Чет давлатга қанча валюта олиб чиқиш мумкин?

0
4418

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, мамлакатимизда доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 минг АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишига рухсат этилади- дея, хабар беради ЎзА.

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизматининг маълумотига кўра, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида “Тошкент – Олмаота” рейси бўйича парвозга шайланган қўшни давлат фуқароси М.М.га тегишли сумка белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, унда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 4 минг 924 АҚШ доллари яширилгани маълум бўлди. Шу рейснинг яна бир йўловчиси, қўшни давлат фуқароси Р.Н. ҳам 5 минг АҚШ долларини сумкасига яширганча, божхона назоратидан четлаб олиб чиқишга уринган пайтида тўхтатиб қолинди. 

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Навоий” чегара божхона пости орқали республикамиздан чиқиб кетаётган фуқаро Й.С. чўнтагидаги 12 минг 400 АҚШ долларини йўловчи божхона декларацияси ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб чиқмоқчи бўлган. Унинг ҳамроҳи М.Э ҳам 10 минг АҚШ долларини чўнтаги ва сумкасига жойлаганча ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлганда тўхтатиб қолинди. 

Худди шундай ҳолат “Ойбек” чегара божхона постида ҳам фош этилди. Мазкур пост орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган чет эл фуқароси Л.М. йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 140 минг Россия рублини олиб чиқиб кетаётган пайтида тўхтатиб қолинди. 

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттмоқда. 


Даврон Суннатов, ЎзА 
 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг