Мэриленд штати Такома-Парк шаҳарчасида жойлашган.

МДҲ худудидаги Еттинчи кун адвентистлари черковлари Евро-Осиё дивизионини  ташкил этиб, у ўз навбатида бир неча унион (черковлар  иттифоқи) га бўлинади. Черковнинг қуйи бўғини пастор, катта пресвитер ва черков кенгашидан иборат маҳаллий жамоа ҳисобланади.

Адвентистлар черковида диний амаллар ибодат қилиш, диний мавзуларда маъруза қилиш ва жўр бўлиб диний қўшиқлар айтиш шаклларида амалга оширилади. Черковлар оддий бино шаклида қурилиб, хоч, икона, муқаддас хок каби атиқалар билан жиҳозланмайди.

Диний байрам сифатида ҳар шанба куни нишонланиб, кўп умумхристиан байрамлар, хусусан, Исо Масиҳнинг туғилиши, Пасха нишонланмайди.

Черков ҳарбий хизматга салбий муносабатда бўлиб, жанговар қисмларда хизмат қилиш ман этилади. Жамоа аъзоларига спиртли ичимликлар, чой, кофе ичиш, тамаки чекиш, шунингдек, косметикадан  фойдаланиш ва қимматбаҳо тақинчоқлар тақиш тақиқланган. Гўшт ейиш чегараланган. Вегетерианлик тарғиб қилинади. Кўнгилочар томошаларга бориш тавсия этилмайди. Фаол миссионерлик фаолияти рағбатлантирилади.

Тошкент шаҳрида Еттинчи кун адвентистлар черкови пастори Андрей Тен ҳикоя қилади:

Фото: И.Алимов

Ўзбекистонда адвентистларни пайдо бўлиш тарихи

Бизни адвентистлар черковининг бу ҳудудлардаги расман фаолияти аслида Рус Империяси давридан – 1909 йиллардан бошланади. Ўша пайтлар бу ерлар Туркистон деб аталган. Ҳозирги Қозоғистон Республикаси ҳудудидаги, ўша пайтда Константинопольск деб аталган жойда, бугунги Дербесак дея номланадиган ҳудудга илк бора биринчи Еттинчи кун адвентистлари руҳонийси келади. Унинг исми Яков Эйбель эди. Умуман эса, Ўзбекистонга адвентистликни немислар олиб келишган. Улар руслар билан бирга кириб келишган. Волгабўйида жойлашган немислар диаспораси бўлган ва уларни орасида адвентистлар ҳам бўлган. Айнан ўшаларни орасидан 1909 йилда биринчи руҳоний шу ерларга динни олиб келган. 1910 йилда эса 21 кишидан иборат адвентистлар гуруҳи Тошкентга кириб келганлиги айтилади. 1922 йилда яна бир немис адвентист руҳонийси Карл Рентберг келади. Бу руҳонийни эсга олинишини асосий сабаби, чунки бу руҳонийнинг ўғли ҳозиргача ҳаёт. Мен ибодат хизматини қиладиган Тошкентга яқин жойда яшайди. Унинг исми Карл Карлович Рентберг. Унинг ёши ҳозир 89 да бўлса ҳам, анча тетик ва жисмонан бақувват. Карантин чекловлари туфайли у черковга қатнамаяпти, лекин бошқа пайтлари ҳар шанба черковга келади.

Агар черковнинг Ўзбекистондаги тарихи ҳақида ҳақидаги ҳикояни давом эттирадиган бўлсак, 1959 йилда Еттинчи кун адвентистлари черкови Тошкент шаҳридаги Зайтун кўчаси, 28-уйда расман рўйхатга олинади. Ўша пайтдаги жамоа аъзолари сони 65 кишидан иборат бўлган. Ўша пайтдан черков ўз фаолиятини бошлаган. Кейинчалик Фарғона, Ангрен, Самарқанд, Чирчиқ шаҳарларида 1960-70 йиллар пайдо бўлишни бошлади.

Бугунги кунда Ўзбкистон бўйича 10 та рўйхатдан ўтган черковимиз мавжуд. Жами азолари сони 2021 йилнинг оҳирги ойи холатига кўра 695 кишини ташкил этади.

Фото: И.Алимов

Ислом ва мусулмонлар билан муносабатлар

Адвентистлар Исломга ҳурмат билан, жуда ҳам ижобий муносабатда. Биз Исломда жуда ҳам кўплаб ўхшашликларни кўрамиз. Масалан, Исломда муқаддас китобларга иймон келтиришга чақирилган. Булар Забур, Таврот, Евангелие ва Қуръон китобларидир. Қуръонга асосланиб мусулмонлар ўзларидан аввалги муқаддас битикларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келишади. Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Биз мусулмонлар билан яқин бўлган яна бир жиҳатмиз, бу таомлар билан боғлиқ масала. Биз адвентист сифатида таомларнинг покиза ёки покиза эмаслигига эътибор қаратамиз. Бу борада биз мусулмонлар билан ҳамфикрмиз. Ҳудди мусулмонлар каби адвентистлар ҳам тўнғиз (чўчқа) гўштини истеъмол қилишмайди. Чунки, муқаддас битикда тўнғиз (чўчқа) покиза ҳайвон эмаслиги кўрсатиб ўтилган. У ерда яна бошқа тамойиллар ҳам бўлиб, унга асосан биз покиза ёки покизамасга нарсаларни ажратамиз. Чўчқа гўшти ҳам покиза бўлмаган нарсалар қаторига киради. Шунинг учун Ўзбекистонда бизга ҳаёт кечириш жуда ҳам енгилликни туғдиради. Чунки биз “ҳалол” деган тамғали маҳсулотни кўрсак, демак бу биз учун “яшил чироқ” дегандир. Биз бу борада бошқа христианлардан фарқ қилсак-да, лекин мусулмонлар билан бирдай фикрдамиз. Шунингдек, кўпчилик каби алкогол ва тамаки чекишга биз ҳам салбий муносабатдамиз.

Адвентистларнинг оила институтига муносабати

Оила биз учун жуда муҳим бўлган черков ва жамиятнинг таркибий қисми ҳисобланади. Агар бу борада муқаддас битикларга мурожаат қиладиган бўлсак, оила Худо томонидан яратилганларнинг энг аввали саналади. Биз Одам, Ҳаво деганимизда уларни никоҳини тушунамиз. Бу иккисини бир уруғ сифатида яратилганлиги таъкидланади ва уларни бир оила бўлсин, дея Худо тақдирига битади.

Бугунги кунда биз мана шу оила институтини қадрлаймиз. Шунингдек, болаларни тарбияси ҳақида қайғурамиз. Бизда оилани мустаҳкамлаш ҳақида жуда кўплаб материаллар мавжуд. Албатта умуминсоний қадриятлар ҳам биз учун қадрлидир.

Бошқа конфессиялар билан алоқалар

Биз барча конфессиялар билан яқиндан алоқа боғлаб туришга ҳаракат қилиб келамиз. Деярли барча конфессия етакчилари билан яхши муносабатдамиз. Конфессия ишлари бўйича кенгаш доирасида ўтказиладиган йиғилишларда учрашиб, ўзаро фикр алмашиб борамиз. Биргаликдаги ибодатларда қатнашамиз. Бу борада ўзаро толерантлик, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш қадриятлари орамизда мавжуд.

Фото: И.Алимов

Моддий таъминот масаласи

Ҳар бир черков ўзини-ўзи молиялаштириш ҳисобига яшайди. Черков давлатдан ажратилгани учун, хайриялар ҳисобига ўзини боқади. Худога шукур, орамизда ишлайдиганлар, бизнес билан шуғулланадиган инсонлар бор экан, уларни хайр-эҳсонлари туфайли таъминотимиз қўллаб-қувватланиб турилади. Черков азоларининг барчаси турли соҳаларда ишлашади. Ўз навбатида, черков штатига кирувчи пасторлар, хизматчилар бошқа жойда ишлашмайди. Уларнинг асосий вазифаси черковга хизмат қилиш, жамоага сифатли хизмат кўрсатишдир.

Дафн маросимлари

Кўпгина протестантлар каби бизда ҳам дафн маросимларини ўтказиш борасида оддийлик бор. Гоҳида уйда, гоҳида черковда марсия куйлаш, дуо ўқиш одатлари мавжуд. Қабр бошида ҳам қисқача дуолар ўқилади. Марсия куйланади.

Ҳайрия акциялари ҳақида

Пандемия даврида битта ёрқин мисолни келтириб ўтишим мумкин. АҚШ нинг инсонпарварлик ташкилотларидан бири биз орқали хайр-саҳоват акциясини ташкил қилди. Бизнинг 10 та черковимиз бунга жалб этилди ва ҳар бир қопнинг ичида муҳим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари солинган 100 кг вазндаги маҳсулотлар одамларга тарқатилди. Ўша пайтда ибодат уйларидаги фаолият чегараланган, карантин чекловлари ўрнатилган эди. Биз ўша пайтда ибодатхоналаримизни омборхонага айлантирдик. Тонналаб гуруч, ун, шакар, ёғларни ташидик. Кейин уларни маҳалла идораларига олиб бориб, биргаликда тарқатиш ишларини ташкил этдик. Бу 2020 йилнинг август-сентябрь ойларида эди.

Бундан ташқари биз Мустақиллик, Наврўз каби умумхалқ байрамларида кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат пакетлари хайрия акцияларини ўтказиб турамиз. Албатта бу юқоридагидек йирик миқдорда эмас.

Янги йилда эса биз болалар учун совғалар тайёрлаймиз. Дастлаб байрам дастури тайёрлаб, улар билан қизиқарли ўйин-кулги тадбирини ўтказамиз ва якунида болаларга турли ўйинчоқлар, ширинликлардан иборат совғаларни улашиб чиқамиз.

Фото: И.Алимов

Пасторнинг динга келиши

Динга кириб келишим ҳақида қисқача ҳикоя қилиб берадиган бўлсам, ўзим оддийгина атеист оилада туғилиб, вояга етганман. 18 ёшга тўлгунимга қадар эътиқод масаласига аҳамият бермаганман.

Мен лойиҳа институтида ишлаб юрган кезларим эсимда. Кунларнинг бирида ҳамкасбим столида “Инжил ва Евангелие” китобини кўриб қолдим. Ўшанда бу иккита сўз менга нотабиий кўринган эди. Чунки на Инжил ва на на Евангелие ҳақида ҳали эшитмаган эдим. Шунга қизиқиб қолдим ва танишиб чиқиш учун ҳамкасбимидан ўша китобни сўрадим. Менга китоб қизиқ бўлиб кўринди. Кейин ўша ҳамкасбим бўлган аёлдан китобни ўқиб туриш учун сўрадим. Шунга ўхшаш яна бошқа китоблари борлигини сўрадим. У борлигини айтиб, яна бошқа бир китобни берди. Уни ҳам ўқиб чиқдим. Мен бу китобни қаердан олаётганлиги ҳақида сўрадим. Унинг айтишича, бу китобни илгари шу лойиҳа институтида ишлаб кетган ва ҳозирда нафақада бўлган бошқа бир аёл олиб келиб беришини айтди. Мен ўша нафақадаги аёл билан таништириб қўйишни сўрадим. Кейинчалик китобларни ўша кекса аёлдан олишни бошладим.

Кейинчалик у аёл мени Тошкент шаҳридаги Луначарский марказида ижарага олинган маданият саройидаги клубга таклиф қилди. Ўшанда мен илк бора ўша ижарага олинган жойга бориб, черковдаги ибодат билан танишган эдим. У ердаги муҳит менга жуда ёққан эди.

Ўшанда мени ёшим 18 ларда эди. Кейинчалик мен у ерга тез-тез қатнай бошладим, ярим йилдан сўнг Евангелиени ўрганишни бошладим ва чўқинтирилдим.

Мен ўзим муҳандисман. Совутиш тизимлари бўйича Тошкент политехника университетини тамомлаганман. Мен кечки бўлимда таҳсил олиб, кундузлари ўша лойиҳа институтида ишлар эдим. 1992 йилда чўқинтирилган бўлсам, 1997 йилда менга черковда штатда ишловчи ходим бўлиб ишлашга таклиф этишди. Мен ярим йилча ўйлаб юриб, кейин бу таклифни қабул қилдим. Хуллас, 1997 йилдан буён пастор сифатида хизмат қилиб келаман.

Фото: И.Алимов

Адвентист пастори оила қуриш мумкинми?

Адвентист черкови пасторларига нафақат мумкин, балки оилали бўлиш мажбурияти қўйилади. Агар мен пастор бўла туриб, оилам бўлмаса, бошқа оилаларга ёрдам, маслаҳат беришим мумкинми? Мени ҳеч ким тингламайдику! Чунки менда на тажриба бор ва на оиланинг ўзи.

Зиддиятлар

Барча билан дўстона муносабатлар қуришга ҳаракат қилаётганимиз учун атрофимиздаги бошқа инсонлар билан ҳали бирор марта зиддиятга бормаганмиз.

Ушбу материални тайёрлашда Ўткир Ҳасанбоев муаллифлиги остида чоп этилган “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: диний ташкилотлар, оқимлар, мафкуравий курашнинг долзарб йўналишлар” китобидан фойдаланилди.

Илҳомиддин Алимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг