Буюк Британиялик олимлар коронавирус учун янги дорини синовдан ўтказишни бошладилар

0
2207
Фото: AP

Британиялик олимлар CОVID-19 билан курашиш учун янги препаратни синовдан ўтказишни бошладилар. Улар бу дори оғир аҳволдаги беморларга ёрдам беришига умид қилишмоқда.

Буюк Британиянинг Саутгемптон университети касалхонасида интерферон бета деб номланган протеин синовдан ўтказилмоқда. Инсон организми вирусли касалликка чалинганда айнан шу моддани ишлаб чиқаради.

Интерферон бета кўпинча склерозни даволаш учун ишлатилади. Аммо, бундан олдинги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу модда асма ва ўпкадаги бошқа сурункали касалликларда ҳам ишлатилиши мумкин.

Ушбу тадқиқотга ҳомийлик қилаётган Synairgen компанияси бош ижрочи директори Ричард Марсденнинг сўзларига кўра, вируслар танага кирганда уни дастлаб интерферон бета ҳимоя қилишни бошлайди. Вирус айнан шу моддага ҳужум қилади. CОVID-19 организмда интерферон бета ишлаб чиқаришни тўхтатади. Чунки у иммунитет тизимидан ўзини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу синовларнинг дастлабки натижалари июнь охирида маълум бўлиши кутилмоқда. Аммо, бу дори самарали бўлса ҳам уни барчага етказиб бериш учун йил охиригача вақт ўтиши мумкин.

Маълумот учун, айни дамда АҚШ, Хитой ва бошқа кўплаб давлатлар вирусни даволаш усулларини ишлаб чиқишга шошилмоқдалар. Ҳозирги кунда дунёда юздан ортиқ дори воситалари тадқиқ этилмоқда.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг