Долзраб: Ўзбекистонда илк мартта кенг кўламли Антикоррупция ҳафталиги ўтказилади

0
1673
Фото: thevideoink.com

Коррупция – давлатлар  ривожланишига тўсиқ бўладиган, жамиятда қонун устуворлиги ва адолат қарор топишига тўсқинлик қилувчи салбий иллат. Коррупция маълум бир миллат ёки давлатга хос  эмас, у инсоният қаршисида турган глобал муаммо ҳисобланади. БМТ томонидан 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни, деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас.

Сўнгги йилларда юртимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди, ушбу йўналишда жиддий қадамлар ташланди. Хусусан, Ўзбекистонда илк бор коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини юритувчи янги ва мустақил тузилма Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунини юртимизда кенг нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар билан биргаликда ноябрь–декабрь ойлари давомида Антикоррупция ҳафталиги ўтказилади.

Маълумки, мамлакатимизнинг аксар давлат ташкилотлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида ҳам жамоатчилик кенгаши ташкил этилаяпти. Эътиборли томони шундаки, юртимизда илк бор давлат ташкилотлари ҳузурида ташкил этилаётган Жамоатчилик кенгаши очиқ танлов асосида амалга оширилаяпти. Коррупцияга қарши курашда ўз таклиф ва мулоҳазаларига эга фуқаролар танловда иштирок этишлари мумкин. Шунингдек, танловга сиёсий партиялар, ННТлари, ОАВ вакиллари ҳам ўз номзодларини тавсия этишлари мумкин.  Танлов 15 ноябрга қадар давом этади. Ноябрь ойи сўнгигача сараланган номзодлар орасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилади ва унинг илк мажлиси бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Ҳафталик доирасида бугунги кунда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маҳаллий ва халқаро экспертларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, шунингдек, истиқболдаги долзарб вазифалар ва тенденцияларни муҳокама қилишга қаратилган халқаро ва минтақавий анжуманлар ташкил этилади.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишни тарғиб этиш, аҳолида коррупцияга қарши  дунёқарашни шакллантириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармалари ҳамкорлигида “Коррупцияни биргаликда енгамиз!” республика танлови ўтказилади. Танлов 30 ноябрга қадар давом этади. Танлов қуйидаги асосий ва махсус номинациялардан иборат.

Асосий номинациялар:

– «Энг яхши ижтимоий видеоролик»;

– «Энг яхши журналистик суриштирув»;

– «Энг яхши тасвирий асар ва график дизайн» (тасвирий санъат асари, карикатура, иллюстрация, плакат, баннер, комикс);

– «Энг яхши иншо»;

Махсус номинациялар:

– «Ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги учун» (блогер, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ, саҳифа, каналлар);

– «Энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти»;

– «Коррупцияга қарши энг фаол тарғибот олиб борган ОАВ»;

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг