Энергетика вазири «энг хавфли касб эгалари» нинг «аянчли» ойликларига нега беэътибор, ёхуд коррупция қурбони бўлаётган электротизим. 

0
1147
Фото:yandex.ru

Эскирган электр-асбоблар;  давом этаётган  мажбурий меҳнат,  қонунга хилоф тарзда йиғилаётган металлом ва макулатуралар;  дунёдаги энг хавфли касб эгаларининг Ўзбекистонда ишлаб олаётган аянчли ва «кулгули» ойликлари; коррупция қурбони бўлаётганлар ҳақида…

Орамизда шунақа  касб эгалари борки, уларнинг ҳаёти доим хавф остида туради. Улар ўлим ёқасида ишлашади. Бўрон, шамоллар, ёмғир, қор ҳамда қуёш жазирамасига ҳам парво қилмайди. Электр тизимларини қутқариш учун бор кучи билан ҳаракат қилади. Ҳаттоки биронтаси ҳалок бўлишига тўғри келса ҳам.

Улар тармоқ электриклари, улар электромонтёрлар. Улар борлиги учун тунда ҳам ёруғ хонада ўтирамиз, улар борлиги учун компьютер, телефонларимиз ўчмайди, заводларимиз тинимсиз ишлаб туради.

Дунёдаги энг хавфли касблар рўйхатининг бошида сапёрлар турса, иккинчи ўринда айнан тармоқелектриклари туради. Улар ҳаёти давомида фақат бир марта хато қилади.

Шу «хато» уларни ё ногирон қилиб қўяди, ёки кўпдан-кўп ҳолатларда нариги дунёга олиб кетади. Маълумот ўрнида,  2020-йилнинг ўзида юртимизда 20 дан ортиқ электромонтёрлар бахтсиз ҳодисалар оқибатида вафот этди.

Шунақа хавфли касб эгаларига юртимизда эътибор қанақа? Юртимизнинг турли ҳудудларидаги 50 дан ортиқ электрикларга  бир нечта савол билан мурожаат қилдим. Аммо афсуски, ўлганларини билмадим-у тирикларининг меҳнати оёқ-ости бўлмоқдалигини гувоҳи бўлдим.

1-берган саволим: Электротизмни яхшилаш учун нималар қилиш лозим?

Ушбу саволга мен суҳбатлашган  электрикларнинг барчаси, авваламбор асбоб-ускуналарни янгилаш керак деган фикрда. «СССР давридан бери хизмат қилиб келаётган, чириб, эскириб яроқсиз ҳолатга келиб қолган таянчлар, ҳар қадамда узилиб-узилиб қайта  уланган электр узатув линиялари, хизматини ўтаб бўлиб «илтимос мени нафақага чиқар энди бошқа ишлай олмайман»  деётгандек кўринадиган трансформаторлар электротизмни чиришига сабаб бўлмоқда. Баъзи корхоналарга келтирилган жиҳозлар эса сифатсиз ва талабга жавоб бермайди.

-Ҳаттоки  махсус кийимларимиз эскириб кетган. Жуда ҳам сифатсиз. Қуёшда оқариб кетади. Янги келганларга эса кийим ҳам йўқ. Кийим билан таъминлашга маблағ етарли эмас экан.  Керакли жиҳозлар  ҳамма жойда ҳам ҳар доим  тўлиқ бўлмаган,  бўлмаса ҳам керак. Фақат қоғозда берилди ва берилади бўлиши мумкин, амалда эса ҳаммаси ҳам бўлмайди.

Баъзи жиҳозлар талабга жавоб бермайди. Текширув келганда  «унинг йўқ бунинг йўқ» деб ёзиб кетади. Кейин камчиликлари бор экан дея ойликдан олиб қолади. Лекин бизга шу жиҳозлар керак, ташкил қилиб беринглар деб мурожаат қилсак, кун, кун кетидан ҳафта, ойлар ўтса ҳамки, сўралган нарса берилмайди.

Орадан вақт ўтиб яна текширув келади, камчиликлар бартараф этилдими йўқми деб қарайди ва яна бориб ойлигимиздан қайтариб қолишади.  Янги ишга кирган ёш кадрларга  шароит қилиб бериш ҳаёлига ҳам келмайди. Қачонки, 3 йиллик тажрибага эга бўлсагина ойлиги ошади. Унда ҳам нари борса 10 фоизга – дейди монтёрлар

Энерготизимни яхшилаш учун «Янги қон» керак! Кадрлар муаммосини ҳал қилиш керак, бунинг учун албатта энергосистемада «Табақаланмаган ойлик» ларни шакллантириш лозим.

Энерготизимдаги модернизация бўлаётган электр қурилмаларини сифатини назорат қилиш ва коррупцияга йўл қўйилмаслигини назорат қилиш учун «Назорат комиссияси» ни ташкил қилиш лозим. Фақат бу комиссияни президентнинг масъул одамлари назорат қилсин. Агар бу ерда ҳам коррупцияга аралашиши мумкин»

2-саволим қуйидагича: Ойлик масаласи сизларни қониқтиряптими?

Афсуски бу саволга ҳеч ким  «қониқтиради» деб жавоб бермади. Нима учун чунки уларнинг ойлиги умуман талабга жавоб бермайди.

Энг кўп ойлик 4 млн. Аммо у ҳам фақат  диспетчер ва бошлиқларнинг ойлиги. Бригада раҳбарларининг ойлиги эса 2 млн. Қолган монтёрларнинг ойлиги 800 мингдан 1.5 млнгача.

Самарқанддан Тошкентга келиб ишлайдиган йигитларнинг ойлиги 950 минг сўм. У ҳам вақтида берилмайди  энг қизиғи мана шу ойликдан ҳам тинимсиз  турли хил «баҳоналар» қилиб қайтариб қолишади. Ойликлар меҳнатга эмас, стажга қараб белгиланади.

Молиявий ёрдамларни бериш тўхтатилган. Ажратилган пуллар «юқоридагилар» чўнтагидан жой олмоқда. Ходимлар малака ошириш учун ҳам юборилмаган. Уларга берилиши керак бўлган рағбат пуллари ҳам берилмаган. 2021-йилда ойликларингни оширамиз деган Энергетика вазири ҳали ҳамон жим.

Қачонгача электриклар «ердан чиққан қўзиқорин» дек хўрланади.  Энг қизиғи ходимларга берилган молиявий ёрдамларни қарзга ҳисоблаб «қоғоз» ҳам келган.

Ҳар 5 та байрамда базавий ҳисоблашнинг 1 бараварида берилиши керак бўлган пуллар «2019-2021» йиллар оралиғида келмаган ҳам.  Кундан-кунга озиқ-овқат нархлари, нафақат озиқ-овқат бошқа маҳсулот нархлари ҳам муттасил ошиб бораётган бир вақтда 800-900 минг ойликка оила боқиб бўлармиди?

Бахтсиз ҳодиса ва ўлимларга нима сабаб бўлмоқда?

Ушбу саволга асбоб-ускуналарнинг эски эканлиги, иш вақтида яроқсиз бўлиши сабаб экан. Шунингдек, соҳадаги бахтсиз ҳодисаларга сабаблар: «Ходимлар билан ишларни тўғри ташкил қилмаслик», ходимларни ўз вақтида билимини оширмасдан эстетикага «оқла-кўкла, ўт ўр, пахта тер…»

ларга қориштириб миясини банд қилиш, барча масъул лавозимларга яқин қариндошларни (акаси,укаси,ўғли,қизи,амакиси,тоғаси..) жойлаштириш» деб кўрсатмоқда.. Ваҳоланки, улар энергия соҳасидан умуман йироқда»

Мажбурий меҳнат ҳали ҳам ўлмаган соҳа

Буни қарангки, ушбу соҳада «мажбурий меҳнат, мажбурий обуна»лар ҳали ҳам давом этмоқда экан. Ўт юлиш, девор оқлаш, пахта териш каби мажбурий меҳнатларга жалб қилингани бир томон бўлса, дам олиш кунлари ҳам мажбурлаш асосида ишлаш иккинчи томон.

Энг қизиғи уларга қўшимча иши учун ҳеч қандай рағбат берилмайди. Бахтсиз ҳодисалардан ташқари  дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбур.

Металлом. Ҳозирги кунда бутун Ўзбекистондаги электрларни қийнаётган муаммолардан бири бу раҳбарлар томонидан берилган буйруқ.

Яъни металлом  ва макулатура топшириш мажбурияти. Ҳар бир ишчи   рангли ва рангсиз металлом топшириши керак экан.  1 йилда 400 кг қора металл 14 кг рангли металл талаб қилишади.

Бироз олдин 85 мингдан  металломга пул йиғиб берган бўлса, яна 33 минг ва 25 мингдан пул талаб қилмоқда. Қонунга кўра бу зид ва асоссиздир.

2018-йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорга кўра ишчиларни мажбурий меҳнат ҳамда металлом ва макулатура чиқиндиларини тўплашга жалб қилган мутасаддилар қонунга кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жаримага тортилиши керак. Қани, қонун қай даражада ишлар экан.

Хулоса ўрнида эса айта оламизки, энерготизим хавф остида.

Буни монтёрлар ҳам таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, бунга асосий сабаб  коррупция. Яъни юқоридаги раҳбарлар кадрлар муаммосини, ускуналарнинг эскирганлигини баҳона қилишдан нарига ўтмаётгани.

«Кадрлар муаммо эмас! Саводсиз қариндош-уруғларини энерготизимга қўрқмасдан ишлатаётган раҳбарлар айбдор.

Яна бир хавф: энерготизимни кенгайтирмасдан, яъни қувват муаммосини биринчи ҳал қилмасдан жуда кўп заводлар, ишлаб чиқариш корхоналари, уй-жойлар қуриляпти… Буларни таъминлай олмасдан энерготизим турғунликни йўқотади».

Энергетика вазири бўлаётган ҳолатлардан хабардорми?  Чунки,  ишчилар жуда кўп марта вазирга мурожаат билан чиқишган.

Юлдуз АБДУРАШИДОВА

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг