Диний бағрикенглик: назарий ва амалий ҳаёт

0
1220
Фото: О.Норов

Бағрикенглик ҳақида гап кетганда кўп ҳолларда турли динларга мансуб инсонларга нисбатан муносабат тушунилади. Аммо бу тушунча фақат дин билан боғлиқ эмас.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “бағрикенглик” сўзига “масалага кенг кўламда, очиқ кўнгиллик билан ёндашишлик”, дея таъриф берилган.

Бу сўз аслида лотинча “tolerantia” сўзидан олинган бўлиб, “тоқат қилиш” моҳиятини англатади. Демак, бу тушунча жамиятда инсонларнинг бир бирига диний, тил, этник ва бошқа муносабатларда тоқатли бўлишига тарғиб қилади.

Тоқатсизлик кўп аянчли оқибатларга сабаб бўлгани тарихдан маълум.

Миллионлаб одамлар қурбон бўлган Иккинчи жаҳон уруши бошланиш сабаблари, уруш даврида юз берган воқеалар, урушдан кейинги ўзгаришлар ва унинг оқибатлари турлича. Аммо ўша даврдаги этник қирғинда ҳаётини хавфга қўйиб бағрикенглик қилган инсонларнинг бўлгани диққатга сазовор.

2500 яҳудий боласини қутқарган аёл

Иккинчи жаҳон уриши бошланиб, Германия Польшани эгаллаб олгач, мамлакат пойтахтининг қарийб бешдан бир қисмини ташкил этадиган яҳудийлар яшайдиган мавзе ажратиб олинади.

Варшава геттоси аввалига карантин ҳудуди дея эълон қилиниб, кейинроқ яҳудийларни судсиз қамайдиган ёки ўлим жазоси қўлланиладиган ҳудудга айланади.

Маълумотларга кўра, у жойда сақланган маҳбуслар сони 450 мингдан 37 мингтагача камайган.

Ана шундай вазиятда Варшава соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимаси Ирена Кшижановская геттодаги касал болаларни кўздан кечириш мақсадида тез-тез чақирилиб турилади.

Ирена ва унинг ҳамкасблари геттога ташрифи давомида дезинфекция воситаларининг бўшаган қутилари ичига яшириб, 2500 нафар яҳудий боласини олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлади. Болаларни польяк болалар уйлари, оилалар ва монастрларга бериб, ҳаётини сақлаб қолади.

Уруш вақтида Ўзбекистонга келган болалар

Яна ўша Иккинчи жаҳон уруши. Миллионлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлган, фарзандлар етим қолган ҳудудлар. Маълумотларга қараганда, уруш йилларида Ўзбекистон 1,5 миллиондан ортиқ инсонларни қабул қилган. Шулардан 250 мингдан ортиғи болалар бўлган. Собиқ Иттифоқнинг бошқа республикаларидан эвакуация қилинган болаларни фақат болалар уйлари эмас, балки ўзбек оилалари ҳам қабул қилган.

Бу ўзбек халқининг яқин тарихдаги бағрикенглик масаласида энг намунали ўтмиши.

Тоқатсизлик сабоқлари

Охирги ўн йилликда Украина билан боғлиқ вазият жуда кескинлашди. Айниқса, сўнгги кунларда мамлакат ичидаги ва ташқи алоқаларидаги ҳолат янада жиддийлашди. Бунинг айни вақтдаги ва бўлажак сабаб-оқибатлари ҳақида кўп гапириш мумкин.

Аммо мақолада оқибатларнинг баъзи сабабларига тўхталмоқчимиз. Ушбу давлатга бир неча маротаба борган ва турли шаҳарларида бўлган инсон сифатида айтишим мумкинки, бугунги воқеаларнинг сабабларидан бири узоқ йиллар давомида жамиятда турли тоифаларнинг бир-бирига нисбатан шаклланган тоқатсизлигидир.

Бир мамлакатда яшайдиган турли тилларда мулоқот қилувчи, ҳар хил этник ва диний қарашларга эга фуқаролар бир бирларини борича қабул қилолмасдан, ҳар қайси тоифанинг устунликка эга бўлишга интилиши ҳамда бу вазиятдан катта давлатларнинг фойдаланиб қолиши оқибатида Украинада вазият бугунги ҳолатга келиб қолди.

Ўйлайманки, юқоридаги мисоллар тоқатсизлик қандай оқибатларга олиб келиши, аксинча, бағрикенглик эса давлатни мустаҳкамлашга, жамиятни бирлаштиришга хизмат қилишига ундайди.

Ортиқхўжа Норов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг