“Kiki-challenge“ хақида мулоҳаза

0
4328

“Kiki-challenge“ «эпидемияси» юртимизга ҳам ёпирилиб кирди”- сарлавҳаси остида ЎзАда Барно Мелиқулованинг мақоласи эълон қилинди. Хусусан мақолада қуйидагилар хақида  мулоҳаза юритилади. 

Кўча-кўйда чиройли, ярашган кийим кийганни кўрсак ҳавас қиламиз. Кинолардаги қаҳрамонлар, таниқли санъаткорларнинг кийиниши, хатти-ҳаракатларига тақлид қилишни айтмаса ҳам бўлади. Бу инсонга хос одат. Ҳатто фарзандларимиз болалигиданоқ ота-онасига ўхшашга интилади, тақлид қилади.

Аммо ақли жойида, воқеа-ҳодисаларни тўғри англай оладиган инсонлар ҳам айни касалликка чалинганига нима дейсиз? Ўзини бироз эҳтиёт қилса бўларди? Шунда бу юқумли касаллик унинг онгига кириб олмасмиди? Бунда ҳам бир чегара, меъёр бўлиши керак эмасми?

“Kiki-challenge“ эпидемияси“ бизнинг юртимизга ҳам ёпирилиб кирди. Бу таниқли санъаткорлар томонидан оммалаштирилмоқда. Ижтимоий тармоқларда ўзини кўз-кўз қилиш, атрофдагилар эътиборини тортиш, диққат марказида бўлиш “касаллиги” жуда авж олаётгани маълум. Аммо бу одоб-ахлоқ чегарасини босиб ўтиш ёки миллий менталитетимизга хос бўлмаган хатти-ҳаракатларни бажариш мумкинлигини англатмайди. 

Бу кўнгилхушлик, кайфиятни кўтариш, шунчаки рақсга тушиш эмас. Балки кўр-кўрона кимгадир тақлид қилиш ва маданиятсизликнинг бир кўринишидир. Бунинг ортида ахлоқсизлик бор, деяётганимизнинг сабаби, ушбу қўшиқнинг сўзларига бориб тақалади. Уни қуйидагича таржима қилдик:

Кики мени севасанми? Сен ким билансан? 

Сен мени ҳеч қачон ташлаб кетмайман, деб айтгандинг.

Мен сени хоҳлайман, сен менга кераксан,

Ва мен ҳар доим сен билан кўришишга тайёрман…

Кейинги бандларда бошқасини севиб қолгани, уни қора танли йигитга алмаштираётгани ҳақидаги жумлалар ҳам бор.

Инсон таом танлаётганида унинг сифати, тайёрланиши, сақланиши, фойдаси каби жиҳатларга эътибор қаратади. Аниқроғи онг бу каби маълумотларни “фильтр”дан ўтказади. Аммо маданиятимиз, миллий тафаккуримизга берилаётган озуқани нега сараламай қабул қилаяпмиз? Бугун биз ўйламай босган қадамимиз, эртага келажагимиз, фарзандларимизнинг тақдирига салбий таъсир кўрсатмайдими? Ахлоқсизлик, кўр-кўрона эргашиш, тақлид қилиш каби иллатларнинг авж олишига сабаб бўлмайдими?

Нега атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил этмасдан, бепарво, эътиборсиз бўлаяпмиз?

Ижтимоий тармоқларда ҳам “оммавий маданият”нинг бу кўринишига кимдир ўйламай эргашаётган бўлса, кўпчилик қатъий қораламоқда.

Мавлуда: Маданият қани, уят, ибо қани? Артистларимизнинг аҳволи шу бўлса, бошқалардан нимани кутамиз…

Дилфуза: …ҳамма нарсанинг жойи, вақти, жавоби бор, ўзбекона тарбия, маданиятга умуман тўғри келмайди.

Ўзбекистон ҳудудида энди авж олаётган бу “касаллик“ бошқа давлат ёшу қарисининг онгини аллақачон заҳарлаб бўлди. Бунга қарши таъсир сифатида тасвир олишга ҳам улгуришди.

“Kiki-challenge“ туфайли қанча одам ғилдираклар остида қолиб кетаётгани, турли фалокатларга йўлиқаётгани ҳар куни интернетда чиқиб турибди. 

Шунчаки бизни оломон сифатида ҳар йўриққа, исталган мақомга “йўрғалатиш” жуда осонлиги ташвишга солади. Ахир инсон онгли мавжудот-ку. Кўргани, эшитгани, кимнингдир қилиғини кўр-кўрона такрорлаши қанчалик тўғри?

Ғарбликлар “Kiki-challenge“ пандемиясига қарши курашни аллақачон бошлаб юборган. Масалан, испан полицияси расмий сайтида “Ўсмир ёшлар автомобиль воситаларида ушбу флешмобни қўллаши тақиқланади. Автомобиль ўйинчоқ эмас, уни масъулият билан бошқаринг“ деган таъкидлар пайдо бўлди. Боадилья-дель-Монте шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораси ўзининг расмий твиттерига мазкур флешмоб оқибатида вафот этган ёки жароҳатланганлар видеосини жойлаштирган.

Йўл ҳаракати қоидаларини назорат қилувчи яна бир европалик мутахассис телевидение орқали: “Бу мен интернетда кўрган энг аҳмоқона нарсалардан бири. Сиз, “ҳурматли“ касаллик тарқатувчилар, бу хатти-ҳаракатингиз билан, аввало ўзингизни, кейин эса бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйяпсиз“, деди. 

Қармоққа айланаётган ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ўлжа оломон томонидан саралаб ҳам ўтирилмаяпти. Уни тарқатаётганларга “офарин, яшанг, миллатимизга зид иллатларни оммавий ёйишга кўмаклашаётганингиз учун”, демаслигимиз аниқ. Бу маълумотларга зид равишда, кулги асносида тарқатилаётган хабарлар эътиборимни тортди. Қандай ажойиб таъсир усули. Аммо баъзилар бу жараёнга жуда берилиб кетиб, асл мақсадни ҳам унутиб қўяётгандек назаримизда.

Барно Мелиқулова, ЎзА

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг