Дунёда одамийлик ҳали ҳам мавжуд: Лос Анжелеслик эркак кўп йиллардан бери оғир касалликка чалинган болаларни асраб олмоқда (видео)

0
1421
Фото: www.healthyfoodhouse.com

Лос Анжелеслик сўққабош эркак кўп йиллардан бери ўлим тўшагида ётган болаларни асраб олади. У касал болаларга вафот этгунларича керакли бўлган барча меҳрни беради ва уларга ғамхўрлик қилади.

Баъзан биз яшаб турган бу дунё қанчалик ёвуз ва бемеҳр туюлмасин, жаҳоннинг қайсидир бурчагида яшаётган қаҳрамонлар ҳақидаги ҳикоялар бизнинг инсонийликка бўлган умидларимизни қайта уйғотади. Ўзининг ҳаётини ўта оғир касалликларга чалинган болаларни парвариш қилишга бағишлаган эркак ҳақидаги ҳикоя эса сизнинг юрагингизни чилпарчин қилади.

Лос Анжелесда яшовчи 65 ёшли Муҳаммад Базек ўлим тўшагида ётган ва ҳеч кими йўқ болаларни асраб олади хамда уларга бу фоний дунёдан ўтгунларича ғамхўрлик қилади.

Асли ливиялик бўлган Муҳаммад Базек АҚШга 40 йил аввал келган ва 1997 йилда АҚШ фуқаролигини олган. Муҳаммад шу пайтгача 80 нафар болани асраб олган ва улардан 10 нафари унинг қўлида жон берган. У ушбу фидокорона ишларини давом эттиришга ваъда берар экан болалар жон берганидан кейин пайдо бўлган ғам-ташвишдан ўзини овутиш йўлини топади.

“1995 йилда биз (Муҳаммад ва унинг ўша пайтда тирик бўлган хотини) касалхонада қолиб кетган етимлар ва шафқатсизлик сабабли давлат томонидан оилаларидан олиб қўйилган болаларни асраб олишга қарор қилдик. Лос Анжелесда ўлим арафасида турган болаларни асраб олувчи ягона уй бу менинг уйим. Мен 1989 йилдан бери 80 нафар болани асраб олдим ва уларнинг ўн нафари қўлларимда жон берди” дейди Муҳаммад.

Маълум қилинишича, Лос Анжелесдаги касалхонада ҳеч кими йўқ ва оғир аҳволдаги бирор бир бола пайдо бўлиб қолса, касалхона маъмурлари ушбу қаҳрамонимизга телефон қилишади. У ҳар доим кўмакка муҳтож болаларни уйига олиб келишга тайёр.

Ўзи бу ҳақда шундай дейди:

“Касалхонадагилар мен болаларни асраб олишни рад этмаслигимни билишади. Агар мен бу ишни қилмасам, улар бошқа касалхонага жўнатилади. Уларниг оиласи ҳамда уйи йўқ. Мен бундай болаларни уйимга олиб келсам улар оила муҳитини ҳис қилишади. Бу ерда вафот этгунларича уларга меҳр ва парвариш берилади”.

20 йилдан кўпроқ муддатдан бери бола асраб олаётган ушбу қаҳрамон ўзининг уйидаги болаларга яхши ва хавфсиз муҳит яратиб беради. Муҳаммад асралган болалар билан бирга ўзининг ўғлини ҳам парвариш қилади. Унинг ўғли ҳам иккита туғма касаллик билан дунёга келган.

2017 йилда Муҳаммад Базек рак касаллиги билан ташхисланди. Ўша пайтда унинг ўзи ҳам жуда қўрққанди.

“Ўша пайтда менинг ёнимда оилам йўқ эди ва жуда қўрққандим. Ҳеч кимсиз қолган болалар нимани ҳис қилсалар, мен ҳам шундай туйғуларни бошимдан ўтказдим. Улар ёлғиз. Мен 62 ёшдаман ва шунга қарамай жуда қўрққанман. Энди ёлғиз қолган болалар нимани туюшларини бир ўйлаб кўрингчи” дея 2017 йилдаги воқеаларни эсга олади Муҳаммад.

Маргарет Котц исмли аёл мазкур фидойи инсоннинг олиб бораётган фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия акциясини бошлаганди. 100 минг доллар йиғишни мақсад қилган ушбу хайрияга ҳозиргача 70 минг доллар йиғилган. Ушбу хайрияга бутун дунёдаги одамлар ҳисса қўшишган.

“Муҳими шундаки, сиз уларни худди ўзингизнинг болаларингиздек севишингиз шарт” дея Муҳаммад Базекнинг сўзларини келтиради Маргарет Котц.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг