АҚШ разведкаси: ”Хитой вирус билан касалланганлар ва қурбонларнинг асл сонини яширган”

0
1856

АҚШ разведкасининг уч нафар аъзоси берган хабарларга кўра, Хитой ўз давлатида коронавирус тарқалишининг кўламини яширган. Яъни, вирусни юқтириб олганлар ва вафот этганларнинг сонини камайтириб кўрсатган.

Ўз исмлари ошкор қилинишини истамаган разведкачилар бу ҳақда тўлиқ маълумот беришни рад этишган. Аммо,  эътиборлиси шуки,  Хитойнинг вирус бўйича тақдим этган маълумотлари тўғри эмас, дея ҳисобланмоқда.

Коронавирус Хитойнинг Хубей провинциясида 2019 йил охирида бошланган. Аммо Жонс Хопкинс университети томонидан тўпланган  маълумотларга кўра,  мамлакатда фақат 82,000 кишида вирус қайд этилган ва 3,300 киши вафот этган. Бу айни пайтда вирус энг кўп тарқалган АҚШга нисбатан анча паст. Қўшма Штатларда ҳозиргача 189,000 дан ортиқ вирус ҳолати аниқланган ва 4,000 дан ортиқ киши унинг қурбонига айланган.

«Қўшма Штатларда коронавирусдан ўлганлар Хитойдагидан кўра кўпроқлиги ёлғон. Ҳеч қандай махфий маълумотларга таянмасак ҳам ҳаммаси очиқ-ойдин кўриниб турибди, -Хитой Коммунистик партияси ўз тузумини ҳимоя қилиш учун коронавирус бўйича статистикада алдаган, ҳозир ҳам алдамоқда ва бундан кейин ҳам алдашда давом этади.» – дейди небраскалик сенатор Бен Сассе.

Хитой вирус бўйича шубҳали маълумотларни бераётган ягона мамлакат эмас. Ғарб расмийлари Эрон, Россия,  Индонезия ва Шимолий Кореянинг хабарларига ҳам ишонишмаяпти. Шунингдек, Саудия Арабистони ва Миср ҳам рақамларни  камайтириб кўрсатаётган бўлиши мумкин.

АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Хитой ва бошқа давлатларни вирус борасидаги статистикада шаффоф бўлишга чақирди.

«Бу маълумотлар вирус билан курашда ва инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга. Мен ҳар бир давлатни даъват қиламан: маълумотларни тўплаш учун бор имкониятингизни ишга солинг. Ушбу маълумотларни улашиш учун қўлингиздан келган барча ишни қилинг. Биз шундай қиляпмиз», деди Помпео сешанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг