Дард устига чипқон: Урушлар ва вирус исканжасида қолган Яманга чигиртка балоси келди

0
1871
Фото: AFP

Ҳозирда урушлар давом этаётган ва вирус билан курашаётган Яманга чигиртка балоси ҳам хавф сола бошлади. Чигиртка тўдалари Яманнинг марказий, жанубий ва шарқий ҳудудларидаги экин майдонларини вайрон қилиб, мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келишининг хавфини оширмоқда.

Мариб, Ҳадрамоут, Маҳра ва Абян провинцияларида яшовчи фермерларнинг айтишича, миллионлаб чигирткалар экин майдонлари, шаҳарлар ва қишлоқларга етиб боришган ҳамда хурмо каби мавсумий экинларни еб битиришмоқда.

“Чигирткалар худди ўзи дуч келган барча нарсани яксон қилувчи бўронга ўхшайди” дейди Ҳадрамоут Саҳ провинциясининг қишлоқ хўжалиги расмийларидан бири Ҳуссайн Бин Ал-Шайх Абу Бакр.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва расмлардан маълум бўлишича, улкан чигиртка тўдалари Марибдаги лимон фермаларини, Ҳадрамоутдаги хурмо ва бедапояларни вайрон қилган ҳамда шаҳарларни босиб кетган.

“Чигирткалар барча турдаги яшил дарахтларни еб тугатишди. Бундан кўрилган зарар жуда катта. Ушбу чигиртка тўдалари яна тухум қўйишган ва улар 10 кунда очиб чиқиши кутилмоқда. Шунинг учун биз чигиртка босқинининг иккинчи тўлқинига тайёрланяпмиз” дея қўшимча қилган Абу Бакр.

Яманда ўтган икки ой ичида кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари рўй берди. Бу эса чигирткаларнинг кўпайишига ажойиб шароит яратди.

Яманда чигирткалар келишидан олдин ҳам очарчилик бўлиш хавфи борлиги ҳақида айтилганди. Жаҳон озиқ-овқат дастури 10 июль куни Ямандаги аҳолини таъминлаш учун зудлик билан маблағ кераклигини, акс ҳолда бу мамлакат аҳолиси очарчиликка дуч келишини айтганди.

“Ҳозирда Яманда озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекаётган 10 миллион одам мавжуд. Биз айнан шу одамлар учун қайғурмоқдамиз. Уларнинг ҳолатлари урушлар, карантин чекловлари ва коронавируснинг ижтимоий-қтисодий таъсири туфайли ёмонлашиб бормоқда” дейди Жаҳон озиқ-овқат дастури матбуот котиби Элизабет Бирс.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг