Коронавирус ва унинг оқибатлари ҳакида айрим мулоҳазалар

0
2468
Фото: pixabay

Яқин кунларгача кўпчиликка оддий ҳангомадай туюлган коронавирус инфекцияси бугун Ўзбекистонга кириб келганлиги расман эълон қилинди. Бу хабарнинг эълон қилиниши эса жамиятимизда ваҳима ва саросимани кучайтириб юборди. Шунинг учун ушбу мақолани тайёрладим ва уни Фейсбук орқали эълон қилишни лозим топдим.

Хабарингиз бор, Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус “COVID-19” номи билан пандемик касалликлар таркибига киритилди ва кейинги кунларда айнан шу атама тинмай матбуотда айланаяпти. Хўш пандеми́я ўзи нима?

Пандемия – юнон тилидаги “пан”(ҳамма) ва “демос”(халқ) сўзларининг бирикувидан ясалган тиббий атама бўлиб, мазмунан бутун дунёга ёхуд бутун инсониятга хавф солувчи касалликларнинг умумий номидир.

Пандемия касалликлари таркибига қўйидаги касалликлар киради: қора чечак, ўлат, вабо, терлама, грипп, сил, безгак, мохов, ОИТС ва коронавирус..

Энди ўзингиз хулоса қилаверинг, нима билан юзлашиб турибмиз?!

Мен масаланинг тиббий жиҳатларига тўхталмоқчи эмасман. Чунки бу борада мутахассис эмасман. Мен ижтимоий соҳа мутахассиси сифатида масаланинг ижтимоий, сиёсий ва фалсафий жиҳатларига тўхталиб ўтаман.

Тарихга назар…

Инсоният бор экан, пандемия ҳам бор. Энг дастлабки оммавий ўлим келтириб чиқарувчи касалликлар милоддан 3800 йиллар олдинги археологик манбаларда ҳам сақланиб қолган. Муқаддас китоблар: Таврот, Инжил ва Қуръони каримда бу каби инсониятга қирон келтирувчи касалликлар ва улардан сақланиш ҳақида хабарлар келтирилган.

Пандемия ҳар тарқалганида юз минглаб гоҳида эса миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган. VI асрда Мисрда тарқалган вабо юз миллион, XIV асрда Хитойда тарқалиб Европага тарқалган вабо эса 34 миллион одамнинг ёстиғини қуритган. Хаттоки бир мунча тиббиёт ривожланган ХХ асрда ҳам юз миллионлаб одамлар пандемия қурбони бўлган.

Сабаблар ва оқибатлар

Ҳар не келса ўзингдан, дейишади. Расуллулоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси бир қавмда фаҳш кенг тарқалиб, очиқча қилсалар, уларда вабо ва ота-боболари кўрмаган касалликлар тарқалади”деган ҳадис сақланиб қолган (Ибн Можа ривояти). Бугунги кунда ўзимиз яшаётган жамиятга бир назар ташлайлик: Ҳамма ўз жони, ўз фойдасини кўзлайди. Ҳамма ёқда ўрмон қонуни: ҳамма бир-бирини талашга, ўмаришга тайёр. Қимор, фаҳш, порахўрлик, ичкиликбозлик, зўровонлик авжида. Шоирлар маддоҳ, амалдорлар суллоҳ, олимлар беамал. Демак, сабаблар етарли. Оқибат эса шунга яраша бўлади.

Бир эсланг. 1893 йилда Бухорода вабо тарқалди. Ақлли одамлар вабодан сақланиш сабр қилса, айрим нодонлар вабонинг келишида хонни айблашга ўтган. Ваҳоланки, имом Бухорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан келтирган ҳадисда қўйидагича ўқитлар бор эди:

“Аслида у Аллоҳ хоҳлаганларига юборадиган азоб бўлган. Бас, Аллоҳ уни мўминларга раҳмат қилди. Бас, қай бир банда вабо воқеъ бўлганда ўз юртида сабр қилиб, Аллоҳ унинг пешонасига битганидан бошқа нарса бўлмаслигига ишониб турса, албатта, унга шаҳиднинг ажри мислидек ажр бўлур.»

Афсуски, Бухорийнинг аждодлари буни билмасди. Унутиб қўйган эди. Ўша пайтларда Бухорода вабо таҳликаси шунчаликка етдики, маҳаллалардан чиқаётган ўликлар кўплигидан муллалар жаноза ўқишдан қочиб қолди. Худди урушдаги каби нечта маййит бўлса барини бир жойга тўплаб, ҳаммасига битта жаноза билан кифояланишга ўтдилар.

Ҳар бир воқелик оқибатни келтиради. Аслида ҳар келган балонинг оқибати инсонларнинг ўзларини қайдай тутишлари билан боғлиқдир. Агар саросима ва ваҳима кўтарилса, жамиятда тартиб йўқолади.

Тартибсизлик тизимни бузади. Ўшанда Бухорода маҳаллий аҳоли таҳликага тушиб, балонинг келишида хонни ва у таслим бўлган Чор Россиясини айблаб ётганда, руслар ва яҳудийлар фожиага маҳаллий аҳолининг антисанитария ҳолатида яшашини сабаб қилиб, шаҳарни тарк эта бошлаганлар.

Зарурат ва тасодиф.

Бугун ТВда бажарилиши энг зарур бўлган ишлар ва чора-тадбирлар эълон қилинди. Ҳаммага керакли йўриқномалар бериш бошланди. Демак, пандемияга қарши кураш учун зарурат туғилди. Ҳукумат ўз ишини бажаришга тушди. Ўз ўрнида аҳоли орасида янги ва ишонарли хабарлар, олиш учун ҳам зарурат кучайди. Аммо ҳеч кимса тасодифлардан сақлана олмайди. Сизга юқиши мумкин бўлган вирус аслида юз фоизлик тасодифлар ҳосиласи бўлиши мумкин. Шунинг учун берилган йўриқномаларга тўла амал қилиш керак. Унда камчилик бўлса, холатни тўғри тушуниш ўрнига, бировни айблаш ёки ортиқча ваҳимани кучайтиришга уриниш керак эмас. Ёки Хитойга қараб айблов тошларини отиш ҳам тўғри бўлмайди. Некбин(оптимист) бўлайлик, худбин эмас.

Қассобга мой қайғу…

Пандемия тарқалганда кузатилган тажрибалар шуни кўрсатадики, бундай ҳолатларда аксарият одамлар ўзларининг ва яқинларининг жонларини сақлашга уринишади. Аммо бу орада одамларнинг эҳтиёжлари ва таҳликаларидан фойдаланиб бойиб олишни истовчи “қассоб”лар ҳам пайдо бўлади. Бундай “бизнесмен”лар ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Ниқоблар нархини ошираётганлар ҳам шулар жумласидан.

Аммо уларнинг ўзлари ҳам шу кемада. Агар улар келаётган балонинг мазмунини тушуниб етмаса, уларни қайтариб бўлмайди. 1893 йилда Бухорода вабо тарқалганда ҳам, ҳамма жон қайғусида бўлган, энг катта мануфактура эгалари яҳудийлар эса ўз бизнесларини сақлашга уринганлар.

Аммо қадарни кўрингки, кейинчалик ҳамма бойлар, амалдорлар, хонлар қатори улар ҳам бутун молу дунёсидан айрилди. Элнинг, айниқса мазлумларнинг қарғиши ерда қолмайди. Ҳар битта қиммат нархда ниқоб сотиб олаётган киши молига зулм қилинга мазлумдир. Шунинг учун “маскасотарлар”га таҳдид қилиш эмас, ачиниш керак, холос..

Иқтисод.

Пандемия ижтимоий ҳодиса ўлароқ жамиятнинг ҳамма бўғинларига шикаст етказади. Бунда энг кўп зарар иқтисодга бориб тақалади. Чунки, карантинлар, турли чекловлар ва таҳликалар дастлаб моддий ҳаётни издан чиқаради. Инфраструктурага жиддий зарар етади. Ишлаб чиқарувчи ва сотувчи, сотувчи ва харидор муносабатларида шаклланган кўникмалар ва меъёрлар бузилади. Дифицитлар ҳам кузатилади. Халқаро иқтисодий алоқалар, туризм ва транспорт логистикаси беқарор холатга келади. Аммо ҳукумат вазиятга иқтисодни тўғри мослаштирса, ҳаммаси ўз изнига тушади. Энг асосийси тизимнинг сақланиши билан боғлиқ.

Жамият ва аҳлоқ.

Жамият учун чин ахлоқ дарслари бошланади. Кўпчилик ўз ўтган умрига қайта назар ташлашга мажбур бўлади. Аслида бунда ҳолатлар виждон ва иймон имтиҳонига айланади. Ҳеч ким ўз қадарини ўзи белгилай олмаслигини кўпчилик англаб етади. Бугунги тарқалаётган пандемия ўтган асрлардаги каби бўлмайди. Чунки, медицина ривожланган ва ҳукумат ҳар бир ҳодисадан огоҳ турибди. Асосийси касалнинг давоси бор.

Давлат ҳам ўз бошқарув тизимини тўғри йўлга қўйган. Давлат, нодавлат ва бошқа ташкилотларнинг ҳаммаси ягона тизимга бириктирилган. Ўтган асрларда бундай ҳолатларда таҳликалар кўпайишига вертикал ахборот узатишнинг бир ёқламалиги ҳам сабаб бўлган. Аммо ҳозир ахборот узатишнинг интерфаол ривожланган даврида яшаяпмиз. Шунинг учун айтиш мумкинки, аҳоли ҳукуматга тўлиқ ишонса бўлади.

Энг асосий шарт.

Таҳлика шароитида беқарорлик ва бошбошдоқликнинг келиб чиқиши жамиятга энг кўп зарар келтиради. Шунинг учун бундай ҳолатларда ўз бошимчаликка йўл қўймаслик, ҳар ким ўз раҳбарига бўйсуниши лозим. Халқ бошига келган барча балоларни шу пайтгача ҳам аслида сабр, босиқлик ва бирлик билан енгиб келган. Шундай экан, одамлар мулоҳазали, нуктадон, бир-бирларига меҳрибон ва огоҳлантирувчи бўлиши талаб этилади.

Юртдошлар илтимос, ҳар доим огоҳ бўлинг! Телеведенияда, интернетда, СМСлар орқали келаётган йўриқномаларга амал қилинг. Уларни эшитганганда ҳазил билманг, жиддийроқ қаранг. Чунки коронавирус кўринмас. Биз уни кўролмаймиз. Аммо бизда Аллоҳ берган ақл бор. Унга таянишимиз керак. Уйда, ишхонада, транспортда, оммавий жойларда санитария қоидаларига риоя қилишга ҳаракат қилинг. Ибодат ва дуони унутманг!

Ҳар бир ҳодисанинг ўз моҳияти бор. Ҳар бир ишнинг эса ўз ҳикмати бор. Балки Аллоҳ бу ташвиш ортидан бизга яна бир ҳикмат жўнатгандир. Бу ёғи Аллоҳга ҳавола.

Анвар Бўронов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг